Янги 2021 йилнинг илк кунларида Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллигини кенг нишонлар эканмиз, давлатимиз раҳбарининг, халқимизнинг, кенг жамоатчиликнинг Ватан ҳимоячиларига бўлган юксак ишончи ва меҳру муҳаббатини чуқур ҳис қилмоқдамиз. Зеро, қадимдан ўз исботини топиб келаётган бир ҳақиқат бор, яъни юртнинг илмли, мард ва фидойи ёшлари ҳамиша халқдан куч-қувват олган.

Бутун дунё аҳли учун таҳликали келган 2020 йилнинг сўнгги кунлари, янги йил арафасида барчамиз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини мамнуният билан тингладик. Давлатимиз раҳбари халқимизнинг, хусусан, эзгуликни ўзига шиор қилган фидойиларнинг, оғир кунларда эл дардига дармон бўлган мутахассисларнинг, ўз касбини ардоқлаб, мамлакатимиз ривожига ҳисса қўшган ва қўшаётган ватандошларимизнинг хизмати ва меҳнатини алоҳида эътироф этдилар.

Мурожаатнома 2021 йилда ҳаётнинг барча жабҳаларини ислоҳ қилишга қаратилган фаолият йўналишларини белгилаб бергани билан аҳамиятли бўлди. Соҳалар кесимида бажарилиши керак бўлган устувор вазифаларнинг аниқ кўрсаткичлари акс этган Мурожаатномада қўйилган топшириқлар ва муҳим вазифалар ўтган йилдаги ишларнинг мантиқий давомини ўзида мужассам этди.

Президент Шавкат Мирзиёев таклифига мувофиқ, 2020 йилдаги юксак марраларни кўзлаб амалга оширилган ишларни давом эттириш ва юксак босқичга кўтариш мақсадида 2021 йил мамлакатимизда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилинди. Демак, бошланаётган йил Мурожаатномада баён қилинган ҳар бир устувор йўналиш ижроси билан давлатимизни тараққий эттирадиган, тинчлик-осойишталикни барқарор этадиган йил бўлиб, мамлакатимиз тарихида янги саҳифа очади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Мурожаатномада мамлакатимиз Қуролли Кучлари фаолиятига алоҳида тўхталди. Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлиги ва халқимизнинг осойишта ҳаётини ҳимоя қилишда ишончли кафолат, тоғдек таянч бўлиб келаётган миллий армиямиз қўшинларида жанговар тайёргарлик, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, таъминот, ижтимоий муҳофаза йўналишларида бошланган ишлар изчил давом эттирилишини таъкидлади.

Дарҳақиқат, ўтган йил давомида қўшинларда жиддий ўзгаришлар, ислоҳотлар ўтказилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини ривожлантириш, ҳарбий жамоаларга уйғоқ руҳни олиб кириш, жанговар тайёргарлик, таъминот ва бошқа йўналишларда тўп­ланган муаммоларни ҳал қилиш, лўнда қилиб айтганда армиянинг қиёфасини тубдан ўзгартириш учун жиддий ҳаракатлар амалга оширилди. Дунё­да содир бўлаётган ҳодисаларни, ҳарбий ва мудофаа соҳасидаги янгиликларни таҳлил этган ҳолда илғор тажрибаларни ўрганиш, ҳарбий хизматчиларни мутахассислигидан келиб чиққан ҳолда ҳар томонлама тайёрлаш борасида амалий ишларга қўл урилди. Бу жараёнда ҳарбий округимизда аскардан то қўмондонгача, оддий хизматчидан то тажрибали мутахассисгача – барча фаол иштирок этди. Натижада кўплаб ютуқларга эришдик. Пандемия шароитида ҳарбий хизматчиларимиз ўз бурчи ва мажбуриятларига виж­донан ёндашиб, Ватан олдидаги қасамёдига содиқ қолдилар.

Қўшинларнинг жанговар хизмат фаолиятини такомилига етказиш бўйича дала-ўқув майдонларининг инфратузилмаси бутунлай қайта кўриб чиқилди. Ўқув жойлари зарур воситалар ва анжомлар билан жиҳозланди. Ҳар бир мутахассиснинг мураккаб шароитдаги кучли руҳий зўриқиши ва жисмоний юкламада чидамлилигини ошириш борасида жанг шароитидаги тарбиявий ишлар такомиллаштирилди. Ҳарбий хизматчилар исталган вақтда, ҳаракат ҳолатидан қатъи назар қўйилган вазифани бенуқсон бажара олишига эришиши учун энг замонавий ахборот коммуникация технологиялари амалиётга жорий этилди.

