Иккинчи жаҳон урушидан кейин Туркия жиддий ва жуда мураккаб геосиёсий танловга рўбарў келди. Германия узил-кесил тор-мор этилган, жаҳон ва Европа синфий-мафкуравий қадриятларга кўра иккита қарама-қарши лагерга бўлиниб кетган бир шароитда, айтиш мумкинки, ниҳоятда муҳим геостратегик маконда жойлашган Туркия энди «бетараф» бўлиб қолиши мумкин эмасди.

Урушнинг ўрталаридан бошлаб, Сталиннинг Туркия билан боғлиқ зиддиятли ва муайян маънода аксилтурк сиёсати Туркиянинг ҳудудий яхлитлигига таҳдид сола бошлагандан кейин Анқарани уруш охирида ўз «евроосиёчилик» доктринасидан воз кечиш, Евроатлантика блокига қўшилишини ва АҚШ билан стратегик муносабатлар ўрнатишини шарт қилиб қўйди.

НАТОга интилиш

Туркиянинг НАТО билан ҳамкорлик қилиши ва бу ташкилотга аъзо бўлишга интилиши ўша вақтда ягона тўғри геосиёсий қарор эди. Бу шу билан боғлиқ эдики, мазкур даврда Туркиянинг геосиёсий хавфсизлигини ишончли равишда таъминлайдиган шунга ўхшаш бошқа тузилма ёки мамлакат бўлмаган. НАТОга аъзо бўлиб кирганидан кейин Туркиянинг геосиёсий мавқеи ҳам, ҳарбий-иқтисодий вазияти ҳам анча яхшиланди. Аввало, турк ҳукумати НАТОнинг баъзи инфраструктураларининг жойлаштирилиши, қўшинларнинг таъминоти, ҳарбий ташувлар ва шу каби таъминот дастурлари доирасида Ғарб мамлакатларидан хусусий ёрдам олишга муваффақ бўлди, бошқа томондан, Туркия Яқин ва Ўрта Шарқда геосиёсий мавқеини мустаҳкамлаш учун АҚШнинг истаги билан яратилиши кўзда тутилган НАТОнинг «Ўрта Шарқ Қўмондонлиги» номли ҳарбий иттифоқида етакчи ўрин тутишга эришди. Мазкур даврда Аднан Мендерес ҳукуматининг бу йўлда кўрсатган фаоллиги АҚШ томонидан жавобсиз қолмади ва АҚШ Давлат Департаменти Туркиянинг 1952 йилда янги ҳарбий пактни яратиш режасига қўшилишини «озод дунёнинг мудофаа системасида стратегик позиция» деб баҳолади. Бу режага кўра, АҚШ СССРнинг жанубий чегараларида жойлашган барча давлатларнинг биргаликдаги мудофаа системасини яратишни кўзда тутган эди. Бу системанинг Бош қароргоҳи Туркияда жойлашиши режалаштирилди. Шу даврда АҚШнинг ҳукмрон доиралари Туркия ва Исроил Яқин Шарқда АҚШ тўла ишониши мумкин бўлган ягона мамлакатлардир, дея қатъий ишонч билдирган эди.

«Мафкуравий ранг»сиз «Евроосиё»

АҚШ ва Евроатлантика блокига қарши курашда СССР ва жаҳон социалистик системасининг 1991 йилда мағлубиятга учраши жаҳон геосиёсий вазиятида муҳим ўзгаришлар содир бўлишига олиб келди. Энди «совуқ уруш» даврининг асосий ўйинчилари ҳам, уларнинг функциялари ҳам ўзгарди. Олдинлари «Ғарб» атамаси билан аталган атлантчилар таркибида ҳам муайян табақалашув юз берди. Шарқий Европа мамлакатларининг НАТОга қабул қилиниши билан унинг таркибида АҚШ, Ғарбий ва Шарқий Европа, айрича Туркиянинг хулқ-атвори ва геосиёсий манфаатларидаги тафовутлар ошкора намоён бўла бошлади. Cобиқ CCCР ҳудуди, советлардан кейинги мамлакатлар ва Туркиянинг ўзи жойлашган Европа ва Осиё қитъалари орасидаги улкан макон энди ҳеч қандай «мафкуравий ранг» берилмаган ҳолда «Евроосиё» деб атала бошланди.

Ўзини СССРнинг вориси деб эълон қилган Россия Федерацияси энди Евроосиё субминтақасида янги геосиёсий вазифа ва мақсадлар (евроосиёчилик) билан ўртага чиқди ва бу минтақада «етакчи давлат»га айланишга даъвогарлик қилиб, ўз геосиёсатини амалга оширишга киришди. Евроосиёнинг йирик ва кучли давлатларидан бири бўлган Туркия мафкуравий қарама-қаршилик тугаганидан, Россия ва олдинги социалистик давлатлар билан ҳамкорлик қилиш борасидаги тақиқлар олиб ташланганидан фойдаланиб, янги шароитда ўз геосиёсий вазиятини яна қайта кўриб чиқа бошлади. Бу даврда турк сиёсатчилари ва геосиёсати намояндаларининг бир гуруҳи «янги дунё тартиботи» деб аталган бир қутбли жаҳон сиёсатида мамлакатнинг ўрни, роли ва статусини белгилашга ҳаракат қилган бир пайтда, бошқа гуруҳи юзага келган қулай вазиятдан фойдаланиб, Туркияни яна аксилсовет фаолияти ва мафкуравий қаршилик давридан олдинги геосиёсий ҳолатига қайтариш, ўз геосиёсий вазиятини қайта кўриб чиқиш, Ғарб ва Россия ўртасида мувозанатлашган позицияни топиш асосида сиёсат юритишга даъват қилдилар, мамлакат фаолиятини евроосиёчилар ва атлантизм тарафдорларининг геосиёсий манфаатларини уйғунлаштириш йўналишида олиб бориш заруриятини асослаб бердилар.

