– Ойи, нон увоғини ерга туширсам, кўзим оғриб қоладими? – деди жажжи Мухлиса онасининг ёнига чопиб келиб.

– Ким айтди сенга бу гапни, яна бувингми? – Назиранинг қоши чимирилди. Ичида ғашлик аралаш нимадир ғалаён қила бошлади. – У яна шунақа бўлмағур гапларни айтиб, тарбиянгни бузяптими? Бўлмаган гап. Эшитдингми, бор, хоҳлаганингни қилавер. Бувинг айтаверади. Унинг ҳар бир айтган гапи тўғри бўлавермайди!

– Нонни ўтирмасдан есам ҳам, ушоғи ерга тушса ҳам майлими? – Мухлиса кўзларини катта-катта очиб онасига тикилди.

– Менга деса кўчада емайсанми! Бор бошимни қотирма! Ишдан қолдиряпсан мени, – онаси ювилган кийимларни тез-тез тахлаб, жавонга қўя бошлади.

– Бувим менга нонни ўтириб егин. Ушоғи ерга тушса, увол бўлади, кейин кўзинг оғрийди, деган. Нонни эъзозласанг, сен ҳам нондек эъзоз топасан, деган. Сиз эса шуниям билмас экансиз. Мен биламан, кеча ўртоғим Сабоҳат ҳам нонни ўтирмасдан еб юрганди, касал бўлиб қолибди. Мен кўзим оғришини истамайман.

– Мухлиса, вой асал қизим менинг, – кўча томондан қайнонасининг овози эшитилди.

Мухлиса илкис бош кўтариб дарвозахонага қаради-ю, бувисининг истиқболига югурди.

– Бувижоним! Келдингизми, сизни соғиниб кетдим, – қизча меҳр билан бувисини қучди.

– Ие, салом қани, болам? Айтганман-ку сенга, катталарни кўрганда кичиклар доим салом бериши керак. Саломинг – бу одобинг. Одобли болаларни эса ҳамма яхши кўради.

– Анови, сиз айтиб берган эртакдаги дев ҳамми?

– Ҳа, уям яхши кўради. Бўлмаса, болакайни аллақачон еб қўйган бўларди-да.

– Сизам яхши кўрасизми?

Бувиси кулиб неварасини қучди:

– Ҳа, менам серсалом болаларни яхши кўраман.

– Ассалому алайкум! – Мухлиса баланд овозда бувисига салом берди.

– Ваалайкум ассалом. Ақлли қизим, эсли қизим. – қайнонаси неварасини бағрига босиб, пешонасидан ўпди.

– Бувижон, мен нонни ўтириб едим. Ушоқларини эса сиз айтгандек пиёлага солиб қўйдим. Уларни товуқларимизга берамиз-а?

– Ҳа, товуқларимизга берамиз. Кейин улар сендан миннатдор бўлишади.

– Миннатдор дегани нима, буви?

– Миннатдор дегани хурсанд бўлади, қувонади дегани.

– Бир гап айтайми, кеча ўртоғим кўчада нон еб юрганди. Бугун касал бўлиб қолибди, – Мухлиса кўзларини катта-катта очиб, бувисига тикилди. – Бувижон, сиз тўғри айтган экансиз. Нонни юриб еб бўлмас экан.

– Вой, ёмон бўпти-я. Ўртоғингга айтмабсан-да нонни ўтириб егин, деб.

– Айтдим. Лекин у қулоқ солмади. Мен унақа қулоқсиз қизмасман-а, бувижон? – қизалоқ бувисига суйкалди.

– Йўқ, сен қулоқсизмассан. Сенинг эсинг кўп.

– Эсинг дегани нима, бувижон?

– Эсингмас, эс. Эс бу – ақл дегани.

