Пойимиздаги тупроқ қанчалар азиз эканлигини улғайганим сари англаб боряпман. «Элидан айрилган етти йил йиғлар, еридан айрилган ўлгунча йиғлар», деб бежиз айтишмаган доно халқимиз.

Дарҳақиқат, тириклигимизда бошимиздаги бошпана, вафот этсак мангу макон, ҳатто овқатланаётган идишимиз, чойнагимиз ҳам шу тупроқдан барпо бўлганини ўйласам, севиниб кетаман. Қўлимдаги нақшинкор пиёлага қараб, беихтиёр кулолларимизга тасанно айтиб, соҳага қизиқишим янаям ортади.

Асл санъат асарлари юракка етиб бориб, кўнгилларни забт этади. Бугун бу қадимий ва мумтоз йўналишда кўплаб юртдошларимиз фаолият олиб бормоқда. Улар яратган кулолчилик буюмлари бутун дунёга тарқалиб, юртимиз обрўсини кўкларга кўтармоқда. Шу ўринда кулолчилик билан боғлиқ бир мисол ёдимга тушди: Макка шаҳрида фарғоналик бир киши оиласи билан яшаб қолганини эшитганман. Бир гал маҳалладошлар «Ота юртдан нима олиб борайлик?» дейишса, юртимиз тупроғидан ясалган биттагина пиёла етади, деган экан. Кейин олиб борилган совғани синдирганини айтишди. Маҳалладошлар ҳайрон бўлиб сабабини сўрашса, бу – ота тупроқ, ҳаммага етиши керак, деб ўзига тегишли қисмини ўраб, уйининг тўрига илиб қўйибди. Қолганларини ўзи каби юртимиздан бориб яшаб қолган инсонларга совға сифатида тарқатиб чиқибди. Орадан неча йиллар ўтмасин, ўша киши учун уйининг тўрида Ватан тупроғидан ясалган пиёла синиғи ҳамма нарсадан қадрли, ҳеч нарсага алмашиб бўлмайдиган қимматбаҳо меросдир. Бир қараганда арзимас нарсадек туюлган оддий буюм юртнинг соғинчини босса, не ажаб?

Кулолчилик, амалий санъат соҳаси йилдан-йилга ривожланиб, такомиллашиб бормоқда. Замонамиз кулоллари орасида қизларнинг ҳам кўплиги, айниқса қувонарли.

Шундай кулол қизлардан бири Сарвиноз Тугаловадир. Бу қизни яхши биламан. Ҳар заррадан ҳикмат, ҳар жиҳатдан эзгулик қидирадиган бу қизда истеъдод учқунлари кўзга яққол ташланади. У ижоди орқали минглаб кўнгиллардан жой олишга улгурмоқда.

Сарвиноз ҳозирда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг 3-босқичида таҳсил олади. У олийгоҳда билим олиш билан бирга кулолчиликнинг ноанъанавий йўналишида ижод қилмоқда.

Унинг декоратив, майда пластика, анималистик услубида яратган асарлари нафақат юртимиз, балки хорижий давлат вакиллари кўнглидан ҳам жой олган. Ёш бўлишига қарамай бир қатор шогирдлар тарбияламоқда.

«Ватанга қандай таъриф берар эдингиз?» деган саволимизга «Ватанни аниқ сўз билан таърифлай олмайман. Билганим уни яхши кўраман. Қўлимдаги тупроқ ҳам, оддий лой ҳам мен учун Ватан», дейди Сарвиноз камтарлик билан. У ҳақда газетада ёзмоқчилигимни айтганимда уялиб, «Ҳали арзирмиканман, олдинда режалар кўп», деган маънода истиҳола қилишини кўриб, бу қиз тупроқдайин хокисор, тупроқдайин улуғвор қалб эгаси эканлигини англадим.

Қаҳрамонимиз ўз ишини яхши кўради. Шунинг учун ҳам моҳир кулол бўлиб етишмоқда.

Сарвинознинг орзулари бир олам, режалари ҳам кўп. Келажакда Ёш кулоллар мактабини ташкил қилиб, иқтидорли болаларга кулолчилик сирларини ўргатмоқчи.

– Авваллари юртимизнинг тупроғи тиллога тенг дейишса, бу бир ўхшатишдек, улуғлашдек туюларди. Кулолчиликка кириб келиб, юқоридаги сўзнинг нақадар тўғри эканлигига гувоҳ бўляпман. Олтин тупроғимизга озгина ишлов берилса, гўзал санъат намуналари дунёга келади, – дейди қаҳрамонимиз қувонч билан.

Мен эса у яратган мўъжаз асарларга боқар эканман, келажакдаги орзулари ушалишини тилайман.  Юртимизга Сарвиноздек камтар, билимли ёшлар керак эканлигини ҳис қиламан.

Шоҳсанам НИШОНОВА