«Жуда бой, ниҳоятда чиройли тилимиз бор. Бу тилда ифода этиб бўлмайдиган фикр, туйғу, ҳолат йўқ…

Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?»

Абдулла Қаҳҳор

 

«Давлат тили ҳақида»ги, «Таълим тўғрисида»ги қонунлари, қатор фармон, қарор ва бошқа жуда кўплаб ҳужжатлар ўзбек тили давлат тили эканлигининг ҳуқуқий асосидир.

Хабарингиз бор, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида (25 апрель – 10 май) Адлия вазирлиги томонидан «Ўзбекистон Рес­публикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси катта муҳокамаларга сабаб бўлди.

Адлия вазирлиги томонидан қонун лойиҳаси «Давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, мансабдор шахс­ларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади», деган норма билан тўлдирилиши таклиф этилди.

Ижтимоий тармоқларда катта мунозара-ю баҳсларга сабаб бўлган давлат ҳокимияти ва ташкилотларида давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилмаганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш масаласи аслида мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ кўтарилиши ва бугунги кунда Ўзбекис­тонда яшаётган ҳар бир миллат вакили бунга аллақачон кўниккан бўлиши, ўзи истиқомат қилаётган юртдаги миллатнинг ҳурмати учун ҳам ўзбек тилини худди ўз она тилидек мукаммал билиши керак эди. Ахир шу юртда яшаб, ўқиб, фаолият юритаётган, яратилаётган чексиз шароит ва имкониятлардан фойдаланиб келаётган фуқароларнинг давлат тилини билмасликлари юрт қонунларига нисбатан ҳурматсизлик ёки бепарволик эмасми?

Бу борада буюк адибимиз Ўткир Ҳошимовнинг: «Бир юртда яшаб туриб, ўша халқ тилини билмаслик: биринчидан – ўша халққа нисбатан ҳурматсизлик, иккинчидан – ўша халқдан ўзини устун қўйиш, учинчидан – ғирт нодонликдир!» деган сўзларини эслаб ўтиш ўринли бўларди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тили экани, «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг 9-моддасида эса давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилади ва заруриятга қараб бошқа тилларга таржима қилинади, деб белгилаб қўйилганига қарамасдан, айни кунларда баъзи давлат ҳокимияти ва идораларида иш юритиш давлат тилида эмас, балки бошқа тилларда олиб бориляпти. Бу, ўз навбатида, давлат тилига бўлган ҳурмат ва эътиборнинг, унинг нуфузи ва обрўсининг пасайишига ҳамда уни қадрсизлантиришга қаратилган интилиш ёки сабаб эмасмикан?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддаси «Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш» деб номланган бўлса-да, ушбу модда давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик билан боғлиқ муносабатларни қамраб олмаган ҳамда миллий қонунчилигимизда бу тартиб ва қоидаларга амал қилмаганлик учун мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш масаласи белгиланмаган.

Бу ҳол айрим давлат идораларида давлат тили тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилмаслигига ва иш юритиш давлат тилида амалга оширилмаслигига олиб келмоқда.

Муҳокамалар жараёнида жамоатчиликнинг маълум бир қисми ва айрим тоифадаги шахслар лойиҳа мазмун-моҳия­тини тўлиқ англамай ё бошқа сабабдан Ўзбекистоннинг кўп миллатли мамлакат эканлигини айтиб, лойиҳани тотувлик ва толерантлик (бағрикенг­лик) тамойилига зидликда айблашди.

Аввало, бир жиҳатга эътибор қаратайлик, янги қонун лойиҳаси қайсидир тилни тақиқлаш эмас, балки давлат тилини ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган. Қолаверса, ўзбек тилининг давлат тили сифатида мустаҳкамланиши бошқа тиллар камситилишини англатмайди.

