Мудофаа вазирлиги тиббий таъминот ва Тошкент шаҳар тиббиёт бошқармалари ташаббуси билан Марказий ҳарбий клиник госпиталь, Мирзо Улуғбек тумани 8-оилавий поликлиникаси шифокорлари ва ҳарбий прокуратура ходимлари ҳамкорликда Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари ҳолидан хабар олдилар.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, концентрацион лагерлар ва Ленинград қамалида бўлган инсонлар, меҳнат фронти фахрийлари соғлиғини доимий равишда назорат қилиш дастури доирасида Мирзо Улуғбек туманининг Шўртепа ва Шукур Бурҳонов маҳалласида яшовчи икки нафар отахон тиббий кўрикдан ўтказилди. Марказий ҳарбий клиник госпиталь ҳамда Мирзо Улуғбек тумани 8-оилавий поликлиникасининг кардиолог, офтальмолог, терапевт, оториноларинголог каби тажрибали шифокорлари замонавий тиббий ускуналар ёрдамида Равиль Битеев ва Джафар Мирзаевнинг соғлиғини назорат қилдилар. Ўтказилган текширув натижаларига асосланган ҳолда фахрийларга тегишли тиббий тавсиялар берилди.

3-Белоруссия фронтида жанг қилган СУ-76 (самоходная установка, ўзиюрар артиллерия мосламаси) ва танк механик-ҳайдовчиси Равиль Битеев ҳам, Волхов фронтида НКВДнинг 115-темир йўл полки ва 102-чегара бўлинмасида хизмат бурчини ўтаган ўқчи Джафар Мирзаев Иккинчи жаҳон урушининг 1-гуруҳ ногирони сифатида 8-оилавий поликлиникаси рўйхатига олинган. Поликлиника шифокорлари томонидан бу икки отахоннинг соғлиғи борасида доимий назорат ўрнатилган бўлиб, тиббиёт ҳамширалари ва масъул шахслар уларнинг ҳолидан мунтазам хабар олиб туришади.

Фазлиддин ЧОРИЕВ