Глобаллашув муҳитида мамлакатлар ўртасида барча соҳаларда ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётган бир вақтда ҳар бир халқ, ҳар қайси давлат миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада, аввало, ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масалаларига устувор аҳамият қаратиши табиий.

Она тилимизга бўлаётган эътибор ва унинг том маънода давлат тили сифатидаги мавқеини юксалтириш йўлида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бизга ўзбек тилига бўлган муносабатимиз ҳақида яна бир карра жиддий ўйлаб кўриш, она тилимизга четдан бир қур назар ташлаш, таҳлил ва тафаккур этиш имкони ва мас­ъулиятини беради.

Мамлакатимизда давлат тилини ривожлантириш ва уни барча жабҳаларга кенг жорий этиш борасидаги ишларга эътибор сўнгги йилларда ғоят ошди. Ўтган бир йил оралиғида амалга оширилган ишлар тўғрисида сўз кетганда, кўпчиликнинг эътиборини тортган муҳим бир ўзгаришни қайд этиш ўринли. Илгари давлат тилига бағишланган гап-сўзлар, тадбирлар, оммавий ахборот воситаларидаги чиқиш­лар асосан, «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинган кун – 21 октябрь олдидан кўпаяр эди-ю, кейин гўё бу масала деярли унутилар эди. Эндиликда бу йўналишдаги ишлар мамлакатимизда тобора кенг кўлам ва мунтазамлик касб этиб бормоқда.

Буни, аввало:

оммавий ахборот воситалари – телерадиоканаллар, газета-журналлар, ижтимоий тармоқларда, жумладан, Давлат тилини ривожлантириш департаментининг расмий сайти ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида давлат тилини тарғиб қилиш, муаммолар ва камчиликлар ҳақида танқидий-таҳлилий чиқишлар сезиларли даражада кўпайиб, жамоатчиликнинг эътибор ва эътирофига сазовор бўлаётганида;

барча бўғиндаги маслаҳатчилар ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан биргаликда жойларда рекламалар матнлари, пешлавҳалар, жой номларини давлат тилига ва рекламага оид қонунлар талабларига мослиги юзасидан бирма-бир хатловдан ўтказиб, тегишли чора-тадбирлар кўраётганида;

давлат тилини ривожлантириш, амалиётда қўллаш, фаол ўрганиш, ўзбек тилининг илмий асосларини янада мустаҳкамлашга бағишланган турли танловлар, жумладан, илмий ишлар учун грант танловлари ўтказилаётганида, янгидан янги китоблар, луғатлар, қўлланмалар нашр этилаётганида, уларнинг электрон шакллари интернет тармоғига жойланиб, минглаб-миллионлаб мухлислар томонидан фаол фойдаланила бошлаганида кўриш мумкин.

Эътибор беринг, ҳукуматимиз томонидан деярли бир йил ичида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш борасида давлат тилини ривожлантиришга қаратилган 1 та қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 9 та қарори қабул қилинди.

Тилимиз ривожи учун сармоя киритувчи махсус ташкилот тузилгани ҳам эътиборга молик воқеадир. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармасининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан махсус жамғарма ташкил этилди. Бу жамғарма маблағлари ўзбек тилини ривож­лантириш бўйи­ча ташаб­бусларни қўллаб-қувватлаш, шу мақсаддаги лойиҳаларга грантлар ажратиш, китоблар, қўлланмалар, луғатлар ва бошқа ноширлик маҳсулотлари чиқариш, илмий тадқиқотларни, шунинг­дек, тилимизни ривожлантиришга оид медиа маҳсулотлар, компьютер дастурлари, мобиль иловалар ва бошқа электрон материалларни тайёрлаш ишларини қўллаб-қувватлашга сарфланади. Бундан ташқари, ўзбек тилининг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида она тилимиздаги материалларни чет мамлакатлардаги ўзбек тилини ўргатиш марказларига, ватандошларимизга етказиб беришдек хайрли ишларга йўналтирилади.

