Халқимизнинг кўп минг йиллик ўтмишига доир тарихий билимларнинг, улуғ аждодларимиз ҳаёти, маданий ва маънавий меросимиз, боқий қадриятларимиз ҳамда кўҳна тарихимиз кечмиш дафтаридаги ёрқин саҳифаларни авлодларга етказиб беришда музейларнинг ҳиссаси беқиёс. Бугун юртимизда жуда кўп музейлар фаолият юритмоқда. Гарчи улар турли ном ва йўналишларда бўлса-да, барчаси тарихий, моддий ва маънавий ёдгорликларни сақлаш ва тарғиб қилиш орқали ёшларни она заминга садоқат, аждодлар меросига ҳурмат ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялашдек эзгу мақсад учун хизмат қилмоқда.

Қуролли Кучлар давлат музейи ҳам шундай тарбия ўчоқларидан бири. 1965 йилда ташкил этилган бу даргоҳ истиқлол йилларида янгича қиёфа касб этди, янги-янги экспонатлар билан бойиди, захираси шакллантирилди. Шундай изчил ривожланишлар самараси ўлароқ, 2010 йилга келиб бу маънавият масканига давлат музейи мақоми берилди.

Музей экспозициясидан ўрин олган ҳар бир экспонат қадимги ҳарбий тарих, буюк аждодларимиз ҳаёти, ўша давр маданияти, маънавияти, бебаҳо санъат дурдоналари, шунингдек, ҳар қандай тажовузга қақшатқич зарба беришга қодир, мамлакатимиз миллий манфаатлари, давлатимиз суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, халқимизнинг тинч ҳаёти қалқони бўлган Куролли Кучларимизнинг шаклланиш жараёнларидан ҳикоя қилади.

Эътибор бераётган бўлсангиз, бугун Ўзбекистонда улғайиб вояга етаётган ёшларимизнинг ҳар бири ўз ҳаётини, келажагини армия билан уйғун ҳолда кўрмоқда. Улар осуда, хотиржам ва саодатли ҳаётимизнинг қадрига етиб, уни кўз қорачиғидек асрашни мажбурият эмас, балки кўнгилдаги энг тоза ва покиза ният, муқаддас бурч деб билишяпти. Армия ҳақида гап кетганда юраги фахр ва ғурур туйғуларига лиммо-лим бўлиб ҳаяжон ила сўзлайдиган ёшлар билан кўп бора суҳбатлашганман ва бундан чексиз шод бўлганман. Чунки ёшларда юртга дахлдорлик туйғуси шакланяпти. Шунинг учун ҳам шарафли касбни ихтиёр этаётган ўғлонлар сафи йилдан йилга ортяпти. Мен нима учун бу ҳақда гапиряпман? Чунки ёш авлод қалбида муқаддас касбга қизиқишнинг ортишида мактаб, коллеж ва лицейларда ҳарбийлар иштирокида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари билан бир қаторда Қуролли Кучлар давлат музейига тез-тез уюштирилаётган экскурсияларнинг ҳам аҳамияти беқиёс бўлмоқда.

– Музейимизни экскурсия қилиш ёшлар учун ўзига хос анъанага айланган, – дейди биз билан суҳбатда Қуролли Кучлар давлат музейи директори Мусалим Нуриддинов. – Ҳа, бугун келажагимиз эгалари бўлган ёшларга таълим-тарбия бериш жараёнида турли усул ва воситалардан кенг фойдаланилмоқда. Айниқса, ёш авлодда юртимиз тарихи, маданияти, ҳалқимиз маънавияти, урф-одатлари, қад­риятлари ҳақида кенгроқ тушунча ҳосил қилиш ва улар қалбида ватанпарварлик, юртга муҳаббат ҳамда фахр-ифтихор туйғуларини шакллантиришда музейларга уюштирилаётган саёҳатлар муҳим ўрин тутаётгани бизни хурсанд қиляпти. Шундай эзгу саъй-ҳаракат орқали улар Ватаннинг қадрига етишни, унинг бойликларини асраб-авайлашни, урф-одат ва қадриятларнинг замонлар силсиласида йўқолиб кетишига йўл қўймай, келажак авлодларга ҳам етказиш масъулиятини чуқур ҳис қилмоқда. Бу эса жамиятнинг ҳам, давлатнинг ҳам энг катта ютуғидир.

Орангизда кундалик юмушлар билан бўлиб ҳар доим ҳам музейларни саёҳат қилишга вақт ажратолмайдиганлар ҳам талайгина. Ана шундай вақтларда баъзан ўзингиздан хафа бўласиз. Йўқ, хафа бўлишингиз ўринсиз. Унутманг, биз техника асрида яшаяпмиз. Бу асрнинг мўъжизалари, имкониятлари жуда кўп. Агар сиз Қуролли Кучлар давлат музейи бўйлаб саёҳат қилишни истасангиз, бу борада сизга Мудофаа вазирлиги расмий веб-сайти ёрдам беради. Бунинг учун сиз «mudofaa.uz»сайтига кириб, «Қуролли Кучлар давлат музейи» тугмасини боссангиз кифоя. Қарабсизки, музей бўйлаб виртуал саёҳат қилишингиз мумкин. Ҳа, ўзгаришлар, янгиланишлар бўлгани яхши. Чунки ислоҳотлар тараққиётдан далолат беради. Ўйлаймизки, Қуролли Кучлар давлат музейи бундан буён ҳам замон билан ҳамнафас одимлайди.

 

Гулнора МУРОДОВА