Азиз ўқувчи, сизга бир қатор асарларни мутолаа учун тавсия қилдик. Улар орасида ўзида ҳаётнинг ўлмас қўшиқларини акс эттира олган бир парчагина достонлардан тортиб дунёнинг жамики тилларига таржима қилинган улкан асарлар ҳам бор. Бугун биттагина ҳикояни сизга тавсия қиламиз.

Бу ҳикоянинг номи “Элчи”. Уни турк адиби Умар Сайфиддин ёзган. У офицер эди. Бор-йўғи ўттиз олти йил (1884–1920) яшади. Умрнинг мазмуни йиллар билан ўлчанмаслигига унинг сермаҳсул ижоди далил! Ёзувчининг ҳикоялари бир неча тилларга таржима қилинган.

Бу ҳикояни ўқиган кунимдан бошлаб ҳаммага тавсия қилиб келаман. Чуқур таассурот қолдирган, менда. Ихтиёрсиз бугунги кун билан солиштираман. Шундай одамлар бугун ҳам бормикан? Юртим дея бир лаҳзада бор будидан кеча оладиган мардлар борми?!

“Элчи”дан ўқиймиз: “Парқу ўриндиқларга чўккан ҳорғин вазирлар оёқлари остидаги ял-ял ёнган гиламнинг турфа нақшларини томоша қилиш билан банд, мадорсиз қўли узун оппоқ соқолини тутамлаган шайхулаъзамнинг нурсиз кўзлари, гўё жуда олис ҳамда тушунарсиз нарсалар ҳақида ўй сураётгандек, бўшлиққа қадалган.

– Пошшолар, биз жасур бир инсонга муҳтожмиз… Эрон шоҳининг олтин-у олмос, зар либосларга бурканган элчиси подшоҳимизнинг қўлини ўпишга мушарраф бўлолмай, ул зоти олийларининг тиззасини ўпди, холос. Шубҳа йўқки, Эрон шоҳи ҳам бизнинг элчимизга худди шу йўсинда муносабатда бўлғай.

…Алалхусус, элчилик қилгучи одам ўта жасур бўлмоғи, керак бўлса, ўлимга ҳам тик бормоғи шарт. У давлатимиз шаънига оғир ботгучи ҳар бир хатти-ҳаракатга қарши чиқмоғи, ўлим таҳдид солиб турганда ҳам ҳақоратларга бўйин эгмаслиги лозим.

Шайхулаъзам соқол тутамлашни қўйиб қўлларини тиззаларига тиради, бошларида шукуҳли тожлар солланиб турган вазирларга бир-бир қараб чиқди-да, сўзида давом этди:

– Бале, шундай экан, жасурини топинг. Мен бундай эрни на амалдорлар, на сарой  ва на ҳатто мажлис аҳли ичинда учратдим. Сиз ҳам фикр қилинг”.

Жасурини топинг… бугунги давр бошқача. Дипломатия деган киброна жаранглайдиган бир сўз бор. Унинг ҳадисини олмоқ учун кў-ўп ўқимоқ керак, айёрлик, устомонлик ҳам зарар қилмайди. Аммо… Мардликка қайда ўқитилади?! Жасурликка ўқитиладиган жой борми? “Ахир, ҳадеб давлатдан олавериш инсофдан эмас, ниманидир фидо этиш керак-ку!” деган гапига амал қиладиган олийжаноб қалб эгалари қайси олий даргоҳларда тайёрланади?! Борми шундай даргоҳ?!

Бу ҳикояни ўқинг! Болаларингизга, ўғлингизга, қизингизга ўқиб беринг! Оила даврасида ўқинг, бир неча дақиқага, атиги бир неча дақиқаларга  телефонлар, компютер ва телевизордан воз кечинг, шу ҳикояни ўқиш учун!

Ўқиймиз: “Бу кун мажлис аҳли маккор ва қонхўр Эрон шоҳи ҳузурига кимни элчи қилиб жўнатишни билмай танг қолганди. Чунки ўзини Усмонли султонига тенг қўйган, ҳатто Шарқда улкан салтанат қуришга муваффақ бўлган бу кибрли шоҳ элчини турли йўллар билан камситишга ҳаракат қилиши, қаршилик кўрсатгудек бўлса, қозиққа ўтқизиши, тириклайин терисини шилиб олиши, хуллас, ваҳшийларча ўлдириши мумкинлиги ҳар кимга кундек равшан эди”.

Бундай ишга ким ҳам юрак ютиб чиқарди, айниқса, сарой аҳли? Ниҳоят шундай одам ҳам топилди.

Ўқиймиз: “ – Ким экан у?

– Муҳсин Чалабий.

– Касб-кори нима?

– У анча ўзига тўқ, деярли ҳар вақт китоб мутолааси билан машғул. Танимаслигингизга асос бор, афандим. Ном чиқарган хонадонларга асло қадамранжида этмас. Шуҳрат кетидан қувмайдиганлар тоифасидан ул…

– Боиси не?

