Инсоният бошидан кечирган уруш ва жангларда душманни маҳв этмоқ учун қўлланиладиган қуроллар қанчалик ривожланган бўлса, жангчиларни турли қуролларнинг зарарларидан ҳимоя қилиш ҳам ривожланиб борди. Масалан, камон, ёй ва найзаларни яратган инсон улардан ўзини ҳимоя қилувчи қалқонларни ҳам ўйлаб топган. Қалқонлар ҳам ўша замон талабига мос равишда тахтадан ясалган.

Кейинчалик эса оддий темирни тешиб ўта оладиган ўточар қуроллар яратилди ва ўз навбатида, мазкур қуроллар етказиши мумкин бўлган зарардан ҳимояланиш учун бронежилетлар ихтиро қилинди. У инсон (асосан тананинг юқори қисми)ни ўқотар ва совуқ қуроллар таъсиридан асраш учун мўлжалланган индивидуал ҳимоя воситаси. У ўқ, тиғли қуроллар зарби ва портловчи ускуналар парчаларини ушлаб қолувчи ўзига хос хусусиятга эга бўлган турли материаллардан тайёрланади.

Аскар ҳаётининг

қадри сабаб

Бугунги кунда бронежилет ҳарбий хизматчи экипировкасининг ажралмас қисми саналади. Лекин ҳар доим ҳам ундай бўлмаган. Узоқ вақт аскарлар жанг майдонларида ўз танасини фақат юпқа мато ва ингичка туникадан иборат мундирлар билан ҳимоя қилган. Замонамизда аскар ҳаётининг қадри бир неча баробар ўсди. Шунинг учун ҳам кўпчилик давлатлар ишончли ва мукаммал бўлган янги турдаги бронежилетларни яратишга киришган. Бундай ишланмаларга жуда катта маблағлар ажратилади.

Бронежилетлар турлича бўлгани сабаб улар синфларга бўлинади. Енгил бронежилетлар танани пистолет ўқлари, пичоқ ва мина парчаларидан ҳимоя қилса, оғирлари Калашников автоматининг ўқини ҳам тўхтатиб қола олади. АК-47 ўқининг тезлиги сониясига 700 метр эканини ҳисобга олсак, бу қанчалик жиддий кўрсаткич эканини англаш қийин эмас. Яширин бронежилетларни кийим остидан кийиш мумкин. Бу махсус хизмат ходимлари ва тансоқчилар учун қулайлик туғдиради. Жанг майдонида бронежилет қай даражада самара беради, деган савол туғилиши мумкин. Бир мисол келтирамиз: АҚШ армияси статистикасига кўра, бронежилетлардан фойдаланиш ҳарбий хизматчилар зарарланишини 60 фоизга камайтирган.

Тахминан XVI асрнинг ўрталарида ўточар қуроллар ривожланиши оқибатида ўша даврдаги зирҳ ҳамда совутлар жангчини етарли даражада ҳимоя қилолмай қолди. Бундан ташқари, Европа оммавий тарзда ёлланма армияга ўта бошлади ва уларни сифатли зирҳлар билан керакли даражада таъминлаш мушкуллик туғдира бошлади. Совутлар фақат сапёр ва оғир кавалерия бўлинмасигагина етарди, холос. Ўқотар қуроллар ва артиллериянинг мукаммаллашиб бориши қўшинга жиддий зарар етказа бошлади. Шунда ҳарбийлар кирас (танани орқа ва олд қисмини ёпиб турувчи металл плита) ҳақида бош қотира бошлади.

Кираснинг пайдо бўлиши XIX-XX асрларга тўғри келади. Масалан, Россиянинг 1905 йилда Францияга 100 мингта кирас буюртма қилгани ҳақида маълумотлар бор. Кираснинг кўплаб турлари Биринчи жаҳон урушида ишлаб чиқилган. Бу борада уруш иштирокчиси бўлган деярли барча давлатлар изланиш олиб борган. Аксарият ҳолларда сапёрлар ва қўққисдан ҳужум уюштирувчи шторм бўлинмалари аскарлари кирасда бўлган. Бир томондан бу восита ўқ ва пичоқ зарбаларидан ҳимоя қилган бўлса, бошқа томондан унинг ҳимоя қилиш хусусияти металлнинг қалинлигига боғлиқ бўлган.

Туб бурилиш

Биринчи жаҳон уруши давом этаётган бир вақтда инглизлар замонавий бронежилетларга ўхшаш «нимадир» яратишди. Уни «Дэйфилд тана зирҳи» деб номлашди. Зирҳ кўкракда алоҳида тўртта плитадан иборат бўлган. У пистолет ўқидан яхши ҳимоя қилиши билан бирга, уни кийиб юришга ҳам қулай эди. Лекин уни ишлаб чиқариш жуда қимматга тушаётган эди. Истовчилар ўз пулига сотиб олиши мумкин бўлган. Ўша давр ишбилармонлари мазкур зирҳлар ортидан катта даромад топишди. Кўп ҳолларда фронтдаги эри, отаси ёки ўғлини ҳимоя қилиш учун оила бутун борини бериб бўлса ҳам «Дэйфилд тана зирҳи»ни сотиб олган.

