Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманидаги 2-умумтаълим мактаби Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг таянч мактаби сифатида танлаб олинди.

Шу муносабат билан умумтаълим муассасасида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов, Хўжайли тумани ҳокими Женис Ермашев, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, туман мактабларининг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилар ва ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

Тадбир давомида бугунги кунда глобал ахборот маконидаги қарама-қаршилик, инсон, айниқса, ёш авлоднинг онги ва қалби учун курашнинг кучайиши шароитида ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясининг роли ва аҳамияти ортиб бораётгани ҳақида фикрлар билдирилди.

Қўмондон ушбу мактабни эндиликда ҳарбийлар оталиққа олганининг рамзий маъноси сифатида мактаб директорига Мудофаа вазирлигининг байроғини топширди. Шундан кейин меҳмонлар мактабда ўқувчиларнинг сифатли таълим-тарбия олиши, маънан ва жисмонан тоб­ланиши учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Хусусан, мактабда ўқувчиларнинг жисмоний тайёргарлик ва спорт билан шуғулланиши учун туман ҳокимлиги томонидан мактаб ҳовлисининг 200 квадрат метр майдонида «Workout» майдончаси, 300 квадрат метр бетон қопламали саф майдони қурилди. Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ҳамда туман мудофаа ишлари бўлими кўмаги билан мактабнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик ўқув синфи талабларга мос тарзда жиҳозланди. Ўқувчиларга бошланғич ҳарбий тайёргарликдан сифатли таълим бериш учун барча қулайликларга ва кўргазмали ўқув қуролларига эга бўлган синфхона, пневматик милтиқдан ўқ отиш учун алоҳида тир, мустақиллик йилларида Ватанимизни ҳимоя қилишда жон фидо қилган ҳарбий хизматчиларнинг хотирасини абадийлаштириш учун ажратилган «Хотира бурчаги» эндиликда ўсиб келаётган ёш авлод вакилларини ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга катта ҳисса қўша олади.

Туман хонандалари ҳамда ўқувчи-ёшлар томонидан куйланган куй-қўшиқлар, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари ва қўл жанги намойишлари барчага байрамона кайфият бағишлади.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати