Нукус ҳарбий прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинларига қарашли ҳарбий қисмлар билан ҳамкорликда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Нукус туманида истиқомат қилаётган Қодирбой ота Нормановнинг ҳолидан хабар олинди. Меҳмонлар отани Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги байрами билан табриклаб, унга эсдалик совғалар топширди.

Худди шунингдек, Гулистон ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сирдарё вилояти бош­қармаси ва вилоят қўриқлаш бошқармаси ҳамда Янгиер шаҳри ҳокимлиги, «Нуронийлар» жамоатчилик кенгаши, маданият бўлими ва шаҳар рус маданияти маркази жамоаси билан ҳамкорликда Янгиер шаҳрида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Алексей Семёнов хонадонига ташриф буюрилди. Ташриф давомида уруш фахрийси А. Семёнов Иккинчи жаҳон урушининг аянчли оқибатлари ва у ерда бошидан кечирган оғир дамлари ҳақида сўзлаб берди. Самимий суҳбатдан сўнг А. Семёновга совғалар топширилди, шунингдек, шифокорлар томонидан соғлиғи текширилиб, керакли тиббий муолажалар қилинди.

Бундан ташқари, Тошкент ҳарбий прокуратураси томонидан Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмлари, Чиноз тумани мудофаа ишлари бўлими, «Нуронийлар» жамоатчилик кенгаши ва «Оила» илмий-амалий маркази билан ҳамкорликда Иккинчи жаҳон урушида қаҳрамонлик кўрсатган Оруш ота Турғунов ва Йўлдош ота Норматовнинг хонадонларига ташриф буюрилди. Улар билан мароқли ва қизғин суҳбатлар ўтказилди. Уруш фахрийларига Ғалабанинг 75 йиллиги байрами муносабати билан эсдалик совғалар берилди.

Бу каби тадбирлар мамлакатимиз бўйлаб қизғин давом этмоқда.

Адлия подполковниги

Бобир САХАДДИНОВ,

Республика ҳарбий прокурорининг ёрдамчиси