Жанговар ҳаракатлар вақтида турли ҳайвонлар ва қушлардан фойдаланиш анъанаси узоқ ўтмишга бориб тақалади. Инсоният тарихида бўлиб ўтган кўплаб уруш ва қонли тўқнашувларда филлар, отлар, туялар, лочинлар, кабутарлар ва бошқа жонзотлардан кенг фойдаланилгани борасидаги маълумотлар кўплаб тарихий қўлёзмаларда акс этган. Таъкидлаш жоизки, таниқли олим, сув ости миналари ихтирочиси Эммануиль Нобель XIX асрдаёқ дельфинлардан ҳарбий мақсадларда фойдаланишни таклиф этган. Аммо унинг бу ғояси деярли бир асрга унутилган. Кейинчалик бундай амалиёт дастлабки жанговар тюленлар бўлинмаси тузилган Россия империяси даврида илмий асосга эга бўлган.

Биринчи жанговар бўлинма

Биринчи жаҳон уруши йилларида таниқли ҳайвон ўргатувчи Владимир Дуров мамлакат ҳарбий флоти раҳбариятига душманга қарши курашда денгиз ҳайвонларидан фойдаланишни таклиф қилади. Ўша даврда аксарият инсонлар В. Дуровни фақат машҳур цирк ҳайвон ўргатувчилари сулоласига асос солган инсон сифатида билган. Аслида эса у циркдаги фаолиятини бошлашдан анча олдин ҳайвонларни қўлга ўргатиш бўйича амалий машғулотлар услубиятини ишлаб чиққан истеъдодли олим сифатида танилган. Айниқса, унинг жониворларни қўлга ўргатишда гипноз усулидан фойдаланиш бўйича ўтказган тажрибалари илмий ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотган.

1915 йилда Россия ҳарбий флоти бош штаби раҳбарияти В. Дуровга денгиздаги мина тўсиқларини аниқлаш, шунингдек, душманнинг сув усти ва сув ости кемаларига қарши курашда фойдаланиш мақсадида дельфин ва косаткалар билан ишлаб кўришни таклиф қилади. Дуров эса бундай ишга тюленлар кўпроқ мос келишини айтади. Шу билан биргаликда, дрессировкачи уларни портлатувчи эмас, балки миналарни аниқловчи ва улар атрофига сигнал берувчи буй (қалқович белги)ларни жойлаштирувчи сифатида қўллаш тарафдори эканлигини билдиради. Тез орада бу борадаги ишлар бошланиб, синов полигони сифатида Севастополдаги Балаклав кўрфази танланади. Дуров уч ой мобайнида 20 та тюлень билан иш олиб боради. Натижалар эса кутилганидан ҳам ортиқ бўлиб чиқади: тюленлар сув остига яширилган миналарни бехато топиш ва сигнал буйларини жойлаштиришни ўрганади. Аммо ҳарбийлар бу тюленлардан жанговар ҳаракатларда фойдаланишга улгурмайдилар. Чунки «ғайриоддий бўлинма» пайдо бўлганидан хабар топган немис ғаввослари тюленлар фронтга жўнатилишидан бир неча кун олдин тунда махсус рейд уюштириб, барча «денгиз сапёрлари»ни заҳарлаб кетади.

Табиий локатор ёрдамида

Тюленлар ҳарбийларнинг биринчи жанговар ёрдамчисига айланганига қарамай, организмининг ўзига хос тузилиши ва уларни денгизда яшовчи бошқа жониворлардан ажратиб турувчи бир қатор афзалликларга эга бўлган дельфинлардан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш кўпроқ самара бериши маълум бўлди. Бу турдаги сутэмизувчиларни қўлга ўргатиш осонлиги, жанубий денгизлардан тортиб то шимолдаги совуқ денгизларгача бўлган турли шароитларда ҳам бемалол яшай олиши ва энг муҳими, эволюция натижасида дельфинларнинг нафас йўллари олдида линзага ўхшаш «ёғли тугунча» – ўзига хос табиий локаторнинг юзага келгани уларнинг асосий устунлигига айланган. Ушбу ноёб «табиий металл қидиргич» ёрдамида  дельфин ультратовуш тўлқинларини юбориш ва уларнинг қайтишини қайд этиш, шунингдек уч километргача бўлган масофадаги турли предметларни осон топиш имконига эга. Бундан ташқари, дельфин ўз эхолоти ёрдамида муайян предмет ёки тирик жонзотнинг ўлчамлари, зичлиги ва ҳатто ички тузилишини мустақил равишда аниқлашга қодир. Шу билан биргаликда, у ўзининг табиий устунлигидан қурол сифатида ҳам фойдаланиши мумкин: ультратовуш тўлқинларини чиқариш орқали дельфин балиқларни гангитади, акулаларни чўчитиб ҳайдайди, шунингдек жанговар сузувчи ёки қўпорувчиларга ҳалокатли зарба бериши мумкин.

