Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигида «2020 йилда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги ҳарбий қисм ва қўшилмаларида парвозлар хавфсизлиги ҳолатини таҳлил қилиш» мавзуида анжуман ўтказилди.

Дастлаб тадбир иштирокчилари пойтахтимиздаги Ҳарбий учувчилар ёдгорлиги пойига гулчамбарлар қўйиб, Ватан тинчлиги ва осойишталиги йўлида жон фидо қилган ҳамкасбларининг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Анжуманнинг очилиш маросимида мудофаа вазирининг ўринбосари – Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони генерал-майор А. Бурхонов сўзга чиқиб, мамлакатимизда Қуролли Кучлар, хусусан, ҳарбий авиация ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани, замонавий учиш аппаратлари харид қилиниб, уларни эркин бошқаришга қодир, ҳар томонлама юқори малакали кадрлар узлуксиз тайёрланаётганини таъкидлади.

Қўмондонликка қарашли барча қўшилмалар ва ҳарбий қисмлар командирлари, уларнинг ўринбосарлари иштирок этган анжуманда парвоз ишларининг ташкил этилиш ҳолати, авиация-муҳандислик таъминоти, муҳандис-техник ходимлар томонидан эришилган ютуқлар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, «2020 йилда парвозларни метеорологик ва орнитологик таъминлаш масалалари», «Парвозларнинг ер усти таъминоти воситалари ишини таҳлил этиш», «Аэродром-техник таъминоти, 2020 йилги парвозлар моддий-техник таъминотидаги камчиликлар ва уларни ҳал этиш йўллари», «Учувчи ва муҳандис-техник ходимларнинг соғлиғи ва тиббий таъминоти статистикаси» сингари мавзулардаги маърузалар йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Қолаверса, жорий йилда алоқа бўлинмалари ва радио ёритиш техник таъминоти парвозлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳаво бўшлиғидан фойдаланиш ягона бошқарув тизимининг бош маркази фаолияти сарҳисоби бўйича маълумот берилди.

– Пандемия ҳамда кутилмаган офатлардан жабрланган фуқароларни қутқариш ва эвакуация қилиш, беморларга зарур тиббий ускуна ва бирламчи дори-дармонларни етказиб беришда ҳарбий авиациянинг ўрни катта бўлди, – дейди подполковник Камолиддин Низомов. – Бу эса шахсий таркибнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлигини икки ҳисса оширди, десам хато бўлмайди. Бугунги анжуман олдимиздаги мақсад ва режаларни янада аниқ белгилаб, бор куч-ғайратимизни Қуролли Кучларимиз нуфузини ошириш учун сафарбар этишга ундайди.

Анжуман сўнгида қўмондонлик томонидан парвоз хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар ўртага ташланди ҳамда келгусидаги устувор вазифалар белгиланди.

 Дилшод РЎЗИҚУЛОВ, «Vatanparvar»