Йил давомида «Мен ғолиб!» шиори остида ўтказилган жанговар тайёргарлик машғулотларида, танлов ва мусобақаларда интеллект ва таҳлилий тафаккур қўшинларни бошқариш, юқори технологияларга эга қурол-яроғларни ишонч билан қўллаш ва қўйилган вазифаларни бажаришга янгича ёндашувда муҳим аҳамият касб этди.

Давлатимиз раҳбари ва халқимизнинг юксак ишончига жавобан 2021 йилда ҳам мудофаа соҳаси ислоҳоти бўйича белгиланган вазифаларнинг сифатли амалга оширилиши, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали қўшинларни бошқариш тизимини, ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-маърифий йўналишдаги ишларни такомиллаштириш борасида қатор ишларни амалга оширишни мақсад қилиб қўйдик.

Инсон ўзлигини англагани, насл-насабини чуқурроқ билгани сари юрагида Ватанга муҳаббат туйғуси илдиз отиб, улғая боради. Бу илдиз қанча теран бўлса, туғилиб ўсган юртга муҳаббат ҳам шу қадар юксак бўлади. Бу Ўзбекистон тупроғида яшаётган, уни ўз она Ватани деб биладиган барча миллат ва элатларга бирдек дахлдордир.

Халқимиз бой тарих, юксак маданият ва буюк маънавиятга эга. Зеро, энг қалтис ва таҳликали даврларда миллатимизга умид ва ишонч берган, уни ёвларга қарши курашга ундаган, аждодларимизни илмий кашфиётлар, ҳарбий зафарларга, маърифат машъалини баланд кўтариб, жаҳолатга қарши чиқишга чорлаган беқиёс куч маънавий жасорат туйғусидир.

Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларини тизимли, босқичма-босқич ва самарали ташкил этиш мақсадида, таълим муассасалари, маҳаллалар, энг чекка ҳудудларда, ҳарбий қисмларда ўтказилаётган турли ўйин ва мусобақалар, Қўмондон ва ёшлар учрашувлари, мардлик сабоқлари, маънавий-маърифий тадбирларда илғор ҳарбий хизматчилар, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган Қуролли Кучлар фахрийлари, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларида, турли мусобақа ва танловларда ғолиб бўлган ёш авлод вакиллари иштирок этмоқда. «Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!» шиори мазмун-моҳиятига уйғун тарзда нишонланаётган Ватан ҳимоячилари куни тадбирларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий, маҳаллий кенгашлари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, «Нуроний» жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси ва уларнинг ҳудудий бўлимлари билан ҳамкорлик қилинмоқда.

Тарих синовидан ўтган ҳақиқат шуки, эзгу ғояларга, маънавий меросга, анъаналар ва замонавий талабларга асосланмаган ҳар қандай давлат тизими узоққа бормайди. Дунёда энг қийин иш инсонни тарбиялаш, унинг онгу тафаккурини шакллантириш, деган гап бор. Чунки бу борада қуруқ сўз ва ҳатто билим-тажрибанинг ўзигина кифоя қилмайди. Бу борада авваламбор, инсон ўзининг амалий иши ва эзгу саъй-ҳаракатлари, фидойилиги билан мақсаднинг тўғрилиги, ҳаққонийлигини исботлаб бериши керак.

Бизнинг мақсадимиз оддий ва ҳаётий – ҳарбий хизматчилар, шу жумладан, ёшлар қалби ва онгида инсоний туйғулар қарор топиши, олижаноб фазилатлар устувор бўлишига эришиш. Табиийки, бунда фарзандларимизнинг нафақат билимини ошириш, балки улар қалбида мустақиллигимизни мустаҳкамлаш билан боғлиқ янгича тафаккур, янги ғояларни камол топтириш, уларни юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва Ватанимиз тараққиётини таъминлаш йўлида эзгу ишларга рағбатлантириш, одамлар онгу шуурида ҳаётимизнинг турли соҳаларида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларга дахлдорлик, бунёдкорлик, келажакка ишонч ва шукроналик туйғуларини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.

Полковник З. САЙФУДИНОВ,

Тошкент ҳарбий округи

қўшинлари қўмондони