Мустақил ўрганиш ва таҳлил натижаларига асосланиб айта оламанки, лойиҳа матнидаги меъёрлар фақат давлат ташкилоти ва идораларига, жаримани қўллаш эса ташкилотнинг мансабдор шахсларига нисбатан қаратилмоқда. Шахс ёки оддий халқ тўғрисида лойиҳада бир оғиз ҳам гап йўқ, яъни Ўзбекистон фуқаролари ўзлари истаган тилларида гаплашишлари, исталган тилида давлат идораларига мурожаат йўллашлари, хоҳлаган тилида бошқа шахслар билан мулоқот қилишлари мумкин. Бу уларнинг тўлиқ конституция­вий ҳуқуқлари бўлиб, бунга ҳеч қандай тўсиқ ёки жарималар қўлланмайди.

Бундан ташқари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида ишлаётган бошқа миллатдаги ва бошқа тилда сўзлашувчи ходимларга ҳам қонун ло­йиҳасига киритилаётган бу қўшимчалар тааллуқли эмас. Улар истаганча ўзига маъқул тилда сўзлашаверадилар, ўз фаолиятларини олиб бораверадилар.

Шу билан бирга, лойиҳа матнида давлат ташкилотларининг расмий ҳужжатлари бошқа тилларда бўлишига ҳам тўсқинликлар йўқ. Мисол учун, битта ташкилот ҳам ўзбек, ҳам рус тилида ҳужжат тайёрлади. Бунга ҳеч қандай қаршилик­лар белгиланмайди. Аммо мабодо ўша ташкилот қарорларини фақат рус тилида қабул қилса-ю, унинг ўзбек тилидаги таржимаси бўлмаса, ана шундагина жарима келиб чиқиши мумкин.

У ёки бу ташкилот Ўзбекистон Респуб­ликаси ҳудудида фаолият олиб бормоқдами, демак, у Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган тартиб ва қоидаларга қатъий риоя қилиши зарур. Кимлардир таъкидлаётганидек, тор ихтисосликка эга бўлган ўта малакали, тажрибали мутахассис, давлат идораси раҳбари ўз фикрини давлат тилида баён қила олмаяптими, ундай бўлса, унинг у фикрлай оладиган тилда фикрлаши, фикрларини ёзишига ҳеч ким тўсқинлик қилмаяпти, шунчаки уни оммага кўрсатишда ёки бошқа бирор ташкилотга юборишда давлат тили қоидаларига риоя қилиши талаб этилмоқда. Бошқа ҳеч қандай ортиқча ёки асоссиз талаб қўйилаётгани йўқ.

Хўш, Ўзбекистон ҳудудида давлат органлари томонидан иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилмаганлик учун мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш масаласи энди-энди таклиф этилаётган экан, бошқа мамлакатларнинг давлат тилида иш юритиш тартибини ва уни бузганлик учун қай тарзда жавобгарликка тортиш нормалари белгиланган?

Қуйида соҳа мутахассислари томонидан тайёрланган айрим мамлакатларнинг бу йўналишдаги тажрибаларини кўриб чиқамиз:

Россия. Россия Федерациясининг 2005 йилдаги «Давлат тили тўғрисида»ги Федерал Қонуни 3-моддасига кўра мулк­чилик шаклидан қатъи назар Россия ҳудудида фаолият юритувчи ҳар қандай ташкилот давлат тили (рус тили)да иш юритиши, ташкилотни номлашда ҳам рус тилидан фойдаланиши белгилаб қўйилган. Россияда 200 га яқин миллат ва элатлар истиқомат қилади. Қонун талабларига риоя этмаслик тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.

Озарбайжон. Озарбайжон Рес­публикаси томонидан 2002 йилда қабул қилинган «Давлат тили тўғрисида»ги Қонуннинг 1.4-бандига кўра давлат тилида иш юритиш озарбайжон тилида олиб борилади. Қонун талабларига риоя қилмаслик тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.

Украина. 2019 йилдан бошлаб Украина Республикасида расмий иш юритишда давлат тилидан фойдаланмаганлик ва ушбу соҳадаги қонунчиликка риоя этмаганлик учун 3 400 гривендан 5 100 гривенгача (110 – 170 евро) жарима солинади.

Германия. «Маъмурий амалиётлар тўғрисида»ги Қонунга кўра Германияда расмий тил сифатида немис тили белгиланган. Агар масъул идорага мурожаат немис тилидан бошқа тилда қилинса, идора дарҳол унинг немис тилига таржимасини талаб қилиши керак. Немис тилидан бошқа тилда мурожаатлар кўриб чиқилмайди.

