2017 йил ноябрда давлат мудофаа буюртмаларини шакллантириш ва ҳарбий соҳада ишлаб чиқаришни такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев фармони билан Мудофаа саноати давлат қўмитаси ташкил этилганди.

Ушбу қўмита зиммасига давлат мудофаа буюртмаларини шакллантириш ҳамда мудофаа аҳамиятига эга бўлган ишлаб чиқаришни ривожлантириш масъулияти юклатилган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳаракатдаги устахоналар ҳам ҳарбий ва махсус техникаларни таъмирлаш, модернизация қилиш борасида фаолият олиб бормоқда. Яқинда барча ҳарбий округлардаги ана шундай устахоналар замонавий станоклар ва таъмирлаш хизматини кўрсатишга мўлжалланган техникалар билан таъминланди.

Шу муносабат билан Марказий ҳарбий округда жойлашган ҳарбий қисмлардан бирида замонавий станоклар ва таъмирлаш хизматини кўрсатишга мўлжалланган техникалардан фойдаланишни йўлга қўйиш бўйича ўқув йиғин машғулоти бўлиб ўтди. Ҳарбий қисмнинг ҳаракатдаги таъмирлаш устахонасида ташкиллаштирилган ушбу йиғинда барча округлардан келган ва шу соҳада хизмат бурчини ўтаётган ҳарбий хизматчилар иштирок этди. Йиғин қатнашчилари машғулотлар давомида олиб борилган ҳар бир иш жараёнини диққат билан ўрганишди. Уларга мутахассислар томонидан станокларда амалга ошириладиган ишлар бўйича керакли техник дастурлар йўналишида ва хавфсизлик қоидаларига амал қилиш борасида керакли маълумотлар берилди.

Таъмирлаш хизмати мутахассислари қисқа вақт давомида бу техникалардан фойдаланишни ўзлаштириб, бугунги кунда бош­қа округлардан келиб йиғинда қатнашаётган ҳамкасбларига ўз кўникма ва тажрибаларини ўргатишди. Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қурол-аслаҳа таъмирлаш секцияси устаси сержант Илҳом Қодиров ўз мутахассислигидан ташқари бошқа станоклардаги иш жараёнларини диққат билан кузатиб борди. У каби ҳарбий хизматчиларнинг имкониятдан унумли фойдаланиб, бошқа йўналишларда ҳам тажрибасини орттириб бориши қисмларда мавжуд техникаларнинг жанговар шайлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Марказий ҳарбий округ тасарруфидаги ҳарбий қисм устахонаси бошлиғи подполковник Ғулом Сайидовнинг таъкидлашича, таркиби 26 нафар ҳарбий мутахассис ҳамда саккиз нафар Қуролли кучлар хизматчисидан иборат ҳаракатдаги таъмирлаш устахонасида автомобилларга тент қопламалар тайёрлаш, турли ўқотар қуроллар учун тасмалар тикиш, автомобиллар ва ҳарбий техникалар блок, цилиндр, тирсакли валларни йўниш, енгил автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, авто ҳамда зирҳли техникаларнинг двигателларини капитал таъмирлаш каби ўндан ортиқ цехлар фаолият олиб бормоқда. Устахонанинг замонавий станок­лар ва таъмирлаш хизматини кўрсатишга мўлжалланган техникалар билан таъминланиши бу борадаги хизмат турларини такомиллаштириш ва жадаллаштириш имкониятини берди.

Шунингдек, устахонада ҳарбий буюртмалардан ташқари аҳолига, бошқа корхона ва ташкилотларга ҳам хизмат кўрсатиш мумкин. Устахона гаражида Иккинчи жаҳон урушида фойдаланилган тўртта ретро-автомобиль янги кўринишга келтирилиб, капитал таъмирланганлиги фик­римизнинг исботидир. Ўз ишининг устасига айланган ҳарбий хизматчилар бугунги кунда «Победа» русумли енгил машинани сафга қўшиш ишлари билан астойдил меҳнат қилишмоқда.

Камолиддин АСРОР