Мамлакатимиз ўтган 30 йил давомида асрларга татигулик йўлни босиб ўтди. Тенглар ичра тенг бўлиб, жаҳон саҳнида муносиб ўрин эгаллади. Бу тарихий жараёнда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг ҳам ўз ҳиссаси бор.

Мазкур ташкилот мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб мамлакатимиз Қуролли Кучлари учун ҳарбий-техник мутахассислар, халқ хўжалиги учун оммавий касб ходимларини тайёрлаш, спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш ва оммалаштириш, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича узлуксиз иш олиб бормоқда. Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Тошкент вилояти кенгашининг бу борадаги ишлари таҳсинга сазовор. Мазкур кенгаш раиси Нурбек Отақўзиев билан бўлган суҳбатимиз ҳам  айнан  ташкилот фаолияти, ривожланиш йўналишлари ва унинг юртимиз ижтимоий ҳаётида ўрни хусусида бўлди.

– Маълумки, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган. Айтинг-чи, бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Дарҳақиқат, аҳоли, айниқса, ёшларни Ватанга садоқат, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар қалбида Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини шакллантириш – ташкилотимизнинг бош мақсадларидан биридир. Бу борадаги ишларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида тегишли ташкилот ва муассасалар, олий таълим муассасалари ҳамда мактаблар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганмиз. Бу эса ўтказиладиган тадбирларимизнинг қамрови, кўлами ва таъсирчанлигининг юқори бўлишини таъминлаяпти. Шу кунгача белгиланган режа асосида ва узлуксиз равишда маънавий-маърифий ва спорт  тадбирларини ўтказиб келяпмиз.

– Ёшларни кенг кўламли ҳарбий-спорт тадбирларига жалб этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда жойлардаги ўқув-спорт техника клублари, уларнинг  ҳузурида ташкил этилган спорт секциялари ва тўгаракларда яратилган шарт-шароитлар  ҳақида ҳам тўхталсангиз.

– Вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази, ўқув-спорт техника клублари ва уларнинг  ҳузурида ташкил этилган спорт секциялари ва тўгаракларда ташкилот фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлган спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш ва оммалаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда ҳам босқичма-босқич ислоҳотлар амалга ошириляпти. Жумладан, вилоят техник ва амалий спорт турлари марказига янги русумдаги велосипедлар, Ангрен автомобил мактабига 2 та картинг,  Чиноз ўқув-спорт техника клубига ўқ отиш спортини ривожлантириш учун пневматик қуроллар сотиб олинди. Пискент туманидаги ўқ отиш ТИРи тўлиқ таъмирдан чиқарилди, Бекобод шаҳридаги ўқув-спорт техника мактабида 2 та автосарой, тиббиёт пункти қурилди. Паркент туманидаги ўқув-спорт техника клуби ҳозирги кун талабларига тўлиқ жавоб берадиган даражада капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Таъкидлаш жоизки, жойлардаги спорт секциялари ва тўгаракларда спортнинг у ёки бу тури билан, яъни картинг, мотокросс, автокросс, авиамодел, ракетамодел, ўқ отиш, биатлон, дуатлон, триатлон каби спорт турлари билан шуғулланишни мақсад қилган ёшлар бепул таҳсил олиши мумкин.

Яқинда умумтаълим мактаблари ўқувчиларини мана шу йўналиш бўйича қамраб олиш мақсадида ташкилотимиз низомига асосан жойлардаги ҳар битта ўқув муассасаларимиз негизида бошланғич ташкилотлар фаолияти йўлга қўйилди. Бу ташкилотнинг вазифаси мактаб ўқувчилари орасидан спортнинг амалий ёки техник турларига қизиқиши баланд, бу борада иқтидорли ва қобилиятли бўлган ёшларни саралашдир. Бу жараён аллақачон бошланган. Мактабларда ходимларимиз тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боряпти.

– “Ёшлар” ва “Темир” дафтарига киритилган ёшлар учун қандай имконият ёки имтиёзлар яратилган?

– Жорий йилда ташкилотимиз томонидан бундай ёшлар учун ҳам имтиёз яратилган бўлиб, унга кўра, “Ёшлар  дафтари” га киритилган 87 нафар, “Темир дафтар” рўйхатида бўлган 862 нафар ёш автомобил мактабларимизда ҳайдовчилик курсларида бепул таҳсил олишмоқда.

Ташкилот томонидан ёшларни касбга ўқитиш масаласи уч босқичга бўлинган. Биринчи босқичда ҳайдовчилар тайёрланади. Бу босқич жорий йилнинг апрел ойидан бошлаб  расман фаолиятини бошлади. Иккинчи босқичда ёшлар техник хизмат кўрсатиш курслари бўйича бешта касб – вулканизаторчи, электраккумуляторчи, автоелектрик, авточилангар, газелектрпайвандчи касби бўйича ўқитилади. Учинчи босқичда мураккаб техникаларни бошқариш курслари фаолият бошлайди.

– Спортчилар Ватанни шарафлайди. Шу ўринда ташкилот тасарруфидаги ўқув-спорт техника клублари спортчиларининг эришаётган ютуқлари ҳақида  гапирсангиз.

– Спортчиларимиз нуфузли халқаро мусобақаларда муваффақият билан қатнашиб, Ватанни шарафламоқдалар. Эътирофга сазовор жиҳати бизнинг спортчиларимиз ёзги биатлон ва ўқ отиш бўйича доим пешқадам бўлиб келмоқда. Биргина мисол келтираман: 10 – 21-сентябр кунлари Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ўқ отиш бўйича ХИВ Осиё чемпионати бўлиб ўтди ва унда  ўзбекистонлик спортчилар умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринни эгаллашди. Бизни фахрлантирадиган жиҳати, мусобақада иштирок этган ўн бешта спортчидан ўн нафари “Ватанпарвар” ташкилотининг Тошкент вилояти кенгаши тасарруфидаги ўқув-спорт техника клублари спортчиларидир. Улар иккита олтин, еттита кумуш, битта бронза медални қўлга киритишди. Бу жуда катта натижа!  Ўша мусобақада спортчиларимиз – Ойбек Асилов, Ирода Азимбоева Осиё чемпиони бўлиб қайтди. Бир сўз билан айтганда ёш, умидли спортчиларимиз юртни шарафлаб, она Ўзбекистон байроғини баландларда ҳилпиратмоқда.

Айтиш жоизки, бу борада эришилаётган ютуқлардан ташкилотимиз тасарруфидаги ўқув-спорт техника клублари ва улар ҳузурида ташкил этилган спорт секцияларида етарлича шарт-шароитлар яратилганидан ва бу муассасаларда тажрибали устоз-мураббийлар сабоқ бераётганидан далолатдир.

– Мазмунли суҳбат учун ташаккур.

 

Маёр Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА суҳбатлашди.