Франция. Конституцияда фақат француз тили давлат тили деб белгиланган. Тубон қонунига кўра, давлат ташкилотлари томонидан иш юритиш истисносиз француз тилида олиб борилади, терминларнинг французча муқобили турганда, инглизчаси ёки бошқа тилдагидан фойдаланиш тақиқланади. Франция аҳолисининг 51 фоизи француз тилидан бошқа тилда гаплашади. Тубон қонунини бузиш жисмоний шахсга 700 евро, юридик шахсга 3 750 евро жарима солинишига сабаб бўлади. Ҳатто бошқа тилда пешлавҳаси ёки ёрлиғи ёзилган мулк мусодара қилиниши ҳам мумкин. 2006 йилда худди шу қонунни бузгани учун Американинг «Gems» компанияси 600 000 евро жарима тўлаган.

Туркия. Мамлакатда барча хизмат ҳужжатлари, ёзув ва ҳисоб-китоблар ҳеч қандай истисноларсиз турк тилида олиб борилиши талаб этилади. Ушбу талабга риоя қилмаганлик мансабдор шахсларнинг маъмурий жаримага тортилишига сабаб бўлади. Турк юридик шахслари ўртасида тузилган турк тилида бўлмаган шартномалар бекор қилинади.

Қатар. Қатарда 2009 йилда қабул қилинган янги қонунга кўра, барча давлат органларида ҳужжатлар мажбурий равишда араб тилида тайёрланади. Қонун талабларига амал қилмаганлик учун 50 000 Қатар риали (14 000 АҚШ доллари) миқдорида жарима белгиланган.

Бизларда-чи? Бундан ўттиз бир йил муқаддам, яъни 1989 йилда республикамизда «Давлат тили тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган бўлса-да, унинг тартиб-қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик ва уни амалга ошириш механизмлари аниқ ишлаб чиқилмаган. Ушбу ҳужжат ҳақида гап кетганда, кўпчилигимиз юзлаб қонунларнинг шунчаки, биттасидай тасаввур қилишимиз ҳам афсуски, ҳақиқат.

Тилнинг яшаб қолиши, наслдан-насл­га, авлоддан-авлодга етказиш масаласида юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро ўзбек тилини ҳурмат ва ҳимоя қилиши керак. Жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси, ҳар қандай мутахассис, замон билан ҳамқадам, ҳар қандай кадр, энг аввало, ўз она тилини эъзозламоғи лозим.

Қадим-қадим замонлардан бери ҳар бир миллат, ҳар бир қавм ўз тилига буюк ҳурмат билан қарайди. Зотан, тил миллат деган бирликнинг асоси, миллий маънавияти, маърифати ва маданиятидир. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетак­рор жозибаси билан сингади. Она тили бу миллатнинг руҳидир. Ўз тилини йўқотган ҳар қандай миллат ўзлигидан жудо бўлиши муқаррар. Демакки, миллатнинг борлиги ва бирлигининг бош белгиси тилдир.

Шу маънода ўзбек тили юртимизда мулоқот тили бўлиши лозим. Ўзбек тили ўзбекистонлик ҳар бир инсонни руҳан боғловчи кўприкка айланиши учун нима зарур бўлса, давлатимиз ҳам, халқимиз ҳам ҳамма чораларни кўриши керак, деб ўйлайман. Бунинг учун молиявий сармоя ва бошқа ресурсларни аямаслик лозим. Шак-шубҳа йўқки, бу йўлда ўзбекнинг ҳар бир зиёлиси ва миллат фидойиси ҳар қандай эзгу ишга тайёр.

Демак, Адлия вазирлиги томонидан таклиф этилаётган қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш юритишнинг тўлиқ равишда давлат тилида амалга оширилишига, ушбу соҳада мансабдор шахсларнинг масъулияти ошишига, қолаверса, давлат тилининг ривож­ланиши ҳамда унга бўлган эътибору эъзознинг ортишига сабаб бўлади.

Қаҳрамон КАМОЛОВ,

Мудофаа саноати бўйича давлат

қўмитаси раисининг маслаҳатчиси