Америка Қўшма Штатлари ҳарбий академияси мамлакатнинг энг қадимий федерал олий ҳарбий таълим муассасаси ҳисобланади. 1802 йилда ташкил этилган ушбу таълим масканининг асосий хусусияти мустақил равишда бажариладиган уй вазифалари аудитория машғулотларидан кўплиги билан ажралиб туради ва ушбу ўқув тизими ҳанузгача сақланиб келинмоқда.

Ҳарбий академияда жисмоний тарбия ва спортга катта эътибор берилиб, «Ҳар бир курсант спортчи бўлиши керак» деган шиор илгари сурилган. Академия курсантлари «Курсантлар мақоми» кодексига қатъий риоя қилишлари шарт. «Курсант ёлғон гапирмайди, фирибгарлик қилмайди, ўғирламайди ва бошқаларнинг бундай қилишига тоқат қилмайди» деган қоида шулар жумласидандир.

Айни пайтда АҚШ ҳарбий академиясининг 60-бошлиғи генерал-лейтенант Даррил Уильямс 2018 йил июнь ойидан бери ушбу лавозимда фаолият юритмоқда. Академия битта бригада (4 000 курсант), 4 полк (1 000 курсант), 2 батальон (500 курсант), 4 та рота (120 курсант), 4 та взвод (30 курсант) ва 4 та кафедрадан таркиб топган.

Ҳозирги вақтда академияга умумий қабул квотасидан бешта ўринга АҚШ вице-президенти ва конгрессменлар тавсияномасига эга ва ўқишга лойиқ деб топилган абитуриентлар тўғридан-тўғри имтиҳонларсиз қабул қилинади. Борди-ю, конгрессменлар бу жой учун кўпроқ кишига тавсия берган бўлса ёхуд бешталик квота асосида ўқиётган бирор курсант ўқишдан четлатилса, бу ўринга номзодлар ўртасида танлов ўтказилади. Бу, аввало, ариза топшириш, бир ёки бир нечта иншо ёзиш ва бошқа имтиҳонларни ўз ичига олади.

Бундан ташқари, ҳар йили намунали офицерларнинг фарзандлари учун 100, фаол аскарлар учун 170, захирадаги зобитлар учун 20, жангда ҳалок бўлган, оғир ярадор бўлган ва ногирон ёки бедарак йўқолганларнинг болалари учун 65 ўрин ажратилади. Шунингдек, ҳар йили 20 га яқин хорижий курсантлар ўқишга қабул қилинади. Номзодлар турмуш қурмаган ва 17 ёшдан 22 ёшгача бўлиши шарт.

Ўқитиш 4 йил давом этади. Ҳар йили академияни 1 000 га яқин курсантлар битиради. Курсантлар ҳарбий академияни битирганидан сўнг кичик офицер мақомига эришади. Яъни академия битирувчиси бакалавр даражаси ва кичик лейтенант ҳарбий унвонига эга бўлиб, армияда 5 йил хизмат қилиш мажбуриятини олади.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, ушбу ўқув даргоҳидан ташқари, мазкур мамлакатда АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари академияси, АҚШ Ҳарбий денгиз кучлари академияси ва АҚШ соҳил(ни қўриқлаш) хавфсизлиги ҳарбий академияси ҳам профессионал ҳарбий кадрлар тайёрлаш билан шуғулланади.

Турин ҳарбий академияси Италиядаги олий ҳарбий таълим муассасаси бўлиб, унда қуруқликдаги қўшинларда хизмат қиладиган офицер кадрлар тайёрланади. У 1739 йилда ташкил этилган ушбу ўқув маскани Европада биринчи академия саналади. Дастлаб у Қироллик артиллерия ва фортификация мактаби, сўнг Артиллерия ҳарбий-техник билим юрти, Армия ҳарбий тадқиқотлар институти номи билан аталган ва уларнинг бирлаштирилиши натижасида ташкил этилган.

Турин ҳарбий академиясига киришдан олдин зобитлар Модена ҳарбий академиясида икки йил давом этадиган дастлабки тайёргарликдан ўтади ва у ерда лейтенант ҳарбий унвонини олади. Туринда улар уч йил давомида ўқиб, стратегия илми, турли ўқотар қурол ва аслаҳа турларини ўрганадилар.

Турин ҳарбий академиясида таълим қуйидаги йўналишларда олиб борилади:

  • пиёда, отлиқ ва артиллерия офицерларининг сиёсий ва ташкилий тайёргарлиги;
  • ҳарбий муҳандислар, алоқа, транспорт ва аслаҳа тармоғидаги офицерларнинг техник тайёргарлиги;
  • шахсий таркиб хавфсизлиги ва бошқаруви бўйича ихтисослик.

Эрон олий миллий мудофаа университети 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, Эрон Ислом Республикаси Қуролли Кучлари Бош штабига бўйсунади. У Эрон армияси, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳамда хавфсизликни таъминлаш органларига юқори малакали кадрлар тайёрлаш, уларни ўқитиш ва малакасини ошириш билан шуғулланади.

Университет Эрон Ислом Республикасида қўмондонлар, командирлар, тадқиқотчилар, юқори малакали мутахассислар, ҳарбий ва фуқаролик ташкилотлари, муассасаларининг йўриқчиларини тайёрлаш борасида мудофаа, хавфсизлик ва бошқарув соҳасидаги стратегик фанлар ва билимларни ўқитиш, шунингдек, мусулмон мамлакатларидан юборилган талабалар, дўстлар ва иттифоқчиларнинг стратегик мажбуриятларини бажариши ва ўзларининг тегишли ташкилотларини самарали бошқаришда ёрдам беришни ўз олдига асосий вазифа этиб белгилаган.

Эрон олий миллий мудофаа университети учта ҳарбий факультет ва Миллий стратегик тадқиқотлар институтини ўз ичига олади.

  • Стратегик менежмент факультетида катта зобитлар ўқитилади.
  • Миллий мудофаа факультетида Эрон Қуролли Кучлари ва ҳукумат идоралари учун раҳбар кадрлар тайёрланади.
  • Миллий хавфсизлик факультетида давлат хавфсизлик тизимига кадрлар тайёрланади.

Университет тасарруфидаги Миллий стратегик тадқиқотлар институти мамлакат Қуролли Кучларининг халқаро муносабатлар, ҳарбий сиёсат ва стратегия соҳасида илмий изланишлар олиб бориладиган марказ ҳисобланади. Ушбу олий ўқув юртининг ўзига хос хусусияти шундаки, унда нафақат ҳарбий хизматчилар, балки бошқа вазирлик ва идоралар вакиллари ҳам ўқитилади.

Университет тингловчиси сифатида ўқишга Эрон Қуролли Кучларининг тўрт турдаги тузилмалари шахсий таркибидан подполковник ва ундан юқори ҳарбий унвонга эга офицерлар қабул қилинади. Битирувчилар ҳарбий фанлар доктори илмий даражасига эга бўлади.

 

Дилшод ШУҲРАТОВ

тайёрлади.