Жиддий рақобат остида

Орадан деярли ярим аср ўтиб, аниқроғи XX асрнинг 60-йилларига келиб, бу йўналишдаги ишлар қайта жонланади ва бу борада америкалик ҳарбийлар сезиларли муваффақиятларга эришадилар. Махсус дастур асосида иш олиб борган ҳарбий денгиз флоти мутахассислари ўргатиш учун энг яхшиларни аниқлаш мақсадида 19 дан ортиқ турдаги денгиз жонзотлари, шу жумладан акулалар ва қушларни синовдан ўтказадилар. Ниҳоят, афалиналар (қора дельфинлар) ва денгиз арслони энг мақбул вариант деб топилади. Юқори даражадаги эхолокация афалиналарга сувости миналарини, сув остида жуда яхши кўриш қобилиятига эгалик эса денгиз арслонига душманнинг сув ости қўпорувчиларини осонлик билан топишда ёрдам беради. АҚШнинг Вьетнамдаги йирик ҳарбий базаси – Камранни қўриқлаш уларнинг биринчи жанговар синовига айланади. 1971-72 йилларда амалга оширилган «Тезкор қидирув» операциясида олтита жанговар дельфин 15 ой мобайнида қўпорувчиларга қарши мудофаа ишларида иштирок этади. Маълумотларга кўра, улар мазкур операция доирасида душманнинг 50 дан ортиқ сув ости разведкачилари ва диверсантларини йўқ қилади. Бу жараёнда дельфинлар қуйидаги алгоритм бўйича ҳаракатланади: қўпорувчини аниқлаган жонивор ўз «мураббийи»га сигнал юборади. «Ҳужум қилиш» буйруғини олганидан сўнг, у олдинга ташланади ва бурнига ўрнатилган махсус игна-шприцни душман танасига тиқади. Шу тарзда сузувчининг танасига асаб тизими фаолиятини ишдан чиқарувчи (шол қилувчи) заҳар ёки ички аъзоларни парчаловчи карбонат ангидрид гази юборилади. Эътиборли жиҳати шундаки, инсон ўлимига олиб келувчи бундай ҳужумлардан сўнг дельфинлар аксарият ҳолатларда кучли руҳий ҳаяжонга тушган ва кейинчалик бундай буйруқларни бажаришдан бош тортган. Бу билан бу турдаги жонзотларнинг инсонларга нисбатан хайрихоҳ муносабатда бўлиши яна ўз исботини топган. Аммо денгиз арслонлари ва тюленлар бунинг акси бўлиб, улар ҳар қандай қотилликни ҳеч бир иккиланишсиз амалга оширишга қодирлиги билан ажралиб турган. Танасига магнитли бомба ўрнатилган денгиз ҳайвонлари сув ости кемаларини излаш ва уларни камикадзе усулида портлатишга ҳам ўргатилган.

Ироқда олиб борилган жанговар ҳаракатлар даврида Умм-Каср портини миналардан тозалашда дельфинлардан фаол фойдаланилган. 2003 йилда бу ерга олиб келинган 9 та дельфин ёрдамида 100 дан ортиқ мина топилган. Ҳатто бу ишда кўрсатган катта хизматлари учун Таффи лақабли дельфинга АҚШ Ҳарбий денгиз кучлари сержанти унвони ҳам берилган.

Асосий рақобатчиларининг бу йўналишда қўлга киритган муваффақиятлари собиқ иттифоқ ҳарбий раҳбариятини ҳам бу ишга жиддий эътибор қаратишга мажбур этади. Натижада, 1967 йилда Севастополь шаҳрида биринчи ҳарбий океанариум ишга туширилади ва у ерга 50 та афалина дельфини олиб келинади. Улар бу ишга жалб этилган бир неча ўнлаб илмий-тадқиқот инс­титутлари мутахассислари томонидан тайёрланган махсус услубият асосида давлатнинг сув чегараларини қўриқлаш, сув ости қўпорувчиларини аниқлаш ва йўқ қилиш, денгиз миналари ва бошқа портловчи предметларни излаш ҳамда уларни радиомаяк ёки буйлар ёрдамида белгилаш, чуқур сув остида ўтказиладиган операцияларда иштирок этиш, денгиз тубидан турли предметларни кўтаришда аквалангчиларга ёрдам кўрсатиш, сув усти ва сув остидаги нишонлар ёки техник иншоотларни портлатиш йўналишлари бўйича ўргатилади.

