Тикувчи аёллар ҳақида сўз кетганда уларга нисбатан «қўли гул чевар», деган таъриф берилади. Бу сўз аёл яратувчанлиги, унинг тикиш борасидаги маҳорати, истеъдодига берилган энг юксак баҳо, энг яхши эътироф, аслида.

Ҳар хил матодан гўзал ва бежирим буюм ва либослар яратаётган тикувчининг чаққон ҳаракатларини кузатганмисиз? Гўё у сизнинг назарингизда эртакдаги сеҳргарга ўхшайди. Чунки оддийгина матолар тикувчининг меҳнати билан чиройли кийим-кечак­ларга, уст-бошларга айланади. Ана шунда матодан гўзаллик яратишга қодир чеварларимизнинг меҳнатига тан берасиз. Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳридаги ҳарбий шаҳарчада ташкил қилинган тикув цехида ҳам ана шундай қўли гул чеварлар ишлайди.

Биз тикув цехида ҳунар ўрганиш билан бирга уни амалиётга тат­биқ қилаётган аёлларни иш устида учратдик. Эътиборли жиҳати, уларнинг барчаси ҳарбий оила бекалари. Аёлларнинг айтишича, улар цехда иш бошлагунга қадар тикиш-бичиш бўйича етарли малакага эга бўлмаган эканлар. Нилуфар Дадажонова ва Матлуба Мўминовадан қисқа вақт мобайнида тикиш сирларини мукаммал ўрганишибди. Бугун бу аёллар тикаётган кийим-кечак­лар, трикотаж буюм­лари, кўрпа-тўшак жилдлари ҳар қандай чет эл маҳсулотидан қолишмайди. Шунинг учун ҳам ташкил қилинганига ҳали кўп вақт бўлмаган цехда тикилаётган кийим-кечакларга талаб кучли, буюртма берувчиларнинг кети узилмайди.

Тикув цехи бош тикувчиси Нилуфар Дадажонова андижонлик. Болалигидан тикувчиликка меҳри тушган Нилуфар мактабнинг юқори синфида ўқиб юрганида маҳалладаги номдор тикувчига шогирд тушади. У жуда зеҳнли қиз эди. Шу сабабли устозидан тикиш-бичишнинг сиру синоатини жуда тез ўзлаштиришга эришди. Устозидан оқ фотиҳа олиб, мустақил фаолият бошлаган ёш тикувчининг тиккан кўйлаклари бирпасда кўпчиликнинг тилига тушади.

– Ўша вақтларда барибир тажрибасиз эдим. Чунки тикилиши ва бичилиши қийин ки­йим-кечакларни тикишни билмасдим-да. Шунинг учун кейинчалик «Машҳура» ўқув марказида малака оширдим, замонавий кийим-кечакларнинг тикилиш услубини, эркаклар уст-бошларини, болалар кийим-кечакларини тикишни мукаммал ўргандим, – дейди у. – Устозим ҳар доим: «Чеварлик ҳам игна билан қудуқ қазишдек гап. Шу боисдан ҳам тикувчи биринчи навбатда сабр-тоқатли, чинакам ижодкор бўлиши, шу билан бирга, гўзалликни тезда илғай олиши ҳам керак бўлади. У либос тикилаётган матонинг сифати, рангига қараб, андоза ола билиши керак. Бунда эса энг аввало, кийим тиктираётган мижознинг ранги рўйи, қадди-қомати ҳам эътибордан четда қолмаслиги зарур. Ана шунда унга қандай бичим мос келишини дарҳол кўз олдингга келтирасан. Ёдингда тутгин, чеварга биринчи баҳо у тиккан чокларга қараб берилади. Шундай экан, ҳеч бир ишни қўл учида қилмагин», дерди. Бу ўгитларга, кўрсатилган йўл-йўриқларга шу кунгача амал қилиб келяпман.

Йиллар ўтди. Нилуфарнинг тажрибаси ошди. У урф бўлган либослар бичимидан мутлақо янги, ўзига хос бичимлар яратишга эришди. Ҳатто, ҳарбий либослар тикишни ўрганди. Вақт ўтиб, у ва шаҳарчанинг яна бир моҳир чевари – Матлуба опанинг қалбида эгаллаган ҳунарларини маҳалладаги бошқа аёлларга, қизларга ҳам ўргатиш истаги пайдо бўлди. Бу ташаббусни маҳалладошлари ҳамда маҳалла фаоллари ҳам қўллаб-қувватлашди, ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан цех учун алоҳида жой ажратилди.

– Айни вақтда тикув цехимизда олти нафар аёлни иш билан таъминлаганмиз, – дейди Матлуба Мўминова. – Яна ўнга яқин аёллар шогирд тушган. Буюртмаларимиз кўп. Ҳатто, баъзида улгуролмай қоламиз. Мен аёлларнинг тикувчиликка қизиқишидан руҳланаман. Уларнинг ҳунарли бўлиши учун оз бўлса-да ҳиссамни қўшаётганимдан кўнглим тоғ қадар юксалади…

Ҳа, тикувчи учун амалиёт катта мактаб вазифасини ўтайди. Яъни тикув машинаси қаршисида қанча кўп ўтирсангиз, шунча маҳоратингиз сайқалланади. Энг асосийси, етук чевар даражасига етишасиз. Таҳсинга сазовор жиҳати, мазкур цехда фаолият юритаётган бекаларимиз амалиёт давомида нафақат аёллар, балки болалар ва эркаклар уст-бошларини тикишни ҳам астойдил ўзлаштиришяпти, билмаганларини ўрганишяпти. Келинг, шу ўринда цехда фаолият юритаётган аёлларнинг фикрларига қулоқ тутсак.

– Олий маълумотлиман. Мутахассислигим дефектолог, – дейди Гулжаҳон Қодирова. – Айни вақтда фарзанд тарбияси билан машғулман. Тикувчиликка қизиқишим баланд. Шунинг учун ишга чиққунимча уйда бўш ўтирмай, бичиш-тикишни ўрганмоқчиман. Бу фикримни турмуш ўртоғим ҳам маъқуллади. Ҳали ўзим мус­тақил кийим тикмадим. Ҳозирча бичишни ўргандим. Ишонасизми, борган сари тикувчиликка меҳрим ортяпти. Тикувчиларни бежиз мўъжиза яратувчилари, дейишмас экан…

– Оилали аёл тикишни билиши керак. Ахир қозонтутқич, пешбанд, ёстиқжилд ва ҳоказоларни тикишни билсангиз, оилавий бюджетингизга ҳам фойда-да, – дейди яна бир суҳбатдошимиз Гулноза Зоилова. – Шаҳарчамизда тикув цехи очилаётганини эшитганимда жуда хурсанд бўлдим. Кейин цехга биринчилардан бўлиб ишга кирдим. Ҳозир тикишга бинойидек қўлим келишиб қолди. Яқин орада ўзим мустақил кийим тиксам керак.

– Ўрганган ҳунаримни ҳаётдаги ютуғим, деб ўйлайман. Энг асосийси, мен ҳам меҳнат қил­япман, оиламга фойдам тегяпти. Бундан жудаям бахтиёрман, – дей­ди Табассум Бозорова. – Цехдаги аёллар билан жуда аҳилмиз. Худди опа-сингиллардек. Шунинг учун ҳар куни иш жойимга шошаман. Ҳаётим янаям мазмунли бўляпти. Кейинчалик вақти келса мен ҳам мустақил фаолият юритиб, тадбиркорлик билан шуғулланарман. Ахир бунинг учун мустақил юртимизда барча шарт-шароитлар етарли. Энг муҳими, келажакдаги режалар учун бугундан замин ҳозирлашга ҳаракат қиляпман…

Хайрли ишнинг йўли ҳамиша очиқ бўлади, деб бежиз айтишмайди. Аслида бир инсонга ҳунар ўргатиш энг савобли амалдир. Истагимиз, яхшиликни умрининг мазмуни деб билган, эзгу ишга бош қўшаётган аёлларимиз сафи кенгаяверсин.

Майор Гулнора

ҲОЖИМУРОДОВА