Бундан ташқари, шлем ва кирасдан иборат «Брюстер тана қалқони» (Brewster Body Shield) ҳимоя воситаси ҳақида айтиб ўтиш жоиз. У жангчи танасини самарали ҳимоя қилган, бироқ оғирлиги 18 килограммни ташкил этган. Бутун дунё мамлакатлари томонидан бронежилет ва кирасни ишлаб чиқиш ишлари Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳам давом этган, бироқ ҳақиқатан енгил, қулай ва ишончли бронежилет яратишнинг уддасидан чиқилмаган.

Замонавий кўринишдаги бронежилетлар 1950-йиллардан кейин яратила бошланди. Уни америкаликлар ихтиро қилишди ва дастлаб Кореядаги жангларда қўллади. Мазкур бронежилетлар бир неча қават қилиб ўралган мустаҳкам мато – капрон ёки нейлондан иборат бўлган.

M-1951 бронежилети кўп миқдорда биринчи марта 31 минг дона ишлаб чиқарилган. У нейлондан тайёрланган ва алюмин қўшимчалар билан кучайтирилиши мумкин бўлган. Бу бронежилетнинг оғирлиги 3,51 килограммни ташкил этган. Унинг яратувчилари ўқни ушлаб қолишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўймаган, лекин бронежилет мина парчаларидан яхши ҳимоя қилган.

АҚШ армиясида бронежилетлар оммавий тарзда Вьетнамдаги жангларда тарқала бошлади. Нейлон толасидан тайёрланган M-1969 бронежилетининг оғирлиги 3,58 килограмм бўлган. Шу билан бирга, америкаликлар самолёт ва вертолётларнинг учувчиларини ҳимояловчи индивидуал ишланмалар устида ҳам бош қотира бошлади. 1970-йилларга келиб АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари учун «Barrier Vest» номли бронежилет яратилди.

Совуқ уруш даврида нафақат янги қуролларни яратиш ва армияни қуроллантириш, балки жангчилар ҳимоясини таъминлаш мақсадида ҳам собиқ Совет Иттифоқида бронежилетлар яратила бошланди. Дастлаб собиқ Совет армиясини 6Б1 бронежилетлари билан 1957 йилда таъминлашга қарор қилинган, бироқ оммавий тарзда ишлаб чиқарилмаган. Уни катта уруш бошлансагина, ишлаб чиқаришга келишиб олинди. Шунинг билан Афғонистондаги уруш ҳаракатлари бошланиши билан собиқ Совет армияси 6Б1 бронежилетлари билан таъминланди. Лекин тоғли ҳудудларда бу бронежилет оғирлик қилди. Шундан сўнг баъзи камчиликлар билан 6Б2 яратилди. 1983 йилдагина ўққа бардош бера оладиган 6Б3Т, 1985 йили универсал – 6Б5 «Улей» бронежилети ишлаб чиқилди. У таркибий қисмларга бўлинган бўлиб, турлича қўллаш орқали ҳимоянинг ҳам ҳар хил даражаларини таъминлаши мумкин бўлган.

Ғарбда эса…

Ғарбда бронежилетларнинг ривожланиш йўли бироз ўзгача кечди. Вьетнамдаги урушда ўқдан эмас, балки портлаш парчаларидан жароҳат олиш­лар сони бир неча баробар ортиб кетган. Шунинг учун америкаликлар ўққа қарши тура оладиган бронежилетларни яратишга шошилишмади. Бунинг устига 1970-йилларнинг ўрталарига келиб саноатда юмшоқ бронежилетлар учун истиқболли мато – кевлар ишлаб чиқарила бошланди. 1980-йилларнинг бошида Америка армиясини таъминлаш учун юмшоқ кевлардан ишланган бронежилетлар – PASGT тайёрланди. Мазкур бронежилетлар америкаликлар учун асосий ҳимоя воситаси сифатида 2006 йилгача хизмат қилган. Афғонистон ва Ироқдаги операциялар портлашдан эмас, балки ўточар қурол ўқларидан ҳам ҳимояланиш заруратини ўртага қўйди. Бу турдаги биринчи бронежилет – RBA АҚШ армияси томонидан 90-йиллар бошида қўлланила бошланди. 1999 йилда Америка аскарлари портлаш парчаларидан ҳимоя қилувчи OTV бронежилетлари билан таъминланди. Қўшимча ҳимоя панеллари ўрнатилса, мазкур бронежилет автомат ўқларига ҳам қарши тура олди. 2007 йилда эса АҚШ армияси яна бир замонавий бронежилет – MTVга эга бўлди. MTV бронежилетлари айни пайтда АҚШ аскарлари учун жорий қилинган экипировка таркибига киритилган.

Замонавий бронежилетларни ишлаб чиқариш учун ўта мустаҳкам бўлган турли материаллардан фойдаланилади. Улар асосан синтетик толалар (баллистик толалар ҳам дейилади), металл (титан, пўлат) ёки керамика (алюмин оксиди, бор карбиди ёки кремний). Замонавий бронежилетлар модулли қурилишга эга, яъни махсус қўшимчалар ёрдамида тананинг у ёки бу жойи ҳимоясини кучайтириши мумкин.

Албатта, аскар ҳаётини ҳимоя қилиш, уни ҳар хил жароҳатлардан асраш бугунги кунда ҳар бир мамлакатнинг асосий мақсадига айланган. Турли тактикалар, манёврлар жангда ғолиб бўлиш учун ишлаб чиқилса, жангда мағлуб бўлмаслик учун аскарларни бронежилет билан таъминлаш талаб этилади.

Мухторбек АБДУЛЛАЕВ,

журналист