– Билмадим. Балки юксалиш муқаррар суратда қулаш билан интиҳо топишини англаб етганидандир…”

Мен адабиётшунос эмасман, албатта. Аммо мардлик, фидокорлик, ватанпарварлик энг юксак пардаларда куйланган асарларни таний оламан. “Элчи” том маънода шундай асардир!

Келинг, Муҳсин Чалабийни яхшироқ танишга ҳаракат қиламиз: “…Муҳсин Чалабийнинг ақли расо, қолаверса, ҳеч кимга муте бўлмай яшаш учун етарли давлати ҳам бор эди. Унинг каттагина қўтони, Чамлижа ўрмони ортидаги ери манаман деган бойнинг мулкидан қолишмасди. У ҳалол яшар, ҳеч кимнинг олдида бўйин эгмас, камбағал-у бечорага, касалманд-у бошпанасизларга ёрдам бериб келарди. Хонадонидан меҳмон аримасди. У художўй, аммо сира мутаассиб эмасди. Муҳсин Чалабий она юртини ҳаддан зиёд севар, Ватанини Каъбадек муқаддас билар эди. Эътиқоди – Аллоҳдан ўзгасига сажда қилмаслик, қулнинг қўлига итоат этмасликдан иборат эди. Унинг фазилат-у илмига ҳайрон эдилар. Замондоши, таниқли олим Ибн Камол у ҳақда “Менинг устозим шу!” деганди. Муҳсин Чалабий биронта қасида ёзмаган ва ҳатто ўқимаган бўлса ҳам қалбан шоир эди. У қирқлардан ошган, аммо қаршисида намоён бўлган шон-шуҳратга элтувчи ҳеч бир йўлни танламаганди. У олтиндан жилоланган, ҳаворанг анвойи гуллар сочилган порлоқ бу йўлларнинг сўнггида инсонни аянчли ўлим кутажагини яхши биларди…”

Булар ҳаммаси эмас. У жасур жангчи ҳам эди. Урушларда камбағаллардан ташкил топган қўшинга раҳбарлик қилар эди. “Қилич изидан қолган чандиқ ялтираб турган дўнгпешана, оташин яноқлар, бақувват бўйин, йирик ўркачли бурун, бежирим салла. “Шоҳнома” саҳифаларида учрайдиган қадим паҳлавонларга ўхшаб кетади”.

Ҳикояда “ноёб пушти гавҳар билан безатилган мўжиза ҳирқа” учрайди. Подшоҳларга муносиб туҳфа, демак ғоят қимматбаҳо ҳирқа. Муҳсин Чалабий Истанбул аҳли орасида достон бўлган ана шу ҳирқада шоҳ Исмоил ҳузурига бормоқчи. Бу масъулиятли сафар учун хазинадан бериладиган олтинларни рад этган.

Ўқиймиз: “ – Шунча пулни қайдан топасан, ўғлим? – дея таажжубланиб сўради шайхулаъзам.

Муҳсин Чалабий қимматбаҳо ҳирқани қандай сотиб олишини тушунтирди:

– Ерни, қўтонни, уйимни ҳам гаровга қўйиб, тужжорлардан ўн минг олтин қарз кўтараман. Икки мингини от-улов ва хизматкорларга сарфлаб, қолган саккиз мингига ўша ҳирқани сотиб оламан.

Шайхулаъзам унинг режасини ақлсизликка йўйди.

– Қайтиб келганингда, – деди у, – ҳирқага ҳожат ҳам қолмайди. Бу либос фақат тантанали маросимларга ярашади. Уни сотиб олсанг, давлатингдан айрилиб, муҳтожликка гирифтор бўласан-ку!”

Шундан кейинги воқеаларни бир сўзда ифода этиш ёки мазмунини етказиш “Элчи” ҳикоясининг қимматини тушурган бўлур эди. Биз, албатта, бунга йўл қўя олмаймиз. Буни ҳикояни ўқиш асносида ўзингиз билиб оласиз. Мен ишонаман, бу ҳикояни ким ўқиса ҳам узоқ вақт унинг таъсирида қолиши шубҳасиз.

Сўзимизни қуйидаги бир парча билан шу ерда мухтасар қилишни лозим топдик.

Ўқиймиз: “Одамлар кейинчалик: “Бечора, умрининг охиригача Ускудор бозорида сабзавот сотиб кун кўрди, қисмати аччиқ, ҳаёти оғир кечди, лекин ҳеч кимнинг олдида бўйин эгмади”, деб гапириб юрдилар. Э, одамлар… у бор давлатини юрти учун бир дақиқада қурбон этганини улар қайдан ҳам билсин!..”

Ҳузурли мутолаалар, азизлар!

 

Инобат ИБРОҲИМОВА,

“Ватанпарвар”