Ҳовлидан эшитилаётган буви ва неваранинг суҳбати Назирага бу гал негадир хуш ёқаётган эди. Ҳар доим қайнонаси болаларига насиҳат қила бошласа, унинг ғаши келарди. Ҳатто гаплашиб ўтиришса ҳам тўнини тескари кийиб оларди. Унинг назарида қайнонаси болаларини ундан совутаётгандек эди.

Шунча ўзини мажбурласа ҳам қўли ишга бормади. Чунки айни шу лаҳзаларда қизи унга бир ҳақиқатни англатганди: она фарзанд учун доим ўрнак, яхши тарбиячи бўлиши лозим экан. У-чи? У болаларига қайси жиҳати билан ўрнак бўляпти. Қайнонасига гап қайтариши биланми ё болаларининг олдида турмуш ўртоғи билан ҳуда-беҳудага тортишиши, аразлаши биланми? Шулар ҳақда ўйлар экан, ўзидан уялиб кетди.

Бир ой олдин бўлган воқеа ҳеч эсидан чиқмайди. Ўша куни кечки овқат ҳар кунгидан бироз кечикди. Аксига олиб шу куни турмуш ўртоғи ишдан эртароқ қайтди. Ярим соат ўтди, бир соат ўтди, Назира овқат олиб келай демасди. Овқатни кутавериб чарчаган болалари бу орада ухлаб қолди. Назиранинг эса парвойи фалак. Телефонда синглиси билан гаплашиб, гўёки дастурхон бошидагиларни унутганди. Турмуш ўртоғи овқатни тезроқ олиб келишини айтиб овоз берганди «Нима-аа, кимдир очдан ўляптими?» деб жеркиб берди. Бу гап Нодир акасининг тоқатини тоқ қилди. У онасининг ҳай-ҳайлашига қарамай Назиранинг устига қуюндай бостириб борди. Келинини дўппослаётган ўғлини ажратишга онанинг кучи етмади. Аксига олиб келин ҳам тилини тияй демасди. Бир вақт келини: «Ҳаммасига сиз сабабчисиз! Сиз ўғлингизни менга қарши қайраяпсиз!» деб унга таъна тошларини ота кетди. Бу гап Нодирнинг қонини қайнатиб юборди, у яна муштига зўр берди. Йиғи-сиғи, қий-чув ҳамманинг дилини хуфтон қилди. Дастурхон дастурхон жойида, овқат овқат жойида қолди…

Шу воқеадан кейин у қайнонасини баттар ёмон кўриб қолди. «Ҳа, дугоналарим тўғри айтган экан, қайноналар бор жойда ҳаловат бўлмас экан. Мен қайнонамни қандай бўлмасин уйимдан кетказишим керак. Нима, унинг фарзанди фақат Нодир акамми? Ана яна икки ўғли бор. Улар билан яшасин. Эрим кенжа фарзанд бўлса бўлибди-да. Бу ота-онани қарамоғига олиш фақат эримнинг зиммасида дегани эмас-ку!» Кўнглидан ўтганлари Назирани ҳаволантирди. Энди у қайнонасига ошкора ҳужумга ўтди. Арзимас нарсадан жанжал чиқариб, қайнонаси билан уришадиган, гап қайтариб хуморидан чиқадиган бўлди. Қайнонаси жуда оқила аёл. Келинининг бу қилиқлари уни уйидан бездириш эканлигини бошидаёқ англади ва бир куни ўғли уйда йўқлигида буюмларини йиғиштирди-ю, катта ўғлиникига кетиб қолди. Лекин уч кун бўлмасдан Нодир онасини уйга қайтариб олиб келди. Онасининг: «Мен ўзим шуни хоҳладим. Аканг билан яшагим келяпти», деган баҳоналарига эътибор бермади. «Акамни, невараларингизни соғинсангиз, меҳмон бўлиб бориб келасиз, лекин мен турганда улар билан яшашингизга йўл қўймайман», деди ўғли. Аёл ўша пайтдаги ҳолатини сўз билан таърифлаб беролмайди. Ўғлини қучганча шундай йиғлади, шундай йиғлади. Онанинг аҳволини кўриб, ўғилнинг ҳам кўнгли бузилди…

Кўча эшикдан онасининг елкасидан қучганча хушхандон кириб келаётган турмуш ўртоғини кўрган Назиранинг нақ жони чиқиб кетай деди. Қайнонасининг юзига сер солиб қаради: «Бунча хурсанд бўлмаса? Ҳойнаҳой менинг устимдан кулиб келяпти. Ҳали қараб турсин, кўрсатиб қўяман, устимдан кулиш қанақа бўлишини».

