Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган ҳарбий хизматчиларга мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Унда мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, вазир ўринбосарлари, масъул офицерлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Видео­конференц-алоқа тарзида ўтказилган мазкур тадбирда барча ҳарбий округлар иштироки ҳам таъминланди.

Дастлаб давлатимиз мадҳияси янгради.

Шундан сўнг мудофаа вазири сўзга чиқиб, 2020 йилда қўшинларда амалга оширилган ишлар сарҳисоби билан таништирди. Шунингдек, 2021 йилда бажарилиши лозим бўлган асосий вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди.

Дарҳақиқат, мудофаа вазири ўз нутқида таъкидлаб ўтганидек, 2020 йил нафақат дунё халқлари, балки ватандошларимиз учун ҳам синовли йил бўлди. Лекин шунга қарамасдан, бу йил ҳам улкан қурилиш, бунёдкорлик ишлари ва ислоҳотлар жараёни барча соҳаларда жадал суратларда давом этди. Хусусан, мудофаа вазирлиги қўшинларида амалга оширилган улкан ижобий ўзгаришлар бугун Ватан ҳимоячиларининг юқори профессионаллигини таъминлаб турибди.

Сарҳисоб қиладиган бўлсак, ўтган йил жуда кўп ҳарбий хизматчилар давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Боиси, пандемия ва юртимизда рўй берган фавқулодда ҳолатларни бартараф этишда юрт посбонлари улкан жасорат намуналарини кўрсатди ва кўрсатмоқда.

Мукофотларни ўз эгаларига топшираётган мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов 2021 йил ҳам қўшинларда «Жанговар взвод йили» бўлишини эълон қилди ва жумладан шундай деди:

– Жанговар тайёргарлик қўшиннинг куч-қудратини, салоҳиятини кўрсатиб беради. Биз ўтган йили ўз профессионаллигимизни юқори босқичга кўтардик ва буни турли мусобақалар ҳамда халқаро армия ўйинларида исботлай олдик. Энди бундан ҳам кўпроқ тер тўкишимиз, ўз устимизда янада кўпроқ меҳнат қилишимиз керак. Бизга фақат аъло ва яхши баҳолар ярашади. Ахир Ватанни уч баҳога ҳимоя қилиб бўлмайди!

Тадбирда видеоконференц-алоқа орқали иштирок этган ҳарбий округларнинг қисқа ахбороти ҳам тингланди.

Лейтенант Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,

«Vatanparvar»