Кўклам шукуҳи оламни бирпасда яшнатиб юборди. Қиш ичи мунғайиб турган дарахтлар яшил либосларини кийди. Дала-даштлар лолақизғалдоқлар билан безанди. Қир-адирларда ҳам баҳорнинг минг бир жилоланишини кўрасиз. Кўкламнинг шундай тароватли кунларида Жиззах вилояти Бахмал туманининг  чекка ҳудудида ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари учун қуриб битказилган 64 хонадондан иборат кўп қаватли замонавий хизмат уйларини  ўз эгаларига топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тантанада мудофаа вазири, Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Сўзга чиққанлар янги уй соҳибларини самимий муборакбод этиб, армия­ни том маънода армия қиладиган, унинг жанговар қудрати ва ҳарбий маҳоратини юксалтирадиган куч – Қуролли Кучларимиз сафларида мардонавор хизмат қилаётган инсонлар эканлигини, шунинг учун ҳам ислоҳотлар жараёнидаги ўзгаришлар, янгиланишлар ҳарбий хизматчилар манфаатига қаратилаётганини алоҳида эътироф этишди ва ҳарбий хизматчилар давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътиборга  Ватанга бўлган садоқати, касбига бўлган меҳри, муҳаббати билан муносиб жавоб қайтаришига ишонч билдиришди.

Ҳа, Ватан учун қилинган хизмат ҳеч қачон беиз кетмайди. Маросимда иштирок этган кекса-ю ёш бу ҳаётий ҳақиқатга ўзлари гувоҳ бўлдилар. Айниқса, юз-кўзларда балқиган ҳавас ва ҳайратда, тиллардан ёғилаётган шукроналикда ҳарбий соҳага, ҳарбийларга бўлган ҳурмат намоён эканлиги бизни жуда қувонтирди.

– Ҳарбий хизматчиларга уй топшириш тантаналарини ҳар гал телевизорда кўрардим. Шукрким, шундай маросимда иштирок этиш, ҳарбийларнинг шодлигига шерик бўлиш менгаҳам насиб этди, – дейди суҳбатдошимиз Сафарали бобо Рус­тамов. – Ҳукуматимиз томонидан тинчлигимизга камарбаста бўлаёт­ган инсонларга кўрсатилаёт­ган бундай эътибордан жуда хурсанд бўлдим. Чунки ҳарбийнинг оиласи тинч, хонадонидаги шарт-шароитлари бадастир бўлса, хизматида унум бўлади, эл­юрт осойишталиги йўлида  фидокорона  хизмат қилади. Ишончимиз комилки, бугун ўз уйларига эга бўлган ҳарбий хизматчиларимиз бундайин ғамхўрликдан янада руҳланиб, шижоат-ла хизматларини давом эттиришади. Бу хонадонларда ўсиб-улғаяётган ёш авлод эса келажакда юртимизнинг янада обод бўлиши, гуллаб-яшнашига, унинг равнақига муносиб ҳиссасини қўшадиган комил инсонлар бўлиб шаклланади.

– Бугун хурсандчилигимнинг чеки йўқ, – дейди ҳарбий хизматчининг рафиқаси Дурдона Жуманова. – Янги уйимиз, кенг, ёруғ ва шинам. Худди орзуимдагидек, кирган инсоннинг кўзи қувнайди. Бунинг учун Президентимизга миннатдорчилик билдирамиз.

– Бугунги кун ҳеч қачон ёдимиздан чиқмайди, – дейди майор Абдулло Мираҳмедов. – Қувончимизни яқинларимиз билан бўлишдик. Тантанада ҳарбий хизматчилар шаънига илиқ фикр­лар айтилди. Бу эса кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшди. Мен, албатта, Ватан ишончини ёруғ юз билан оқлайман!

 

Майор Гулнора

ҲОЖИМУРОДОВА