Жанговар бўлинмаларнинг ҳаракатчанлик, ўзини ўзи бошқариш даражасини ошириш мақсадида ўтказилаётган мураккаб машғулотлар ҳарбий хизматчиларнинг ҳар хил усулларда шахсий таркибни ўқув-жанговар вазифаларни сифатли амалга ошириш, соҳа бўйича янги усул, услубларни ўзлаштириш ва тажриба алмашишида, мамлакатимиз хавфсизлигига қарши қаратилган ҳар қандай таҳдид ва хатарларга қарши тезкор ҳамда самарали жавоб бериш қобилиятини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Урганч гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида жиддий синов машғулотлари ўтказилиб, унда бўлинмаларнинг ўқув йили давомида эгаллаган назарий билим ва амалий кўникмалари текширувдан ўтказилди. Шунинг­дек, дала-ўқув майдонида батальон шахсий таркиби томонидан жанговар техника ва ўқотар қуроллар ёрдамида амалий жанговар тактик ўқуви бўлиб ўтди.

Эрта тонгда ҳарбий округ бошқарув аппаратидан келган хабарга кўра, ҳарбий қисмда «Тревога!» сигнали эълон қилиниб, бўлинмаларни юқори жанговар шайлик ҳолатига келтириш бўйи­ча белгиланган барча элементлар бажарилди. Хусусан, шахсий таркиб огоҳ этилиб, бўлинмалар жамланиш майдонида қисқа вақт ичида саф тортди. Техникалар ўқув-жанговар вазифаларни бажаришга тайёр ҳолатга келтирилди.

Экипажлар шай ҳолатга келтирилган жанговар техникалардан жой эгаллаб, сафарга чиқиш учун барча талабларни бажаришди. Бир неча дақиқаларда жанговар ва ҳарбий техникалар ҳарбий қисм ҳудудини тарк этиб, Урганч гарнизони дала-ўқув майдони томон йўл олди. Узоқ масофага марш ҳолатида юрган ҳарбий техникалардан иборат колонна Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасининг пост-патруль хизмати ҳамда Нукус гарнизони ҳарбий автомобиль назорати инспекцияси ходимлари томонидан бошқарилиб, олис манзил томон элтувчи йўлларда огоҳлик ва ҳушёрлик таъминланди.

Ўқув машғулотини максимал даражада реал вазиятга яқинлаштириш мақсадида йўналиш маршрутида қўққисдан шартли равишда омма­вий қирғин қуроллари ҳамда портловчи моддалар қўлланилди. шартга кўра, бўлинмалар колонна бўлиб марш ҳаракатини ўтказиб, дала-ўқув майдонига етиб келишди ҳамда қўшинлар жойлашуви ва қўриқловни ташкил этди.

Эртаси куни тонгдан батальон шахсий таркиби жанговар техникалар билан тактик машғулотнинг амалий ўқ отиш қисми ўтказилаётган ҳудуд томон йўл олиб, позицияларни эгаллади.

Майдонда қад кўтарган турли ҳажм ва шакл­даги нишонлар ўқотар қуроллар ва жанговар техникалар ёрдамида берилган зарбалардан тез фурсатда бирин-кетин яксон этилди.

Майор Тимур НАРЗИЕВ,

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати бошлиғи