Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

НУРЖИГИТ АСКАР БЎЛДИ

Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган бир гуруҳ йигитларни Қуролли Кучлар сафига кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Яшнобод тумани ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман бўлими, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, бўлажак аскарлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этган тадбирда мамлакатимиз мудофаа тизимида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида ҳарбий хизматга ёшларнинг қизиқиш ва интилиши тобора ортиб бораётгани, Ватан ҳимоячиси бўлиш юксак шараф ишига айлангани алоҳида таъкидланди.

– Президентимизнинг 2019 йил 22 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматни ўташ тартибини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, жорий йилдан бошлаб муддатли ҳарбий хизматга чақирув март-апрель ойларида амалга оширилмоқда, – дейди Яшнобод тумани мудофаа ишлари бўлими бошлиғи подполковник Фаррух Маннонов. – Жараёнга тайёргарлик эса йил бўйи давом этади. Шу пайтгача чақирилувчиларнинг саломатлиги, жисмоний тайёргарлиги ва билими текширилиб, энг муносиб йигитлар саралаб олинди.

Тадбирда бўлажак аскарларнинг ота-оналари ҳам сўзга чиқиб, ёшларнинг келгуси ишларига улкан зафарлар тилади.

– Ҳозир жуда ҳаяжондаман, – дейди муддатли ҳарбий хизматга чақирилган Нуржигит Пайзилдаевнинг онаси Ойжамол опа. – Фарзандининг алпкелбат бўлиб улғайиши, Ватан ҳимоячиси бўлишини қай бир ота-она орзу қилмайди, дейсиз. Турмуш ўртоғим билан уч нафар фарзандни тарбияладик. Нуржигит – кенжатойимиз. Бугун ўғлим тимсолида юрагимдаги эзгу тилакларимдан бири ушалмоқда. Ўғлимни муддатли ҳарбий хизматга кузатаётганимдан хурсандман. Ишонаманки, фарзандим хизмат давомида юзимизни ерга қаратмайди.

Маросимда чақирилувчиларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалар топширилди.

ЎзА

 

Информеры