Қўшинларнинг жанговар шайлигини ошириш, ҳар қандай вазиятларда юклатилган вазифани тезкор ва сифатли бажариш қобилиятига эга ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш ишларига бугун алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мудофаа вазирлиги “Чимён” тогъ тайёргарлиги ўқув-машқлар марказининг “Саридала” ўқув базаси ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилади.

Бутунлай замонавий кўриниш касб этган мазкур ўқув базасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда иштирок этган мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов ушбу ўқув база ҳарбий хизматчиларнинг, пировардида эса миллий армиямизнинг профессионал маҳорати ошишига муносиб ҳисса қўшишини таъкидлади.

Тогъ ён-бағрида барпо этилган мазкур замонавий бино ва иншоотлар эндиликда ҳарбий хизматчиларнинг тогъ шароитида ҳаракатланиш, ўз жанговар тайёргарлигини мустаҳкамлаш бўйича касбий билим ва малакасини шакллантирадиган масканга айланди. Қисқа вақт ичида капитал таъмирланиб, қайта реконструкция қилинган ўқув база барча қулайликларга эга.

Таъкидлаш керакки, тогъ ён-бағрида жойлашган ўқув базада тогъ тайёргарлиги бўйича илк билим ва кўникмаларни оширишга қаратилган барча ўқув нуқталари замон талабларига мос равишда барпо этилган. Керакли ўқув моддий база ва замонавий воситалар билан тўлиқ жиҳозланган.

Содда қилиб айтганда, ўқув база тогъ тайёргарлиги йўналиши бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга киришаётган ҳарбий хизматчилар учун дастлабки босқич вазифасини ўтайди.

Эътиборли жиҳати шундаки, бу ерда ҳар бир ҳарбий хизматчининг индивидуал ва профессионал тайёргарлигини ошириш, машқларни реал вазиятларга яқинлаштирилган ҳолда ташкил этиш имконияти мавжуд. Маросим давомида иштирокчилар учун кўргазмали машғулотлар ҳам ўтказилди. Бунда юрт ҳимоячилари ўқув жойларида турли мураккаб машқларни бажариб, юқори жанговар тайёргарлик ва маҳоратга эга эканликларини намойиш этишди.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу ўқув база келгусида она Ватанимизни муносиб ҳимоя қиладиган минглаб мард ва жасур ўғлонларнинг касбий тайёргарлигини оширишга, профессионал юрт ҳимоячилари сафини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти