Жануби-шарқий Европада, Болқон оролининг жануби ва унинг атрофидаги оролларда (энг йириклари – Крит, Эвбея, Родос ва Лесбос) жойлашган, аҳоли сони бўйича унча катта бўлмаган (деярли 11 миллион киши) Греция Республикаси Қуролли Кучлари мамлакат озодлиги, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун мўлжалланган.

Ҳозирги даврга келиб умумий сони 140 минг кишини ташкил этувчи мунтазам армия бу кўрсаткич бўйича Россия, Туркия, Украина, Франция, Германия, Италия ва Буюк Британиядан кейин Европада 8-ўринни эгаллаб турибди.

Бундан ташқари, армия резервида 221 минг киши, ҳарбийлаштирилган қўшилмалар таркибида 4 минг киши бор. Умумий ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонун асосида бутланувчи Қуролли Кучларга асосан 19 – 45 ёшдаги эркаклар чақирилади, 17 ёшга тўлган ўсмирлар ҳамда аёллар ихтиёрий тарзда ҳарбий хизматга олиниши мумкин. Қуролли Кучларнинг қайси тури бўлишидан қатъи назар, мажбурий ҳарбий хизмат муддати 1 йилни ташкил этади. Греция 1952 йилда НАТО таркибига қабул қилинган, 1953 йилда эса мамлакат ҳукумати ўз ҳудудида АҚШ ва НАТО ҳарбий базаларини жойлаштиришга рухсат берган. Қизиқарли томони шундаки, Шимолий альянс аъзоси бўлган Греция НАТОнинг бошқа бир аъзоси – Туркияга ўзининг ягона эҳтимолий душмани сифатида қарайди. Айнан шу сабабли Греция альянснинг Қуролли Кучларни сезиларли қисқартириш ва муддатли чақирувдан бутунлай воз кечиш борасидаги талабларига амал қилмаслиги билан ажралиб туради. Мамлакат армияси чақирув асосида бутланишда давом этмоқда, жанговар таркибдаги ҳарбий техника сони бўйича эса АҚШ ва айнан Туркиядан кейин НАТО таркибида 3-ўринда туради. Шу билан биргаликда, Греция катта миқдордаги жанговар техника ва қуролларни Россиядан харид қилувчи НАТО таркибидаги ягона давлат ҳисобланади. Ҳарбий мақсадларга йўналтириладиган маблағлар миқдори мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 4,3 фоизини ташкил этади (турли маълумотларга кўра, 5-5,5 млрд доллар атрофида). Қуруқликдаги қўшинлар, Ҳарбий ҳаво ва Ҳарбий денгиз кучларидан ташкил топган Греция Қуролли Кучларининг олий оператив бошқарув органи Миллий мудофаа Бош штаби ҳисобланади.

Қуруқликдаги қўшинлар

Греция Қуролли Кучлари умумий миқдорий таркибининг 75 фоизини ташкил этувчи Қуруқликдаги қўшинлар тўртта армия корпуси ва иккита қўмондонликдан иборат. 1- ва 4-армия корпуслари мамлакатнинг шимолий ва шарқий чегаралари муҳофазаси учун масъул бўлган, Греция Қуролли Кучларининг энг кучли қўшилмаси ҳисобланувчи 1-дала армияси таркибига киради. 2-армия корпуси резерв ролини бажаради (унинг таркибига денгиз, пиёдалари, ҳаво десанти ва аэромобиль бригадалар киради). 3-армия корпуси НАТО доирасида ҳаракатланиш учун мўлжалланган тезкор кучларни ифодалайди. Ички вилоятлар ва ороллар қўмондонлиги Эгей денгизидаги ороллар мудофааси учун жавоб беради, унинг таркибига Крит оролида жойлашган дивизия ва бошқа ороллардаги рота ёки батальон ўлчамидаги гарнизонлар киради. Қўллаб-қувватлаш қўмондонлиги фронт орти таъминоти учун масъул ҳисобланади. Қўшин тасарруфида турли русум ва типдаги танклар, зирҳли жанговар машиналар, оператив-тактик ракеталарни ишга тушириш қурилмалари, дала артиллерияси тўплари ва миномётлар, танкка қарши кураш воситалари, бараварига ўт очувчи ракета тизимлари, зенит-ракета комплекслари, танкка қарши ракеталарни ишга тушириш қурилмалари, армия авиациясига қарашли самолёт ва вертолётлар бор (инфографикага қаранг).

Ҳарбий денгиз кучлари

Мамлакатнинг ҳудудий сувларида патруллик вазифаларини амалга ошириш, турли денгиз операцияларини бажариш учун мўлжалланган бу турдаги қўшинларга сўнгги йилларда Грецияда ҳукм сураётган иқтисодий муаммолар катта таъсир кўрсатди. Кема ва катерларнинг маълум қисми эскириб кетгани сабабли ҳисобдан чиқарилди, янги кемалар қуриш дастурини амалга ошириш ишлари сустлашди. 2014 йилга оид маълумотларга кўра, Ҳарбий денгиз кучлари тасарруфида 8 та сувости кемаси, 14 та фрегат, 15 та ракета катери, 12 та канонерка (ўрта калибрли тўплар билан қуролланган кичик ҳарбий кема), 6 та соқчи катер, 7 та тралчи кема, 12 та десант кемаси ва 36 та ёрдамчи кема мавжуд. Сўнгги йилларда Греция Ҳарбий денгиз кучлари яна 2 та «Тип-214HN» типидаги дизель-электр сувости кемасини қабул қилиб олди. Айтиш жоизки, Греция кўп сонли сув­ости флотига эга бўлган 15 та мамлакат қаторидан жой олган. Шунингдек, ҲДКга қарашли денгиз авиацияси ихтиёрида 19 та кемага қарши ва 2 та кўп мақсадли вертолёт бор.

 Ҳарбий ҳаво кучлари

Бу турдаги қўшин таркибидан қирувчи, қирувчи-бомбардимончи, разведка, транспорт, ўқув-машқ самолётлари ва вертолёт эскадрильялари, Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларига қарашли зенит-ракета дивизионлари жой олган. ҲҲК катта миқдордаги жанговар самолётларга эга. Жумладан, қўшин ихтиёрида АҚШ, Франция, Россия ва бошқа мамлакатларда ишлаб чиқарилган турли тип ва русумдаги 400 га яқин жанговар, транспорт ва ўқув самолётлари, 100 га яқин вертолётлар бор. Ҳаво ҳужумидан мудофаа қисмлари 500 га яқин зенит-ракета комплекслари ва турли калибрдаги зенит тўплари билан таъминланган.

Пўлат Сайдивалиев тайёрлади.