Миллий армиямиз йилдан-йилга ривожланиб боргани сайин ҳарбий журналистларга бўлган эҳтиёж ҳам ошиб бормоқда. Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўтган ўқув йилидан бошлаб ҳарбий журналистика йўналиши бўйича таълимни йўлга қўйди. Мазкур таълим йўналишига қабул жараёнлари, тест­синов босқичлари ва ўқув машғулотлари кўпчиликни қизиқтириши шубҳасиз. Шу боис университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори Алишер Матёқубов билан суҳбатлашдик.

 

– Ҳарбий журналистика илк бор алоҳида йўналиш сифатида ташкил этилди. Нима деб ўйлайсиз, университет ҳарбий журналистларга бўлган эҳтиёжни қондира оладими?

 

– Жаҳон тажрибасига мурожаат қиладиган бўлсак, ҳарбий соҳа журналистиканинг ихтисослашган йўналишларидан бири. Фанни умумий журналистикада эмас, балки алоҳида дарслик сифатида ўтиш ва бўлажак ҳарбий журналистларга ушбу йўналишда чуқурроқ таълим бериш кўзда тутилган. Бугун барчамиз мамлакат мудофаа тизимидаги ўзгаришларга гувоҳ бўляпмиз. Бу йўналишда қалам тебратишнинг ўзига яраша машаққати ва масъулияти бор. Чунки ҳар қандай журналист ҳарбий мавзуда ёзиб кетолмайди. Бироқ ҳарбий журналистларга доим эҳтиёж бўлган. Ушбу ташаббус ҳарбий журналист кадрларни тайёрлаш билан бирга уларнинг захирасини ҳам шакллантиради.

 

– Қабул жараёни ҳақида маълумот берсангиз. Пандемия сабабли ўқишга ҳужжат топшириш онлайн тарзда бўляпти. Бу йил ҳарбий журналистикага қанча талаба қабул қилинади?

 

– Қабул жараёнида ўзгаришлар бор. Университет ўзини ўзи молиялаштириш тизимига тўлиқ ўтмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш тартиби тўғрисида»ги низомига мувофиқ, 2019/2020 ўқув йилида ҳарбий журналистика йўналишига 25 нафар талаба қабул қилиниб, уларнинг 5 нафари давлат гранти асосида, 20 нафари шартнома асосида таълим олиши белгиланган эди, аммо соҳага қизиқувчиларни, шунингдек, ҳарбий журналистларга бўлган талабнинг юқорилигини ҳисобга олиб, қўшимча яна 20 нафар талабани қабул қилдик. Бу йили ҳам 55 нафар талаба шу йўналишда ўқитилиши режалаштирилган.

Пандемия туфайли ўқишга ҳужжат топшириш онлайн шаклда бўлмоқда. Қабул жараёнлари бошланганига кўп вақт бўлмади, аммо шу пайтгача университет миқёсида энг кўп абитуриентлар шу йўналишга топширмоқда.

Кириш имтиҳонлари икки босқичдан: ижодий суҳбат, иншо ҳамда тест синовларидан иборат. Абитуриентлар катта қизиқиш билан ҳужжат топширмоқда. Уларни қизиқтирган саволларига масъул мутахассислар университетнинг расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали жавоб беряпти.

 

– Ҳарбий йўналиш бўлганлиги учун абитуриентлар бошқа олий ҳарбий таълим муассасалари сингари тиббий кўрик ва жисмоний ҳамда касбий-руҳий тайёргарликлардан ўтишлари шартми?

 

– Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардаги саҳифаларимизга келаётган асосий саволлардан бири бу – жисмоний тайёргарлик бўйича. Тўғри, бошқа олий ҳарбий таълим муассасаларида бу синовларнинг асосий босқичи ҳисобланади. Аммо журналистика ижодий соҳа эканлиги, шунингдек, гендер тенглигини ҳисобга олсак, жорий йилда жисмоний ва касбий-руҳий тайёргарлик имтиҳонлари бўлмайди. Аммо ҳарбий деганда кўз олдимизга ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом киши келади, шунинг учун келгуси йилдан жисмоний тайёргарлик имтиҳонларига ҳам эътибор қаратишни режа қилганмиз.

 

– Ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари олий таълим муассасаларига кириш учун алоҳида имтиёзга эга бўлишди. Бу имтиёздан фойдаланаётган абитуриентлар ҳақида ­айтиб ўтсангиз.

 

– Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва унинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари олий таълим ва олий ҳарбий таълим муассасаларига квота асосида ўқишга кириши ва давлат гранти асосида таълим олиш имкониятига эга бўлди. Ўтган йили бу имтиёздан фойдаланган талабаларимиз бор. Бу йил ҳам университетда улар учун алоҳида махсус комиссия тузилиб, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ўртасида энг кўп балл тўплаган абитуриентлар талаба сифатида танлаб олинади.

 

– Бир йиллик ҳарбий хизматни ўтаган йигитларимиз учун ҳам 50 фоизлик имтиёз мавжуд. Айнан уларнинг ҳарбий журналистикага қизиқиши юқори бўлса керак?

 

– Ҳа, албатта. Ўтган йили 5 нафар йигитимиз ушбу имтиёздан фойдаланиб, талаба бўлди. Шуни алоҳида айтишим керакки, бу йўналишда ўқийдиган талабаларимиз интизоми, тартиби, билими билан бошқалардан ажралиб туради. Улар ҳозирданоқ ҳарбий бўлишни ният қилишган ва ўзларини ҳарбийлардек масъулиятли ҳамда интизомли тутишга интилишмоқда.

Бу йил ҳам намунали хулқи, машғулотлардаги фаоллиги билан кўзга тушиб, ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан берилган тавсияномага эга бўлган йигитлар айнан шу йўналишга ҳужжат топширмоқда. Бу каби йигитларнинг кўпроқ бўлишидан университет ҳам манфаатдор. Негаки, улар соҳанинг қийинчилигини қисман бўлсада кўришган. Курсдош­ларига намуна бўла олишади.

 

– Талабаларга таълим беришда қайси ўқув дастурлари ва ўқув қўлланмаларидан фойдаланилади? Соҳада адабиётлар етарлими?

– Ҳозирги кунда ўқув қўлланмалари оғриқли нуқтамиз. Негаки, ҳарбий журналистика бўйича ўзбек тилида ҳали бирор-бир ўқув қўлланма ишланмаган. Мазкур соҳада журналист кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилганидан бери шу масала устида ишлаяпмиз. Экстремал журналистика фани доирасида ўтилган дарсликларни кенгайтириб, янги ўқув дастурларини тайёрлаяпмиз. Миллий журналистикамизда тўпланган тажрибалар асосида ҳамда рус ва украин олимлари томонидан ёзилган илмий адабиётларни таржима қиляпмиз.

Кўп йиллик тажрибага эга профессор-ўқитувчилар ёрдамида сентябрь ойига қадар илк ҳарбий журналистикага оид ўзбек тилидаги икки илмий қўлланмани чоп этиш режалаштирилган.

 

– Бўлажак ҳарбий журналистларга кимлар таълим беради? Маҳорат масалалари ҳақида айтиб ўтсангиз.

 

– Жорий йилда университетимизда Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ушбу тизимларда фаолият юритувчи журналистларга тўрт ойлик малака ошириш курсини ташкил қилдик. Илк битирувчиларимизга сертификат ва дипломлар топширилди. Малака ошириш курси биз учун тажриба бўлди. Айрим хато-камчиликларимизни билиб олдик. Ушбу курсда дарс берган устозларимиз – Алижон Сафаров, Раҳимбой Жуманиёзов, Ҳикматулла Пўлатов, Назира Тошпўлатова каби профессор-ўқитувчилар бўлажак талабаларга ҳам сабоқ беради.

Албатта, «Vatanparvar» Бирлашган таҳририяти биринчи навбатда маҳорат мактабимиз ҳисобланади. Талабалар биринчи босқичданоқ у ерда амалиёт ўташди. Матбуотда синовдан ўтган талабалар, шубҳасиз, ОАВнинг ҳар қандай турида бемалол фаолият юритиб кетолади.

 

– Университет чет эл таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйган экан. Ҳарбий журналистика йўналиши бўйича ҳам ҳамкорлик ташкил қилинадими?

 

– Ҳарбий журналистика бўйича ҳамкорликни аллақачон йўлга қўйдик. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлардан ҳарбий журналистика йўналиши Россия Федерациясининг Москва шаҳридаги Ҳарбий университет ва Воронеж давлат университетида мавжуд. Айнан Москва ҳарбий университети билан ўзаро ҳамкорлик меморандумини туздик. Келажакда талабаларимиз у ерга ўзаро ҳамкорлик доирасида ўқишга юборилиши мумкин.

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

 

 

«Vatanparvar» мухбири

Айжамал ЖОЛДАСБАЕВА

суҳбатлашди.