– Ҳўв, Назира, нега қаққайиб турибсан, ойим билан кўришмайсанми? – эрининг гапидан ўзига келган аёл истар-истамай қайнонасига яқинлашди:

– Ассалом…

– Ваалайкум ассалом, яхшимисиз, қизим, болалар яхшими? – қайнонаси худди ҳеч нарса бўлмагандек келинига яқинлашиб, уни қучмоқчи бўлди. Лекин Назира рўйихушлик бермади. Хотинининг бу қилиғидан жаҳли чиқиб кетган Нодирнинг юзлари бўғриқиб кетди.

– Ҳўв, сен ким бўпсанки, онам кўришаман деса, ўзингни тарозига соласан?! – Нодирнинг қолган гапи ичида қолди. Назира кўзлари ола-кула бўлиб жириллай кетди:

– Оғзингизга қараб гапиринг! Биринчидан, мен «ҳўв» эмасман, иккинчидан кўришиш-кўришмаслик бу менинг ишим! – шундай деб шарт ортига бурилиб кета бошлади. Онасининг олдида хотинининг бундай беписанд қилиғидан изза бўлган эркакнинг қўллари мушт бўлиб тугилди. Агар ёнида онаси бўлмагандами, хуморидан чиққунча дўппосларди. Афсус, боя акасиникидан кела туриб онаси унга: «Назирани урмайсан, ҳеч қачон хафа қилмайсан», деб шарт қўйиб, ваъдасини олган. Лекин нимадир қилмаса бўлмайди, ахир бу кетишда Назира онасини оёқости қилиб ташлайди.

Нодир онасининг нарсаларини хонасига олиб кирди. Кейин ошхонада куймаланаётган хотинининг олдига келди. Идиш-товоқларни тарақ-туруқ қилиб юваётган Назира ҳалиям жаҳлдан тушмаганди. Унинг ҳаракатини бироз кузатиб турган Нодирнинг юраги сиқилди. «Бу хотин билан яшашга ўзинг куч бер, Аллоҳим». Кўнглидан шу сўз ўтар экан, онасининг насиҳатини эслади: «Куч ишлатиб, ёмон кўринганинг қолади. Урсанг эти қотади, сўксанг бети. Аёл кишини фақат яхши гапириб, йўлга солиш мумкин. Жон болам, Назирага мулойимроқ муомала қил, меҳр кўрсат. У аслида яхши аёл. Мана, кўрасан, албатта, ўзгаради».

– Назира, хафа бўлдингми мендан? – Нодир ҳув бир вақтлардагидек оҳангда хотинига гапирди. Назира индамай ишини давом эттираверди. Нодир эса секин хотинига яқинлашиб, елкасидан қучди.

– Ахир нима қил, дейсан, сен хотиним бўлсанг, у киши онам. Эт билан тирноқни бир-биридан ажратиб бўлмаслигини биласан-ку. Ота-онага қандай муносабатда бўлсанг, келажакда фарзандларинг ҳам сенга шундай муносабатда бўлади, дейишади. Кел энди, аразлашмайлик. Ўзинг яхшисан-ку. Мен сени яхши кўраман…

