1 сентябрь – мустақиллик кунини Москвада халқаро ҳарбий мусобақаларда иштирок этаётган ҳарбийларимиз байрам табриклари, қувончли йўқловлар билан қарши олдилар.

Яхши кайфият билан «Алабино» полигонига йўл олдик. Хаёлимизда кун режаси, концерт дастури, ўзбекона маданият намойиши, тантаналар. Бошқалар билармикан, бизнинг энг улуғ, энг азиз санамизни?!

Полигонда, назаримда, ўзбекона шукуҳ кезиб юрарди. Бир тарафда тўйга тараддуд кўраётгандек ош ҳаракатига тушган ошпазлар. Дўстлик уйида Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли жамоасининг полковник Ҳусан Ботиров бошчилигидаги бадиий гуруҳнинг чиқишлари. Йўлимизда учраган, Ўзбекистонданлигимизни билган борки, улуғ ниятлар билдириб, бизни севинтиради.

Халқаро армия ўйинларида иштирок этаётган мусобақа қатнашчилари эришаётган муваффақиятлар эса истиқлол шодиёналарига бир тўёнадек бўлди.

Айни шу кундаги ютуқларга бир назар солайлик. «Мен ғолиб!» шиори остида ҳаракат қилган ҳарбий хизматчиларимиз «Ҳарбий-тиббий эстафета», «Содиқ дўст», «Йўл патрули» мусобақаларида биринчиликни эгаллашди. «Артиллерия олови устаси», «Хавфсиз маршрут», «Ҳарбий ралли», «Отлиқ марафони», «Қуролсоз уста» йўналишларида вакилларимиз иккинчи ўринни забт этишди. «Автозирҳли танк-техника устаси», «Дала ошхонаси» ҳамда «Хавфсиз муҳит» гуруҳидаги ҳарбийларимиз учинчи ўринга муносиб топилди.

Ҳимматли халқмиз. Шодиёналарда иштирок этган меҳмонлар бадиий чиқишларда ҳордиқ чиқариш баробарида ўзбек палови билан сийланди. Ажаб эмас, улар келгуси йилги мусобақаларда ҳам юртимиздаги тантаналарнинг ҳисобини олиб юрса.

 

катта лейтенант Азиз НОРҚУЛОВ, «Vatanparvar»

(Россия, Москва вилояти)