Давлат тилини ривожлантириш учун масъул бўлган мутасадди ташкилот томонидан географик объектлар номлари соҳасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2020 йилнинг ўтган даврида халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) кенгашларининг тегишли қарорлари билан тасдиқланган 15 062 та географик объект номи экспертизадан ўтказилиб, уларнинг 7 745 таси давлат реестри базасига киритилди. 3 366 таси қонун ҳужжатлари талабларига номувофиқ деб топилиб, ҳудудий комиссияларга қайтарилди, ҳозирги кунда 3 951 та ном экспертлар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Тизимли ишларнинг давоми сифатида тил жонкуярлари ва масъуллари томонидан юртимизнинг барча ҳудудида «Давлат тили ҳақида»ги, «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги ва «Реклама тўғрисида»ги қонунлар ижроси ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар давомида Тошкент шаҳридаги ташқи рекламанинг 17 фоизи давлат тилида, 83 фоизи аралаш тилларда экани аниқланди. Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид, реклама қонунчилигига мос келмайдиган 2 мингдан ортиқ пешлавҳалар олиб ташланди.

Илмий фаолиятни мувофиқлаштириш йўналишидаги ишлар тўхтаб қолгани йўқ. Ҳозирги кунда тилшунос олимлар ва соҳа жонкуярлари томонидан бир қатор илмий-амалий асарлар устида иш олиб борилмоқда.

Она тилимиз ривожи ва тарғиботи йўлида республикамиз ҳукумати томонидан халқаро ҳамкорлик йўналишидаги фаолиятга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбек тили бир қатор хориж давлатларининг 60 га яқин университетлари ва 100 дан зиёд мактабларида ўрганилмоқда. Мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналари қошида «Ўзбек тилининг дўстлари» клублари ташкил этилмоқда. Биргина 2020 йилнинг ўзида Ташқи ишлар вазирлиги орқали хориждаги 36 та элчихона ва консулхонага электрон кўринишда жами 250 номдаги ўзбек тили дарсликлари, методик қўлланмалар, илмий ва бадиий китоблар етказиб берилди. Шунингдек, Давлат тилини ривожлантириш департаменти бошчилигида АҚШ, Туркия, Озарбайжон ва Украинада ўзбек тилининг жозибаси ва уни ўрганиш услубларига бағишланган 10 га яқин вебинар (онлайн-семинар)лар ўтказилди.

Йил давомида она тилимизнинг тарғибот ва ташвиқот йўналишида жуда кўплаб ишлар амалга оширилган бўлиб, бу фаолиятга ҳам тўхталиб ўтишни лозим деб ҳисоблайман. 2020 йилнинг сентябрь ойигача бўлган таҳлилларига кўра, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан оширишга қаратилган ислоҳотлар самарадорлиги бўйича оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғида жами 505 та материал эълон қилинган бўлиб, уларнинг 161 таси (32 фоиз) босма нашрлар, 201 таси (40 фоиз) телерадиоканаллар ва 143 таси (28 фоиз) интернет тармоғи ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, давлат тилини миллий қадрият сифатида тарғиб қилиш, унга нисбатан миллий ғурур ҳиссини тарбиялаш, тилимизнинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш, давлат тилига оид муаммоларни ҳал этишга ижодий ёндашувни ривожлантириш мақсадида илмий-ижодий ишлар танловлари ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда тилимиз ривожига қаратилган 4 та йўналиш бўйича грант эълон қилинган. Мазкур танлов ғолиблари 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни арафасида аниқланиб, Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тақдирланадилар.

Эътибор берган бўлсангиз, соҳа мутасаддилари томонидан бир йил ичида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини ошириш йўлида таҳсинга сазовор ишлар амалга оширилган. Она тилимизнинг тарғиботчиси сифатида тилимиз нуфузи ва мавқеини кўтариш борасидаги ишларнинг келгуси яқин истиқбол ичида тизимли равишда давом эттирилишини ишонч билан таъкидлаб ўтмоқчиман.

Яна бир гап, жорий йилнинг 7 октябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбек тили байрами муносабати билан ташкил этиладиган умумхалқ байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида»ги баёни қабул қилинди. Баён билан ўзбек тили байрами кунини республикамиз бўйлаб кенг нишонлаш бўйича чора-тадбирлар дастури, медиа-режа ҳамда байрам тадбирларининг намунавий сценарийси тасдиқланди. Демак, Ўзбек тили байрами куни умумхалқ байрами сифатида нишонланишига яна бир хайрли одим ташланди.

 Қаҳрамон КАМОЛОВ,

Давлат мудофаа саноати қўмитаси

 раисининг маслаҳатчиси