Коронавирус инфекцияси ҳаво-томчи ва маиший мулоқот йўллари орқали юқадиган, тана ҳароратининг кўтарилиши, йўтал, нафас олишнинг қийинлашиши, умумий ҳолсизлик каби белгилар билан кечувчи ўткир юқумли касаллик ҳисобланади.

Қандай пайдо бўлди?

Унинг пайдо бўлиши ҳақида шу кунгача турли тахминлар мавжуд бўлса-да, тасдиқланган аниқ бир маълумотлар йўқ. Лекин ҳайвонларда учрайдиган бу вирус ўз хусусиятини ўзгартириши (мутация) оқибатида инсонга юқиши, натижада эса одамлар орасида тарқалишига сабаб бўлган бўлиши тахмин қилинмоқда.

Касалликнинг белгилари биринчи бўлиб Хитойнинг Ухан шаҳрида 2019 йилнинг 8 декабрида қайд этилган эди. 30 декабрда оммавий ахборот воситаларида эпидемик чақнаш юзага келганлиги тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинди. 2020 йил 9 январь куни касалликнинг қўзғатувчиси янги коронавирус эканлиги, 11 январда эса ушбу касаллик туфайли биринчи бемор, 61 ёшли Хитой фуқароси вафот этганлиги, 13 январдан бошлаб Хитойдан ташқарида ҳам касаллик қайд этила бошлагани, 20 январда ушбу вируснинг одамдан одамга юқиш ҳолати, 11 февраль куни янги коронавирусга COVID-19 деб ном берилгани, 3 март куни вируснинг янгиланган иккинчи штамми аниқлангани тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинди.

Ушбу инфекция жорий йилда 120 дан ортиқ давлатларда рўйхатга олинганлиги сабабли 2020 йил 11 март куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан дунёдаги вазият «пандемия» ҳолати деб эълон қилинди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Респуб­ликасига қўшни бўлган Қозоғистон ва Афғонистонда ҳам беморлар қайд этилмоқда.

Республикамизда коронавирус

инфекцияси бўйича вазият

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги коронавирусга қарши марказий штабининг маълумотига кўра, 2020 йил 16 март ҳолатига мамлакатимизда ҳам коронавирус инфекцияси қайд этилди. Ҳозирда шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даволаш ва эпидемиологик суриштирув ишлари ўтказилмоқда. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган турли маълумотлар асосланмаган, бундай маълумотларга ишониш ва ваҳимага тушиш ноўрин.

Юқиш йўллари

Касаллик икки хил йўл билан юқади:

биринчи, ҳаво-томчи йўли. Бемор одам аксирганда ва йўталганда вирусларни ҳавога ажратади. Шу ҳаводан нафас олган соғлом одамнинг ўпкасига вируслар тушади ва касаллик келтириб чиқаради.

Иккинчиси, маиший мулоқот йўли. Бемор одам билан қўл бериб кўришганда, касаллик қўзғатувчиси билан зарарланган буюмлар (эшик тутқичи, жамоат транспорти тутқичлари, идиш-товоқлар, беморнинг кийим-чойшаби ва бошқалар)ни ушлаган вақтда вирус иккинчи кишига ўтади. Қўлни ювмасдан кўз, бурун, оғиз шиллиқ қаватларига тегилганда ва овқатланган вақтда вирус организмга тушади.

Хавфлилик даражаси

Бу вирусни барча ёшдаги инсонлар юқтириб олишга мойил. Касаллик аксарият ҳолларда енгил кечади, лекин кекса ёшдаги инсонларда, сурункали касаллиги мавжуд бўлганларда, иммун тизими заифлашган одамларда оғир кечиши, ҳатто ўлим билан якунланиши мумкин.

Юққанлигини олдиндан

билиш мумкинми?

Вирус юққандан кейин, касаллик ривожланишигача бўлган давр 2 кундан то 14 кунгача бўлиши мумкин, бугунги кунга келиб касалликнинг яширин даври 24 кунгача бўлиши мумкинлиги тўғрисида маълумотлар бор.

Қуйидаги клиник

белгилари мавжуд:

– тана ҳароратининг кўтарилиши;

– қуруқ йўтал;

– нафас қисиши;

– тез чарчаш ва умумий ҳолсизлик;

– касалликнинг 6-8-кунларида нафас қисишининг кучайиши.

Инфекцияга қарши дори

воситалари ва вакцина

мавжуд­ми?

Ҳозирги кунда вирусга қарши бевосита таъсир этадиган дори воситалари ва эмлаш учун махсус вакцина мавжуд эмас. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва дунёнинг кўплаб давлатлари томонидан вирусга қарши вакцина ва дори воситалари яратиш устида ишлар олиб борилмоқда.

Олдини олиш учун

нималар қилиш керак?

Қўлларни тез-тез ва совунли сув билан яхшилаб ювиш ва спиртли дезинфекцияловчи воситалар билан зарарсизлантириш, овқат тайёрлаш давомида, овқатланишдан олдин ва ҳожатхонадан кейин қўлларни ювиш;

юз, кўз, бурун ва оғизни ювилмаган қўл билан ушламаслик;

имкони борича аҳоли кўп тўпланадиган жойлар (бозор, кинотеатр, вокзал, дўкон ва шунга ўхшаш жойлар)га бормаслик;

йўталганда ва аксирганда оғиз ва бурунга бир марталик салфетка тутиш, салфетка бўлмаган тақдирда тирсак ёки енг билан оғиз ва бурунни ёпиш;

бадантарбия билан мунтазам шуғулланиш, чунки бунда инсон танасида қон айланиши яхшиланади, иммун тизими мустаҳкамланади;

шамоллаган ва гриппга чалинган беморлар билан яқин мулоқотда бўлмаслик, зарурат туғилганда эса шахсий ҳимоя воситасидан (ниқоб, қўлқоп) фойдаланиш;

юқорида кўрсатилган касаллик белгилари кузатилганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш ёки телефон орқали тез тиббий ёрдам мутахассисларини чақириш.

Тиббий хизмат подполковниги Т. ЭШҚОБИЛОВ,

Мудофаа вазирлиги Санитария-­эпидемиология назорат маркази бўлими бошлиғи