«Мен сени яхши кўраман!» Бу гап… Назира турмуш ўртоғидан бу гапни эшитмай қўйганига қанча йиллар бўлган. Бугун эшитди! Эшитди-ю, кўнглидаги ғубор, эрига бўлган гина-кудурат ном-нишонсиз йўқолди. Ҳа, у эридан доим шундай муомалани кутарди. Унинг илиқ сўзига илҳақ эди. Билмасдики,  уруш-жанжаллари туфайли турмуш ўртоғини ўзидан бездириб қўйганини. Бугун билди, англади, тушунди ва айбини тан олди. Аёл йиғлаганча эрини елкасига бош қўйди…

Ҳаётнинг ўзи муаллим экан, буюк муаллим. Бугун Назира ўтган умрига назар солиб, ҳеч қачон яхши келин, яхши она бўлолмаганидан ўксиди. Қайнонасининг неваралари учун қилаётган фидойилиги, жонкуярлигини ҳам ўзича тушунар экан. Аслида унинг ўгитлари, панд-насиҳатлари фарзандларининг камолотида қанчалик муҳим эканлигини бугун тушуниб етди. Анча вақт олдин турмуш ўртоғига: «Онангиз билан яшамайлик. Агар онангиз бу уйдан кетишни хоҳламаса, ўзимиз алоҳида уй қилиб чиқиб кетайлик», деб қилган хархашаларини эслаб, хижолат бўлди. Энди билса, хато қилган экан, жуда катта хато…

Ўша куни кечки таомни ўзгача тайёргарлик билан ҳозирлади. Турмуш ўртоғини ҳам ҳар доимгидек тунд қиёфада эмас, қувонч билан қаршилади. Келинидаги ўзгаришни кўриб, қайнонасининг ҳам кайфияти кўтарилди. Ҳаммалари ҳовлидаги сўрида хуш кайфиятда овқатланишди.

– Зилола, энди туриб дастурхонни йиғиштир. Қиз бола овқатни ичиб бўлгандан сўнг тезда дастурхонни йиғиштиришга одатланиши керак, – бувиси дастурхондаги бўш косаларни неварасига узатди. – Дастурхонни ҳовлидаги гулларнинг тагига қоққин. Ушоқлардан қурт-қумурсқалар ризқланади.

Зилола бувисининг қўлидаги косаларни олиб,  дастурхон четига қўйиб қўйди-да, индамай яна телевизор кўраверди.

– Қизим, бувингнинг гапини эшитмадингми? – Зилола ялт этиб онасига қаради. Ҳайрон бўлди. Чунки шу вақтгача онаси ҳеч қачон бувисининг гапини маъқулламаган. Кейин бувиси уларга иш буюрса жаҳли чиқарди. «Зилола ҳали ёш бола. Мухлиса ҳам. Нега уларни ҳеч тинч қўймайсиз. Катта бўлса, иш қилишни ўрганиш қочмайди. Ҳозирча мен ўзим қиламан шу юмушларни», дерди доим. Бу сафар ундай демади. Зилола онасига ҳайратланиб қараб қолди.

– Нима, гапимни эшитмаяпсанми? Нега жим бўлиб қолдинг, бўлақол қизим. Қани, тез туриб, бувижонинг айтганларини қил-чи.

Зилола бирпас тараддудланиб қолди. Наҳотки онаси айтаётган бўлса, бу гапларни?!

– Ойи, мен…

– Гапинг бўлса, кейин гапирасан, хўпми? Қани, қизим, косаларни ошхонага олиб бор. Зилола тезда ўрнидан туриб, дастурхонни йиғиштира бошлади. Унга синглиси ҳам ёрдамга шошилди. Қизларининг хатти-ҳаракатини ҳавас билан кузатиб турган Назиранинг баҳри дили очилди.

– Ойижоним айтган ҳар бир гап сизлар учун ҳикмат. Ўргансангиз, кам бўлмайсизлар, – Назира миннатдор бўлиб қайнонасига тикилди. Унинг нигоҳида меҳр, муҳаббат, ҳурмат, эъзоз – ҳамма-ҳаммаси зоҳир эди…

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА