2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

«Ё ВАТАН, Ё ШАРОФАТЛИҒ ЎЛУМ»

Кубровия тариқати  асосчиси Шайх Нажмиддин Кубро Шарқнинг етук файласуфи, шоир, авлиё Аҳмад ибн Умар 1145 йилда Хивада туғилиб, 76 ёшида мўғуллар билан жангда шаҳид бўлган. Шайх Нажмиддин Кубро (диннинг порлоқ юлдузи) Хивақий ал-Хоразмий номи билан оламга танилган.  

Ҳазратга «диннинг ёруғ юлдузи» деган бундай улуғ номнинг берилишига сабаб шуки, у йигитликда ким билан илм юзасидан баҳслашса, албатта енгаркан. Шайхнинг яна бир лақаби  Шайхи Валийтарошдир, яъни бу шайхнинг кимга назари тушса, ул зот валийлик даражасига етаркан. У Мисрда шайх Рўзбеҳондан, Табризда Бобо Фарождан таълим олади.

Кубронинг фикрича, асосий мақсад аввал ўзликни англаш, кейин оламни билиш зарур. Ул зот мазҳаблар ўртасидаги тафовутга эътибор бермай, Аллоҳга етишиш мазҳаблардан устун туради деб ҳисоблаган. Кубровия тариқатига кирган сўфий тараққиёт ва комиллик йўли орқали юриб, илоҳий хусусиятларга эга бўлиши учун унга устоз-пир йўл кўрсатиши шарт бўлган.

«Шайх қалъадан чиқмайдилар»

Шайх Нажмиддин Кубронинг ҳаёти ва фаолияти, айниқса, унинг Ватан озодлиги йўлидаги жасорати асрлар ўтса-да, инсонларни мардликка, ватанпарварликка чорлаб келмоқда.

Маълумки, 1221 йилда Мовароуннаҳрни мўр-малахдек талаб, Бухоро, Самарқанд, Хўжанд, Термиз сингари шаҳарларнинг кулини кўкка совуриб, минг-минглаб бегуноҳ одамларни қиличдан ўтказган мўғул қўшинлари Хоразмшоҳлар давлати пойтахти – Урганч (ҳозирги Кўҳна Урганч шаҳри) остоналарига яқинлашиб қолган эдилар.

Чингизхоннинг  ўғли  Ўқтой қоон бошчилигидаги мўғуллар Урганчни қамал қилганларида Хоразм лашкарлари қаттиқ қаршилик кўрсатдилар. Қонли жанглардан сўнг – кучлар тенг эмас эди – қалъа ҳимоячилари енгиладилар ва мўғул саркардаларига гўдакдан то қаригача қатли ом қилиш буюрилади.

Қалъа ичида овозаси оламни тутган машҳур аллома – шайх Нажмиддин Кубро ҳам бор эди. Мўғул шаҳзодалари шайхнинг хунига зомин бўлмаслик мақсадида унга: «Шайх оёқ остида қолмасинлар, бола-чақалари бирлан қалъадан чиқиб келсинлар»,  дея элчи юборадилар. Ҳазрат шайх: «Мен якка эрмасмен, қариндош ва хизматкорларим ҳам бор», деб айттириб юборади. «Майли, ўн киши бирлан келсунлар», деб айтгизиб юборадилар шаҳзодалар бунга жавобан. «Яқинларим ўн кишидан кўпроқдир», деб айтади шайх. «Майли, минг киши бирлан келсунлар», дейдилар шаҳзодалар. «Яхшиликда мен бу халқнинг барчаси билан ошно ва дўст-ёр эдим. Энди ёмон кунда нечун буларни ташлаб борайин, мен боролмайман», деб айттириб юборади шайх. Шу аснода мўғул галалари шайхнинг маҳалласига бостириб кирадилар.

«Бир қўл душман яловида...»

Ҳикоя қиладиларки, қатл чоғида шайхи бузруквор бир қўли билан қатл этаётган кофир яловининг учини ушлаб турганлар. Кейин қанчалик уринишмасин, ўн нафар забардаст мўғул ҳам яловни унинг қўлидан тортиб чиқариб ололмайди. Охири у яловни қирқиб олишади холос, учи эса пири муршиднинг муборак қўлларида қолди.

Ҳазрати мавлоно Жалолиддин Румий бу ҳодисага бағишлаб ёзган рубоийларида шундай деган эдилар.

Як даст майи холиси имон нушанд,

Як дасти дигар парчами кофар гиранд.

(Бир қўл билан имон қадаҳидан май ичсалар, иккинчи қўл билан кофир яловидан маҳкам тутадилар...)

