Мудофаа вазирлигига қарашли Фарғона шаҳрида жойлашган ҳарбий қисм масъул офицерлари билан Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони Лолахон Муродовани йўқлаб, хонадонига бордик.

Ён-атрофимизда шундай камтар, бағрикенг, самимий инсонлар борки, улар билан суҳбатлашсанг, дилинг яйрайди. Ҳеч қанча фурсат ўтмай, яна ўша суҳбатни соғинасан. Уларнинг сўзлари ҳикматга бой, руҳиятни кўтаради, келажакка бўлган ишончни оширади. Ҳарбийларнинг йўқловидан кўнгли тоғдек кўтарилган қаҳрамонимиз билан кечган самимий суҳбатимиз дала шийпонида, бир пиёла чой устида давом этди.

– Бошимиздан ўтган қийинчиликларнинг барини сабр билан енгиб ўтдик. Сабр қилсанг, ғўрадан ҳолва битар, деб бежиз айтилмаган. Ўша пайтлари аёлларнинг тадбиркорлигига тўсиқлар бор эди. “Э, аёл киши ҳам қишлоқ хўжалиги билан шуғулланадими?!” деганлар кўп бўлган. Ҳозирги ёш фермерларнинг иқболи бор экан, қумлар орасида тортган азобларимизни кўришгани йўқ. Эндиги фермерлар тайёр ерга уруғ қадайди. Боз устига, давлатимиз фермерларнинг даромадини ўзига беряпти, техника оладими, уй оладими, ўз ихтиёрида. Бунақа имкониятни ким берган? Мен ёшларга шундай дориламон кунларда яшаётганимизга шукур қилинглар, дея бот-бот такрорлайман, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Лолахон Муродова. – Олдинлари кун бўйи далада бўлардик. Кунлик режани бажаргунга қадар тонг отарди. Каллайи саҳарда уйга бориб, онам қайнатган сутни симириб, яна далага кетардим. У пайтда автобус қаерда, усти очиқ, урушдан қолган ёғоч кабинали машиналардан фойдаланилган. Йўл чанг, машинадан тушаётган хотин-қизларни таниб бўлмасди, бош-оёқ тупроқ. Энди чиққан ниҳолларни шамол елиб, учириб юборарди. Ерга қайта уруғ қадаб, ҳамма ишни нолдан бошлаган кунларимиз бўлган.

Деҳқончилик илмини кимдан ўргангансиз, деган саволимизга заҳматкаш фермер қуйидагича жавоб берди:

– Болалигимда отам мотоциклига солиб, далага олиб келарди. Отам билан тенгма-тенг ишлардик. Қумлоққа қовун-тарвуз экиб кетардик. Ким ўйлабди пешонамга шу ернинг қумлари ёзилганини?! Чўлни ўзлаштириш, экинзорга айлантиришда ўзим ҳам иштирок этдим. Ерларни текислаш ҳазилакам иш бўлмаган. Отам уруш қатнашчиси бўлса, мен меҳнат фронти қатнашчисиман, деб астойдил ишладим. Шу кунга қадар отамнинг ишини давом эттириб келаётганимдан фахрланаман.

Қаҳрамон опа билан узоқ суҳбатлашдик. Вақт ўтиб бораётган бўлса-да, гурунг якун топишини сира истамасдик. Унинг сўзларидан илҳомланиб, онани, аёлни улуғловчи шеърлардан ўқиб бердим. Мушоира даврага завқ бағишлади. Ўзбекнинг оддий деҳқон аёли Лолахон опанинг босиб ўтган ҳаёт йўллари, ер билан “тиллаша” олиши уни Ўзбекистон Қаҳрамони даражасига кўтарди. Ортга қайтар эканмиз, эл фаровонлиги, халқимиз дастурхонининг тўкин-сочинлиги Лолахон Муродова каби Ватанга садоқат билан хизмат қилаётган юртдошларимизнинг ҳалол меҳнати самараси эканига яна бир бор иқрор бўлдик.

 

Подполковник

Йўлдош ХОЛИҚОВ,

Тоифаланган обектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги бошқарма бошлиғининг ўринбосари