Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

СЎЛИМ ГЎША, ОРОМБАХШ МАСКАН

Кунлар исияпти. Табиат гўзаллашяпти. Айниқса, ёзнинг жазирама кунларида табиатнинг бу гўзаллиги тоғ ёнбағирларида янада фусункор қиёфа касб этади. Бир хаёл қилиб кўринг-а, чўққилари осмон қадар етган пурвиқор тоғлар, тепаликлар бўйлаб ястаниб ётган кўм-кўк майсалар, мевалари ғужум бўлиб турган дарахтлар, мусаффо тоғ ҳавоси, ёнгинангизда кўзни қамаштирар даражада жимирлаётган сув омбори... оилавий дам олиш учун бундан ортиқ жой бўлмаса керак. Ахир ҳадемай, дам олиш мавсуми бошланади. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий санаторияси эса дам олиш онларингизнинг янада сермазмун ўтишига ҳисса қўшувчи, шу билан бирга ёқимли ва унутилмас таассурот қолдирувчи энг мақбул маскан ҳисобланади.

Оромгоҳ Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани Бурчмулла қишлоғида, денгиз сатҳидан 960 метр баландликда, Чорвоқ сув омборининг шундоққина қирғоғида жойлашган. Бу масканга хушманзара тоғ йўли орқали ўтиб борасиз. Тепаликка кўтарилганингиз сари виқор билан қад кериб турган маҳобатли тоғлар сизни қарши олади. Йўл бўйи кўм-кўк майсалар, турфа гуллар, шифобахш гиёҳларга мафтун бўласиз. Чорвоқнинг зилол сувлари таърифига тил ожиз. Табиатнинг бетакрор бу гўзаллигини санаториянинг ҳамма томонидан кузатиш мумкин. Ёз чилласида ҳам бу ерда баъзан шаррос ёмғир қуйиб қолиши мумкин. Баҳайбат ёнғоқ дарахтлари, тоғолчалар, ўрикнинг турли навлари, мевалари шингил-шингил олма ва нок дарахтлари санаториянинг кўркига кўрк қўшиб туради. Дам олиш сувга шўнғиб, офтобда тобланиш билан янада мароқлидир. Оромгоҳ бошқармаси бу жиҳатни ҳисобга олган ҳолда соҳилда керакли шароитларга эга ана шундай оромбахш жой фаолиятини йўлга қўйган. Шунингдек, оромгоҳда болажонларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун ҳам етарли шарт-шароитлар яратилган. Бутун ёз бўйи яшиллигини йўқотмайдиган болалар майдончаси, бассейн уларнинг ихтиёрида. Бундан ташқари, очиқ сув ҳавзасидаги қум тўшамалари ҳам болалар учун жуда фойдали.

Маълумки, Марказий ҳарбий санатория маълум бир тиббий йўналиш – санатор-курорт даволаниш ва соғлиқни тиклаш бўйича  фаолият олиб боради. Бу ерда терапия, неврология, физиотерапия, курортология йўналишлари мавжуд. Айни пайтда оромгоҳда даволаниш учун УВЧ, УЗД, электрофорез, ионофорез, амплипульс, ингальяция, соллюкс, парафин, вибрацион ва роликли массаж йўлга қўйилган. Бундан ташқари, 250 кишига мўлжалланган клуб, кутубхона, стол тенниси, спорт майдони, рақс майдончаси, табиий сув ҳавзаси, бассейн кўнгилли дам олишга хизмат қилади. Дам олувчилар учун бу ерда Бурчмулла қишлоғининг бетакрор табиати, мусаффо булоқлари-ю тарихий зиёратгоҳларидан ташқари Чорвоқ, Чотқол, Чимён, Билдирсой бўйлаб пиёда саёҳатлар ташкил қилинади. Чимён тоғ ён бағридаги узунлиги 800 метр ва Билдирсой тоғ ён бағридаги узунлиги 4 минг 500 метр бўлган ўриндиқли канат йўлларида табиат қўйнига қилинадиган сайрлар ҳам кишига аъло кайфият улашиши, табиий.

Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА

 

Информеры