Ҳазрат Алишер Навоий шайх Нажмиддин Кубронинг илоҳий ва дунёвий фаолиятига юксак баҳо бериб, бу воқеани «Насойим ул-муҳаббат» асарида шундай тасвирлайдилар: «Чун тотор куффори Хоразмга етубдурлар, Ҳазрати шайх асҳобини йиғиб, амр қилибтурларки, вилоятларингизга боринг. Алар ул Ҳазратнинг амри бирла ўз вилоятлариға борибтурлар. Шайх дебтурларки, биз бул куффор илкида шаҳид бўлурмиз. Асҳоб тарқағандин сўнграким, куффор Хоразмга кирибтурлар. Ҳазрати шайх қолғон асҳоби бирла чиқиб, ғазвға машғул бўлибдурлар, то шаҳодат шаробин тотубдур. Дерларки, шаҳодат вақтида бир кофирнинг парчамин тутқон эрмишлар. Андоқки, шаҳодатдин сўнгра ўн киши ойира олмайдур ва ул парчамни кесиб ойирдилар...»

(Мазмуни: мўғул (татар) кофирлари Хоразмга етиб келишганда, шайх ўз яқинларини йиғиб, вилоятларга боришни буюрдилар ва ўзлари шу кофирлар қўлида шаҳид бўлишларини айтдилар.  Яқинлари ул зотнинг амрларига бўйсуниб, вилоятларга кетдилар. Шундан кейин кофирлар Хоразмга кириб келишди. Ҳазрат ғазотга кирдилар ва то шаҳид бўлгунча жанг қилдилар. Айтишларича, шаҳид бўлаётиб, бир кофирнинг байроғини тутиб қолдилар, кейин ўн киши бўлиб, байроқни айира олмадилар. Кейин байроқни кесиб олишди).

Яна бир ривоят 

Нажмиддин Кубронинг ҳаёти, ижоди ва босқинчиларга қарши жангдаги шаҳодати тўғрисида жуда кўп асарлар битилган, маълумотлар йиғилган. Шулардан бири Муҳаммад Собир хожа ибн Нурмуҳаммад хожа қаламига мансуб бўлган «Тарихи Шайх Кубро» қўлёзма асари бўлиб, мазкур асарда Нажмиддин Кубронинг мўғул босқинчиларига қарши жангда ҳалок бўлгани айтилар экан, бироз бошқачароқ тафсилотлар келтирилади.

Қиссада келтирилишича, Чингизхоннинг ўғилларидан бири бўлмиш Хулагухон ўзининг ёш, паҳлавон ўғли билан лашкарларига бош бўлиб, Урганч қалъасини қуршаб олади. Қалъадагилар душманлар билан мардона жанг қилиб, қалъани қўлдан бермайдилар. Бир куни тунда Хулагухон қалъани олиш учун сўнгги жангга қасд қилади. Аммо эртаси кун қарасалар қуршовда турган қалъа мўғул қўшинларининг кўз ўнгидан бутунлай ғойиб бўлиб, ўрнида дашту биёбон ва ўт-ўланлар турган эмиш.

Бу мўъжизани Хулагухонга шайх Нажмиддин Кубронинг каромати, деб тушунтирадилар ва уни омон сақлаб  қолса қалъа таслим бўлади, деб фикр билдирадилар. Шунда шайх «Ҳаётимнинг энг яхши дамларини мана шу муқаддас тупроқда, азиз ва мўътабар она юртимда ўтказдим. Халойиқ учун энг оғир пайтда она тупроқни ташлаб кетиш энг разил аъмол, ўта пасткашликдир!» деб жавоб қилади.

Мўғуллар ҳийла ишлатиб, гўё ўзларини чекинаётгандай кўрсатадилар. Шунда қалъа дарвозалари бироз очилганда улар қайтиб шаҳарга мўр-малахдай ёпирилиб кирадилар. Шайх Нажмиддин Кубро жангга отилади. Аммо Хулагухоннинг забардаст ўғли қилич билан унинг бошини танасидан жудо қилади. Шайх ўз қотилининг пешонасидаги узун кокилини маҳкам ушлаганича жон таслим қилади, унинг қўлидан кокилни ҳар қанча уринсалар ҳам тортиб ололмайдилар. Шунда Хулагухонга: «Сизнинг фарзандингиз имон келтирсагина, унинг сочини шайх чангалидан олиш мумкин», дейдилар. Ёш мўғул хонзодаси исломга кириб, имон келтиради ва шундагина шайх уни қўйиб юборади.

Рустам ЖАББОРОВ

 

Информеры