Бу ўша йўл! Ҳеч ўзгармаган. Бетартиб ҳаракатланаётган машиналар омон бўлгур ўралар аро мисли чанғичи каби тўсиқ ошиб йўрғалайди. Кетяпмиз. Ҳайдовчи кўрсатиб кетаётган манави уйлар кўтарасига “Обод маҳалла” дастурига тушган.

Олтинсой тумани боғлари, олмазор-у узумзорлари билан машҳур. Бу юртдан кўп фидойи инсонлар, истеъдод соҳиблари, жўмард зотлар етишиб чиқган. Бу макон улугъ алломаларнинг равзайи покига айланган…

Тумандаги 9-мактаб муюлишига ҳам келдик. Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик ва тарих фани ўқитувчиси, захирадаги офицер Ҳабибулло Исматуллоев пешвоз чиқди…

…гача

 Олтинсой туманида бир мактаб борлиги, унда беминнатгина ташкил қилинган музейнинг овозаси юртимиз бўйлаб таралаётгани, музейни кўп йиллардан бери юритиб келаётган одам, ҳатто ўз маошини-да шу эзгу ишнинг ривожига йўналтираётгани ҳақида хабар келди. “Маошини ҳам йўналтирадигани… бўлмаса кераг-ов, ижтимоий тармоқларда бировларнинг ризқини қияётганлар, молини еб кетаётганлар ҳақидаги хабарлар бодроқдай урчиб турган шароитда ҳам шунақаси бўларканми?” деган ярим ҳазил, ярим чин хаёл билан “иш”га енг шимарарканман, Шукур Холмирзаевнинг “Ўзбеклар” ҳикояси сюжетини эслаб, ажабланмай қўйдим: бу халқ – буюк!

…дан кейин

Ҳабибулло муаллим хуштабиат, ширинсухан, ўсмирлар каби хипчагина – ғайрати ичига сиғмаган – бир гала эзгу режалар-у ниятлари рўёбига кўз тиккан хокисор инсон экан! Биринчи тасаввурим шундай бўлди. Мактаб ҳовлисидаги йўлакчадан музейга томон суҳбатлашиб йўл тортарканмиз, шу оралиқнинг ўзидаёқ Ҳабибулло аканинг олис қишлоқнинг бир мактабидан туриб қилган ишларига ҳавас қила бошладим. Ичкарига киргач, тамоман қойил қолдим!

Музейнинг шакли, Самарқандга бориб, Улуғбек расадхонаси рўпарасидаги музей каби – гир айлана. Биргина фарқи: Ҳабибулло муаллим музейининг “гир айлана”си ичида ҳам кўркам хона бўлиб, турфа экспонатлар билан тўлдирилган.

Ушбу мезейдаги нодир ашёлар, буюмлар, осори атиқалар батартиб даврлаштирилган. Милоддан аввалги асрларга тааллуқли сопол, мис ва темир идишлар, рўзғор буюмлари, қурол-аслаҳа бўлаклари; кийим-бош, қўл меҳнати сифатида қадрланадиган (ўтган асрларга тегишли!) нақшинкор сўзана-ю қуроқлар, кигиз-у гиламлар; нумизматика бурчаги; Иккинчи жаҳон уруши йилларидан “сўзловчи” экспонатлар; турли миллий чолғу асбоблар, дурадгорлик ва кандакорлик буюмлари, ўтмишдаги қурилишларда фойдаланилган деталлар, суратлар, хариталар, ўлкашуносликка дохил ашёлар – ҳайвонот ва наботот дунёсининг ноёб жониворлари ҳамда ўсимликларига тегишли қолдиқ ва намуналар, “табиат мўжизаси” деган таърифдан бошқа сўз айтиб бўлмайдиган, дарёлардан топилган антиқа шаклдаги тошлар, ажабтовур матоҳлар, турли тарихий йиллар-у воқеаларни қамраган китоблар, замонавий адабиётлар, халқаро илмий журналлар ва кўзим тушмай қолган яна қанчадан-қанча ажойиб экспонатлар – хаёлни бирров ташқи муҳитдан узиб, руҳиятни олис ва сирли тарихнинг муҳташам кенгликларига етаклайди!

– Қирқ йилдан бери муаллимман, ўзим Самарқандда таҳсил олиб, тарихчи бўлдим. Ҳарбий хизмат ва ҳарбий ҳаётга бўлган қизиқишим аввалдан айрича эди. Ўқувчиларга дастлабки ҳарбий кўникмаларни тўғри бериш муҳим. Улар шунга қараб хулоса чиқаради… Шу музейни ташкил қилганимдан бери ишимдан, ўзимдан қаноатланаман. Музейни тўлдириш учун кўплаб туманларга бордим, одамларнинг уйларида сақланаётган тарихий буюмларни олиб келдим. Кейин-кейин одамларнинг ўзлари ҳам ана шундай ашёларни музейимизга раво кўришди. Занглаган танга топишса ҳам менга тутқазадиган бўлишди. Элимга қуллуқ! Айниқса, шогирдларим. Улар ҳам музейга айрича меҳру муҳаббат билан келади. Мактабимизда шундай музей борлигидан, бу даргоҳ кўпларнинг тилига туша бошлаганидан фахр туяди. Инсон умри шундай экан-да, мухбиржон! Из қолдириши керак экан! Жанозаларда ҳам яхши инсон (марҳум) ортидан қолган фарзандлар, китоблар, боғ, кўприк, масжид-у мадраса, хуллас, инсонлар оғирини енгил қиладиган эзгу амаллар бежиз тилга олинмас экан… Бу музей ҳам бир боғдай гап! Менинг боғим! – дейди муаллим.

