2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ТЕША МЎМИНОВ АСКАР БЎЛГАНМИ?

Ватан ҳимоячиларини туну кун огоҳ, сергак, халқ хизматида, юрт осойишталиги йўлида камарбаста, дея таърифлаймиз. Эл орасида яна шундай ШАХСлар борки, улар ҳарбий либоссиз «ҳарбий»ларга ўхшайди. Кўпчиликнинг хизматида тин олишни билмайди. Ушбу рукнимизда ана шундай юртдошларимизнинг биз билган ва билмаган ҳаётлари, ўгитлари билан танишишингиз мумкин. Биринчи меҳмонимиз Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов.

Ҳар доимгидек таниқли актёрнинг бўш вақтини топиш қийин бўлди. Ниҳоят, театрда бўладиган катта йиғилиш аввалида бир оз суҳбатлашдик. Албатта, мақоламиз қаҳрамони барча билган ва истаганларини тўлалигича етказиб бера олмаганидек, бизга ҳам эшитганларимизни батафсил қоғозга туширишнинг имкони йўқ. Борига барака!

– Ҳарбий хизматчи бўлиш – юрагида ўти бор ҳар бир йигитнинг орзуси. Ота-онам мендан бошқа 6 нафар фарзандини тупроққа топширган. Ёлғиз ўғил бўлганим учун аскар бўлиб, ҳарбий либос кийиш насиб қилмади. Орзуларим ҳовурини Ватан ҳимоячилари образини яратган саҳналарим босиб турарди. Амир Темур сиймосини акс эттириш мен учун битмас-туганмас куч-қувват бағишлади. Ахир унинг қаршисида генераллик ҳам заифлашиб қоларди-да! – дейди Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов. – Ёшларимизнинг улуғ алломаларимизни чуқурроқ ўрганишларини хоҳлардим. Амир Темурдек зотни бизга бошқача бўёқлар билан кўрсатишган. Каллакесар, қонхўр, одамларнинг бошидан миноралар ясаган, деб ўқитишган. Соҳибқирон ислом динининг билимдони, бунёдкор шахс бўлган. Марказий Осиёда илм-фан пойдеворини мустаҳкамлаган. Йўқса, Мирзо Улуғбек, Камолиддин Беҳзод, Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек зотлар дунёга келармиди?!

Шундай экан, бугуннинг ёшларига қайта-қайта такрорлайдиган гапим битта: «Илм олинглар!» Сира кам бўлмайсизлар. Аксинча, ҳар бир жабҳада пешқадамлик ҳамроҳ бўлади. Илм олиш ҳам ўз-ўзини маънавий муҳофаза қилиш, шу орқали юртни қўриқлаш дегани. «Ватанни севмоқ иймондандир» дейилган ҳадиси шарифда. Бундай жаннатмонанд юртда хизмат қилмасликнинг ўзи гуноҳ. Фарзандларимизни оқилу доно қилиб тарбиялашимиз лозим. Токи бу диёрдан фақат азизу муҳтарам зотлар етишсин.

Улар бор экан, тараққиёт бардавом бўлади. Ватан ҳимоясига ўғлонларимиз талашиб отланади. Илгари фарзандлари ҳарбий хизматга кетган ота-оналар ташвишда яшарди. Болаларининг тақдиридан куюнарди. Бугун-чи?! Бугун елиб-югуриб, шодумонлик билан Ватан ҳимоясига кузатишади. Боз устига республикамизнинг қайси гўшасида бўлмасин, бориш, хабар олиш имкони бор.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, мустақилликнинг дастлабки йилларида ҳукумат топшириғи билан қардош ўлкаларда ҳарбий хизматни ўтаётган юрдошларимиздан хабар олгани борганмиз. Зиёлилар, ҳофизу актёрлар биргаликда учрашувлар ўтказганмиз, ош қилиб тарқатганмиз. Ўша пайтлардаги қувончдан порлаган нигоҳлар кўз олдимдан сира кетмайди. Ҳозир ҳам турли ҳарбий қисм ва муассасаларда маънавий-маърифий тадбирларда қатнашамиз. Қиёслаб бўлмайдиган даражада фарқни кўраман.

Ахир қўшнисининг дарвозасини тақиллатиб, таом чиқарадиган миллат борми дунёда? Боласидан ҳам меҳмонни улуғлайдиган халқ-чи? Меҳрибонлик уйининг болаларига уй-жойлар қурилаяпти. Бу каби эътирофлар ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Биз ҳам бир ижодкор сифатида мамлакатимиздаги ислоҳотларга, маънавий юксалишга, оқибат мустаҳкамланишига ўз ҳиссамизни қўша олаётган бўлсак, демак, умримиз беҳуда кетмаяпти.

Устозларимиз айтишарди: «Саҳнада ўйнама, саҳнада яша! Театр биз учун ибодат қилинадиган муқаддас қадамжодек гап». Ватан ҳимоячилари ҳам ҳарбий либос кийиб хизматга киришар экан, ҳаёт саҳнамизнинг хавфсизлигини, осойишталигини таъминлаб берадилар. Демак, уларнинг фидокорлик, огоҳлик ва жасорат билан ўтказаётган ҳар бир дақиқаси – ибодат. Покиза туйғулар, омонлигу хотиржамлик ҳамиша эш бўлсин!

Теша Мўминов 1949 йил 25 ноябрь куни Бухоро вилоятида туғилган. Тошкент театр ва рассомлик санъати институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият инс­титути)ни тугатган. 1968 йилдан ҳозирги кунга қадар Ўзбек миллий академик драма театри актёри. 1993 – 1996 йиллар маданият вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

«Ажал минораси» (А. Дюма)даги Орсиний саҳнада яратган илк йирик образидир. Театр саҳнасида Девона (М. Карим «Ой тутилган тунда»), Йўлчи (Ойбек «Қутлуғ қон»), Кориолон (Шекспир «Кориолон»), Қор одам (Т. Юнусов «Қор одам»), Шоҳ Маъмун (Х. Расул «Пири коинот»), Пири Зиндоний (М. Шайхзода «Мирзо Улуғбек»), Ҳусайн Бойқаро (Уйғун, И. Султон «Алишер Навоий»), Соҳибқирон (А. Орипов «Соҳибқирон Амир Темур»), Жўра Азим («Бир қадам йўл») каби роллари билан танилган. Шунингдек, кино, видео ва телевизион фильмларда кўплаб образлар яратган. Давлат мукофоти лауреати.

Азиз НОРҚУЛОВ ёзиб олди.

Информеры