Афалиналар ўзларининг ажойиб табиий радарлари ёрдамида ҳатто вольер (қафас) ичида бўлганларида ҳам, ярим километргача бўлган масофадаги ҳар қандай сув ости объектини сезишга қодир. Шу тарзда, бирон хавфни сезган дельфин махсус педални босган. Натижада тревога сигнали чалиниб, ҳавога ракета кўтарилган. Дельфиннинг ўзи эса бошқа педални босиб, вольер эшигини очган ва душман томон ҳаракатланиб, унинг ниқоби ҳамда сув ости анжомларини юлиб олган тарзда, уни зарарсизлантирган. Маълумотларга кўра, афалиналар 80% ҳолатларда қўпорувчиларни аниқ топган.

Изтопар жониворлар

Шунингдек, дельфинлар чўкиб кетган жанговар торпедаларни излашга ўргатилган. Шу тарзда Қора денгиз флотида изловчи дельфинлар бўлинмаси пайдо бўлган ва улар қисқа вақт ичида флотга катта фойда келтирган. Зеро, битта ўқув торпедасининг нархи 200 000 совет рублига тенг бўлган, жониворлар эса юзлаб бундай торпедаларни топиб берган. Ҳатто махсус машқлар вақтида дельфинлардан бири 10 йил олдин йўқотилган автоматик мини сув ости кемасини ҳам топишга муваффақ бўлган.

Афалиналар ҳатто сув остида суратга олишни ҳам ўзлаштирган. Улар учун 100 метрдан ортиқ чуқурликларда ишлаш имкониятига эга бўлган махсус фотоаппаратлар яратилган. Дельфинлар объективни объект­га тўғри йўналтириш, ўз жойида тўхташ ва шу заҳоти аппарат затворини ишга туширишга ўргатилган.

Қизиғи шундаки, баъзида фуқаро идоралари ҳам ҳарбийларга ёрдам сўраб мурожаат қилган. Масалан, археологларнинг илтимосига кўра, дельфинлар қадимий кемалар қолдиқларини излаган ва топган, уларнинг ёрдамида қадимги юнон амфоралари (кўзасимон сопол идишлар), қимматбаҳо заргарлик буюмлари  ва бошқа кўплаб қадимий осори-атиқалар сув остидан кўтарилган.

Тинчлик йўлида

Бу йўналишдаги ишлар ҳозирда ҳам қизғин давом этмоқда. Ҳиндистон, Эрон, Исроил ва бошқа бир қатор давлатлар ҳам жанговар дельфинларга катта қизиқиш билдирмоқда. Шу билан биргаликда, Экология ва эволюция институти ходимларининг фикрига кўра, дельфинлардан ҳарбий эмас, балки тинчлик мақсадларида фойдаланиш янада катта самара беради. Мисол учун, улар сув остидан ўтган иншоотлар, шу жумладан газ ва нефть қувурларини текширишда яхши натижалар бериши мумкин. Ўта сезувчан дельфин қувурдаги механик шикастланиш ёки тизиллаб чиқаётган газни сезиш, уларни суратга тушириш, сув остига зарурий асбоб-ускуналарни тушириш учун мўлжалланган тросларни маҳкамлашга қодир. Институт мутахассислари Болтиқ денгизи тубидан ўтган Европа газ қувури ҳолатини назорат қилиш ва унга техник хизмат кўрсатиш имконига эга бўлган дунёдаги биринчи дельфинлар бўлинмасини тайёрлашни таклиф этмоқда. Демакки, улардан тинчлик мақсадида фойдаланиш илм-фанга катта фойда келтириши ва сайёрамиздаги энг ақлли икки биологик турга тўлақонли ҳамкорлик қилиш учун янги имкониятлар яратиб бериши мумкин. Бу эса, ишонинг, урушга қараганда анча мақбул, қизиқарли ва самаралироқдир!

 

Пўлат Сайдивалиев тайёрлади.