Шимоли-ғарбий ҳарбий округда қўшинлардаги энг масъулиятли тадбирлардан бири – қурол-яроғ ва ҳарбий техникаларни қишки мавсумда фойдаланиш режимига ўтказиш ишлари бошланди.

Ушбу комплекс тадбирлар ҳарбий техникаларни юқори жанговар шайлик даражасида ушлаб туриш ҳамда об-ҳавонинг совуқ шароитида созлигини таъминлаш учун ўтказилмоқда.

Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида қурол-яроғ ва ҳарбий техникаларни қишки шароитда фойдаланиш режимига ўтказиш бўйича кўргазмали машғулот ҳам ташкил этилди.

Унда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов, округ қўмондонлиги ҳамда Нукус ва Урганч гарнизонларидаги ҳарбий қисмларнинг масъул ҳарбий хизматчилари иштирок этди.

Тадбирда ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларнинг жанговар шайлигини таъминлаш, уларни соз ҳолатда сақлашда кўрсатилаётган техник хизматларнинг аҳамияти таъкидланди. Ҳар бир командир, ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига бириктирилган қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг соз ва шайлиги учун масъул эканлиги эслатилди.

Ҳарбий қисмнинг жанговар ва ҳарбий техникаларни сақлаш паркида олтита ўқув нуқтаси ташкил этилди. У ерда қурол-яроғ ва техникаларни қишки шароитда фойдаланиш режимига ўтказиш ишларининг аҳамияти, техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, ташкил қилинган постларда самарали ва сифатли иш олиб бориш, об-ҳавонинг паст ҳароратли шароитларида ишлатиш қоидалари, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича мутахассислар томонидан йўриқномалар берилди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни мавсумий режимда фойдаланишда техник хизмат кўрсатиш ишларини кўргазмали машғулот иштирокчиларининг ўзлари ҳам бажариб кўришди.

 Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати