2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

КИМ ГАПНИ ДЎНДИРАДИ?

Марказий Осиёда нутқ маданияти ўзига хос мавқега эга. Машҳур тилшунос Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғатит-турк» асари фикримизнинг нечоғлик тўғри эканлигига гувоҳлик беради. Зеро, ушбу асарда ўша даврда шартли равишда нутқ одоби деб юритилган қоида ва кўрсатмаларда содда ва ўринли гапириш, қисқа, мазмундор сўзлаш, эзмалик, лақмаликни қоралаш, кексалар, устозлар олдида нутқ одобини сақлаш, дадил гапириш, ёлғончилик, тилёғламачиликни қоралаш ва бошқалар ҳақида батафсил фикр юритилган.

Шунингдек, улуғ шоир Алишер Навоий ҳам нотиқлик санъатини юксак даражага кўтарибгина қолмай, нутқ маданияти назарияси билан ҳам жиддий шуғулланган. Алломанинг «Маҳбуб ул-қулуб» асари айнан воизликка (нотиқлик санъатига) бағишлагани сўзимизни тасдиқлайди. Навоийнинг давлат арбоби сифатида меҳнаткаш халқ олдида қилган чиқишлари, унинг тил ҳақида айтган фикрлари ҳам нотиқликнинг ўзига хос кўриниши сифатида намоён бўлади.

Аслида нотиқ ким? Нотиқ деганда нутқ сўзловчи шахсни ҳам, сўзга уста, нутқи ўткир одамни ҳам тушуниш мумкин. Халқ орасида «сўзга уста», «сўзга чечан», «сўзни боплайди», «гапни дўндиради», «чиройли гапиради» деган иборалар юради. Ҳамма ҳам гапиради, аммо ҳамма ҳам сўзни ипга тизгандек маъноли ва чиройли гапирувчи бўлмайди. Нутқий чечанлик, нотиқлик бу алоҳида қобилиятдир. Чинакам нотиқлар нотиқлик маҳоратига табиий қобилият билан бир қаторда ўз тили, нутқи устида тинимсиз ишлаш натижасида эришадилар.

Қуролли Кучларда нотиқлик санъати шахсий таркибга буйруқ ва вазифаларни аниқ ва равон етказиш ҳамда унинг ўз вақтида бажарилишини назорат қилишда муҳим аҳамият касб этади. Командирнинг (бошлиқ) нутқи чиройли, жозибали, тушунарли бўлиши шарт. Чиройли сўзлашда, албатта, нутқнинг мазмунига, мантиқий кучига, жумлалар талаффузига катта эътибор берилади. Шунинг учун ҳам командир (бошлиқ) ўз нутқининг фойдали, таъсирчан, ўткир бўлиши учун курашиши, бунинг учун кўпроқ китоб мутолаа қилиши, нутқий қобилиятини ривожлантириб бориши керак. Чиройли нутқга эга бўлиш асносида унда нутқ маданияти шаклланади ва у нутқий одоб, нутқий гўзаллик, нутқий мантиқ қонуниятларидан келиб чиққан ҳолда фикр юритишни ўрганади. Бора-бора унинг маърузалари, суҳбатларининг шахсий таркибга таъсири ортади. Зеро, бу чиқишлар тингловчиларнинг ўзига бўлган ишончини, Ватанга бўлган муҳаббат ва садоқатини мустаҳкамлайди. Натижада эса Қуролли Кучларимиз сафи кенг дунё­қараш ва мустақил фикрлашга эга, имон-эътиқоди ва иродаси мустаҳкам, маънавиятли ва фидойи, аждодларимизнинг бебаҳо меросига таяниб яшайдиган баркамол инсонлар билан бутланади. Мана шу ҳақиқатни теран англаб етган командир (бошлиқ)гина ўз олдига қўйган мақсадига тўлақонли эришади.

Подполковниклар Аҳрор СОЛИЕВ, Азамат ИСМОИЛОВ

 

Информеры