Ҳа-а… чиндан ҳам шундай! Ҳабибулло муаллимнинг бу гаплари этимни жимирлатди. Шу гапнинг ўзи ҳам бир шаҳарни обод қилиб юбориши мумкин! Бир аросатдаги, ҳаётда иккиланиб юрган инсонни тўғри йўлга солиб юбориши ҳеч гап эмас.

Шу пайт эшикда барваста, чамаси қирқ беш-эллик яшар бир киши кўриниш берди. Ҳабибулло муаллим меҳмонни таништирди. У Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси Техник таъминот кафедраси ўқитувчиси подполковник Фозил Сатторов экан. Айни дамда хизмат таътили билан она юрти Олтинсойга келган, Ҳабибулло муаллим билан қадрдон, тумандаги шундай музейнинг ривожига хайрихоҳ экан.

– Тўғриси, қойил қолиш керак, бир ўқитувчи бундан зиёд бўлмайди, эй, мухбир ука, ойлик маошини харж қилиб бўлса ҳам, музейни тикка қилган шу киши, яхшилаб ёзинг! Мен, “Ватанпарвар”нинг ҳар сонини ўқиб бораман! Мақола чиқса, қишлоғимда шундай музей бор, деб курсантларимга мақтанай, – дейди суҳбатимизга қўшилган подполковник Фозил Сатторов.

Музейда икки мингдан ортиқ катта-кичик экспонат бор экан. Бу ерга мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан, ҳатто хориждан ҳам меҳмонлар келиб тураркан. Улар музейда узоқ вақт қолиб кетар, экспонатларга маҳлиё бўлиб қолар эмиш.

– Музей ҳозиргидек кўркам эмас эди. Ўша пайтларда вилоятимиз ҳокими бўлган Эркинжон Турдимов сайёр қабул билан Олтинсойга келаркан, деган хабарни эшитиб қолдим. Сайёр қабулга бордим, навбат олдим, ҳокимга музей ҳақида айтдим. “Икки кунда таъмирлашни бошлаймиз, бобо, музей очган бўлсангиз, отангизга раҳмат!”, деди Эркинжон. Ҳақиқатан ҳам, у киши айтган муддатда таъмирлаш бошланди. Шу киши ҳам музейимизнинг обод бўлишига улкан ҳисса қўшди, – деб эслади Ҳабибулло муаллим.

Ҳабибулло Исматуллоев музей ишларидан ташқари асосий вақтларини ўқувчи-ёшлар билан ўтказар, уларни жамоавий ва индивидуал машғулотларда тоблар экан. Домла тайёрлаган мактаб жамоаси “Шунқорлар” ҳарбий-спорт мусобақасига қатнашиб, Сурхондарё вилоятида биринчи, республика босқичида эса тўртинчи ўринни эгаллаган.

Ана, иш! Ана, фидойилик! Қўлни бе­ринг-е, домла! Минг раҳмат, сизга, дегингиз келади. “Маънавият, маънавият” деймиз. Маънавият – оғизда, мажлис-у “хўжакўрсин” хоналарда қолса, тажрибага кўра, ҳеч қандай самара бермайди, “Оқшом эртаклари” каби утопик бир чўпчакдай ҳаворда қолади, хоссатан, бугунги шиддатли, “ютуб”ли, “телеграм”ли, “инстаграм”и бор муҳитда! Лекин маънавият Ҳабибулло муаллимнинг музейи сингари “моддийлашса”, кишилар, айниқса, ёшлар кўзича турли шакл-у шамойиллар орқали гавдаланса, ифодаланса, унинг қудрати ҳаракатга келади, восита, робита, йўл топади…

 ***

Ҳабибулло муаллим қўнғироқ қилиб хушхабар айтди. Домла жорий йилда “Мустақилликнинг 30 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланибди. Қувончига шерик бўлдик.

 ***

Бу ўша йўл! Ҳеч ўзгармаган. Бетартиб ҳаракатланаётган машиналар омон бўлгур ўралар аро мисли чанғичи каби тўсиқ ошиб йўрғалайди… Не-не қайғу-ю ташвиш билан елиб-югуриб юрган одамлар орасида Ҳабибулло муаллим ҳам борлигини, унинг ташвишлари, қайғулари нақадар умумий, эзгу эканлигини; ўша олис Олтинсой тарафлардаги музейни кўрганим, экспонатларини ёдга олиб, кўнглим ёришади. Инсон ва ҳаёт манзараларига таҳсин айтаман…

 

Алибек ОМОНТУРДИЕВ