«Ҳамдўстлик – 2020»

Ўзбекистон ва Тожикистон Республикаси мудофаа вазирликларининг махсус операция кучлари ўртасида ўзбек – тожик ҳамкорлигидаги антитеррор махсус-тактик ўқув машғулоти юқори савияда ўтказилиб, кўзланган мақсадга тўла эришилди.

Ҳамкорликдаги ўқув жараёнини Ўзбекис­тон Республикаси мудофаа вазири Баҳодир Курбанов ва Тожикистон Республикаси мудофаа вазири Шерали Мирзо ҳамда бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар кузатиб борди.

Шундай қилиб, Тожикистон ­Республикасининг Хатлон вилоя­тида жойлашган «Фахробод» ­дала-ўқув майдонида бўлиб ўтган ҳамкорликдаги антитеррор ўқув машғулоти режасига кўра, чегарани бузиб ўтган ноқонуний қуролланган тузилмалар ҳужумини қайтариш мақсадида аввал вакилларимиз томонидан ҳаво разведкаси ўтказилди, шундан сўнг аниқланган шартли душманнинг ҳаракатланаётган нуқтасига ­қарата авиация зарбалари берилди. Чегарага уюштирилган шартли ҳужумни қайтаришда Тожикистон Республикасининг Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари ҳамда Давлат миллий хавфсизлик комитети Чегара қўшинлари иштирок этди.

Шартли душман томонидан эгаллаб олинган бинони қуршаб олиш, чегарани бузиб ўтган газандаларни яксон этиш ва асирларни қутқариш амалиёти кейинги эпизодларда кўриб чиқилди. Бунда юқори қўмондонлик томонидан берилган маълумотга кўра, ноқонуний қуролланган террорчилар бино ичида асирларни гаровга олиб, ўз шартлари ижросини талаб этмоқда. Вакилларимиздан иборат тактик ҳаво десантчилари гуруҳи Ми-8 вертолётидан арқон ёрдамида тушиб, бинонинг юқори қисмидан кейинги 3 ­­та ишғол қилиш гуруҳларини ўт очган ҳолда қўллаб-қувватлаб турди. Ишғол қилиш гуруҳлари бино ичидаги ноқонуний қуролланган террорчиларни йўқ қилиб, асирларни озод этди. Йигитларимизнинг аниқ ва ишонч­ли ҳаракати жанговар топшириқнинг белгиланган вақтдан илгарироқ бажарилишига замин яратди.

Мудофаа қудратини менсимаган шартли душман кўрган талафоти сабаб ортга чекина бошлади. Тактик режага кўра, бунда Ватан ҳимоячилари томонидан ноқонуний қуролланган тузилмаларни таъқиб қилиш амалиёти ўтказилади. Зеро, душманнинг тирик қолган кучлари ўзининг ғаразли нияти билан келган жойига қайтиб кетолмасин ва кун келиб бу ишини қайта такрорламасин! Мазкур эпизод ҳам ҳамкорликдаги гуруҳлар томонидан ўта муваффақиятли тарзда бажарилди.

Ўқув машғулоти давомида шунингдек, шартли аэропортда ноқонуний қуролланган тузилмани қуршаб олиш ва йўқ қилиш, ­самолётдаги асирларни озод этиш вазифалари ҳам бажарилди.

Ўқув якуни муносабати билан саф тортган икки давлат ҳарбий хизматчилари Ўзбекис­тон ва Тожикистон Республикаси мудофаа вазирлари томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Ҳар икки давлат ­мудофаа вазирлари мазкур ўқув машғулотлари мамлакатларимиз армияларининг жанговар қудратини оширишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

 

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ташриф давомида дала-ўқув майдонида ҳарбий хизматчиларимиз учун яратилган шароитлар билан танишди. Тожикистон ­мудофаа вазири Шерали Мирзо ҳамроҳлигида қадимий адрасларимиз ҳамда ҳунарманд ва кулоллар томонидан тайёрланган кўза ва лаганлар, қўл меҳнатида ишланган турли кўринишдаги сопол идишлар билан миллий урф-одатларимизга ҳамоҳанг тарзда яратилган «ўзбек миллий бурчаги»ни кўздан кечирди.

«ҲАМДЎСТЛИК» –

ўзбек – тожик қўшма ўқув машғулоти

2018 йил – икки давлат ўртасида ҳарбий ҳамкорлик ўрнатилган;

2018 йил сентябрь – Тожикистоннинг «Чорух-Дайрон» ўқув маркази ва «Нурафшон» полигонида илк қўшма машғулот;

2019 йил апрель – Тожикис­тоннинг «Фахробод» полигонида;

2019 йил сентябрь – Наманган вилояти «Ғурумсарой» дала-ўқув майдонида шартли террорчиларни йўқ қилиш бўйича малака оширилган.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,

«Vatanparvar»

Хатлон – Тошкент