1991 йилдан кейин ўтган давр мобайнида Туркиянинг расмий геосиёсий фаолиятида ҳам, ҳокимият тепасига келган кучларнинг ва ҳокимият учун курашаётган мухолифатнинг баёнотларида ҳам, илмий ва ижтимоий фикр вакилларида ҳам мамлакатнинг келгусидаги геосиёсий фаолиятига ёндашувлар анча ранг-баранг экани кўзга ташланади. Уларнинг баъзилари Туркиянинг Ғарб дунёси билан муносабатларни яхшилаш ва Европага қўшилиш йўлини яна давом эттиришни қатъий туриб талаб қилмоқда, бошқа гуруҳлар бўлса, Туркияга Европа ва Ғарбдан Евроосиё томонга юз ўгириб, Россия, Хитой, Марказий Осиё, Эрон, Ҳиндистон ва бошқа катта давлатлар билан жаҳоннинг янги кучини барпо этишни, интеграция­нинг Европа Иттифоқининг ўрнини босадиган моделини, масалан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти билан алоқаларни ривожлантиришни таклиф этмоқда. Турк жамиятининг анчагина қисмини ташкил қиладиган миллатчи кучлар «Туркиянинг Адриатика денгизидан Хитойга қадар бўлган барча туркий ерларни, туркий-мусулмон халқларни ўз атрофида бирлаштиришини, шу асосда мамлакатни XXI асрнинг дунё кучига айлантиришини» тавсия этяпти.

«Адриатикадан Хитойгача Туркиядир»

Туркиянинг собиқ ташқи ишлар ва собиқ бош вазири Аҳмад Довутўғлининг фикрича, ХХ асрнинг 90-йилларидан то 2000 йилларнинг бошига қадар Туркиянинг, одатда, партиявий манфаатларга суянган коалицион ҳукуматларининг ташқи сиёсат тактикаси ва манёврлари ягона ва узоқ муддатли стратегик ташқи сиёсат концепциясига эмас, балки кўпроқ анъанавий, таваккалдан холи фаолият амалиётига асосланган. Ҳокимият фаолиятида ҳамма нарса, энг аввало, мамлакатнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишига қаратилган эди. Сиёсий доираларнинг аксарияти Туркия эртами, кечми, бу тузилмага аъзо бўлади, дея қатъий ишонч билдирар, айни чоғда «Адриатикадан Хитойгача Туркиядир» шиори остидаги даъводан альтернатива сифатида фойдаланар эдилар.

Кейинги 20 йил ичида Туркия давлат, жумладан ташқи сиёсатида муайян геосиёсий ўзгаришлар кузатилмоқда. Хусусан, АКП (Адолат ва Тараққиёт партияси) ҳокимият тепасига келганидан кейин Туркия жаҳон ва минтақада олдингидан бироз фарқли, анча мустақил гео­сиёсий йўлни ўтказишга ҳаракат қилмоқда, ўз миллий манфаатларини таъминлашга, чет давлатлар, халқаро геосиёсий «актёрлар» билан ўзаро муносабатларини, ўзининг у ёки бу сиёсий мақсадларини аввалги йилларда бўлгани каби «НАТО ва АҚШнинг интизомли ва итоаткор ҳамкори» сифатида эмас, балки янги сифатда – «мус­тақил дунё давлати» мақомида амалга оширишга интилмоқда. Туркиянинг НАТО қоидаларига зид равишда Россиядан С-400 ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталарини сотиб олиши ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлигини ривожлантираётгани бунинг исботидир. Асосида «жаҳон ва минтақа мамлакатлари билан ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги, аксинча, иложи борича кўпроқ интеграциялашиш», «Туркиянинг Европа Иттифоқига эҳтиёжи – унинг Туркияга бўлган эҳтиёжидан катта эмас», «Қаерда бир турк бор бўлса, у ерда Туркиянинг миллий манфаатлари бордир», «Туркиянинг НАТО ва АҚШ билан бирга умумий манфаатлари бўлгани каби бошқа мамлакатлар билан ҳам умумий манфаатлари бордир», «Туркия жаҳон мусулмон халқлари ва давлатларининг ҳимоячисидир» сингари стратегик ёндашувлар турган бу геосиёсий йўлнинг муайян натижалари кўзга ташлана бошлади. Агар бу янги йўл жаҳондаги барча туркларнинг миллий иродасига айланса ҳамда тўғри ва изчил амалга оширилса, у ҳолда Туркияни АҚШни истисно этганда, жаҳоннинг 10 буюк давлати (Англия, Франция, Германия, Япония, Россия, Хитой) қаторига олиб чиқиши мумкин. Умуман, турк геосиёсатида, хусусан, унинг назария марказларида мамлакатнинг ғарбчи геосиёсий йўлини қўллаб-қувватлайдиганлар билан бир қаторда янги евроосиё­чилик йўли тарафдорлари ҳам кўпайиб бормоқда.

Туркия Республикаси Президенти матбуот котиби Иброҳим Калин таъкидлаганидек, «Ғарб билан яқин алоқалар мамлакат ташқи сиё­сатини шарқий уфқларда кенгайишига халақит қилмайди». У «Daily Sabah» нашрига берган интервьюсида Туркия сўнгги 20 йил ичида биринчи марта Ғарб билан ташқи сиёсий алоқалардаги илиқлигини йўқотмай, бошқа минтақадаги ҳамкорлар билан ҳам муносабатларни мустаҳкамлаш ҳақида ўйлаётганини баён қилган эди.

Абдували СОЙИБНАЗАРОВ,

сиёсий шарҳловчи