Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

КИТОБГА СИҒМАГАН ГАПЛАР

Ҳаётимизнинг ҳар бир куни, ойи ва йилларининг сарҳисоби, уларни тафаккур ва таҳайюл элагидан ўтказиш ютуқларимизу хато-камчиликларимизни англатишдан ташқари, истиқбол режаларимизни самарали ташкил этишга ҳам ёрдам беради, албатта. Мен фаолият юритаётган таълим муассасаси фаолияти ҳам бундан мустасно эмас.

Хуллас, ўтган ўқув йили якунида раҳбарият томонидан билим юртимиз босиб ўтган тарихий йўлни ўзида акс эттирадиган махсус китоб яратиш ғояси илгари сурилди. Ташаббус кўпчилик қатори менга ҳам маъқул бўлди. Ўйлаб кўрсак, яқин ўн йилликлар ичида шу сингари адабиёт яратилмаган экан. Бу вазифага масъул бўлган ижодий гуруҳ тузилгач, дастлаб ишни материаллар йиғишдан бошладик. Бизга архив материаллари билан бир қаторда турли йилларда чоп этилган газета ва журналлардаги маълумотлар, билим юртимизда турли даврларда таълим олган, ишлаган ёки хизмат қилган инсонларнинг эсдалик ва фикр-мулоҳазалари катта ёрдам берди. Айниқса, ижодий гуруҳимиз аъзолари ўртасидаги ўзаро хайрихоҳлик ва бирдамлик руҳи ишимизни анчагина енгиллаштирди, десам бўлади. Биз аввал бошда китоб-рисола шаклида тайёрлашни мўлжаллаган ижод маҳсулимиз бора-бора альбом қиёфасига кирди. Чунки ишнинг мазмун-мундарижаси матнларни иложи борича қисқартириш эвазига суратларга кўпроқ ўрин беришимизни тақозо қилар эди. Натижада матбаачилик талабларидан келиб чиқиб, уни ҳужжатли-тарихий алманах, деб аташга қарор қилдик. Шунинг учун ҳам биз муаллифлар унга дилимиздаги ҳамма гапларни ҳам кирита олмадик, чунки расмиятчилик шуни талаб этади. Бироқ воқеа-ҳодисаларнинг асл моҳияти, уларнинг қадр-қиммати айнан дилдан тўкиладиган сўзларимизда ўз ифодасини топиши ҳам бор гап. Шу маънода аввал бошда китобга киритишни истаганим, аммо унга «сиғмай» тушиб қолган фикр-хотираларимнинг баъзилари тўғрисида сиз билан ўртоқлашмоқчи эдим.

Эсимда, 90-йилларнинг охирлари эди. Кафедрамиз учун фаррошликка бир аёлни ишга олдик. У болаликдан ногирон бўлишига қарамасдан, ўз ишини рисоладагидек бажариш баробарида, табиатан дилкашлиги учун ҳам барча ходимларимиз билан тезда чиқишиб кетди. Қисқа вақт ичида нафақат кафедрадаги тозалик, балки маънавий муҳит ҳам яхшиланганлигини барчамиз сездик. Гулнорахонни, айниқса, курсантлар яхши кўришар, унинг ишини енгиллатиш учун синфларни саранжом сақлашга интилишарди. Иш жараёнида янги ходимамиздаги бир одатга эътибор бердим: у баъзан машғулот бўлаётган синфлар олдида тўхтаб, ичкарида бўлаётган гап-сўзларга қулоқ солар, ўзича уни баҳолар, ундаги юз ифодаси шундан далолат берарди. Бир куни хонамда одатдагидек ишлаб ўтирсам, у рухсат сўраб, ичкарига кирди. Суҳбат асносида эса кафедрамиз ўқув дастурига киритилган бир-иккита нисбатан мураккаброқ бўлган илмий тушунчаларнинг моҳияти билан қизиқди. Ундаги қизиқувчанликни билганим учун саволларига батафсил жавоб бердим, шунда суҳбатдошим минг истиҳола билан яқингинада иш бошлаган бир ўқитувчимизнинг бу билимларни курсантларга бошқачароқ тарзда етказганлигини айтиб берди. Шундан сўнг бу устознинг машғулотларида иштирок этиб, ўзи билан алоҳида суҳбатлашганимизда ундаги касбий тайёргарлик даражаси етарли эмаслигига амин бўлдик. Табиийки, синов муддати тугагач, у билан меҳнат шартномаси тузилмади. Эҳтимол, бу аёлдаги интеллектуал салоҳият сизни ҳайрон қолдиргандир? Менда ҳам дастлаб шундай савол пайдо бўлди. Гулнорахон ўрта мактабни олтин медалга тугатиб, ўша йилнинг ўзида университетнинг ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга кирганлигини, бир йиллик таълимдан сўнг касаллиги хуруж қилиб, уни ташлашга мажбур бўлганлигини эса сал кейинроқ билдик. Яхши бир оиланинг бекаси, ажойиб фарзандларнинг онаси бўлган бу синглимиз ҳозирда нафақада бўлишига қарамасдан эзгу ишлар қилишдан чарчамаяпти.

 Ҳаёт қонунияти шундай эканки, ёшинг каттарган сари маслаҳат сўровчилар, ҳеч бўлмаганда фикринг билан ўз қарорининг тўғрилигига яна бир бор ишонч ҳосил қилишни хоҳловчилар кўпайиб қолар экан. Зеро, ўзгалар томонидан қўллаб-қувватланган, маъқулланган режа-дастурларнинг амалга ошиши осонлашиб, самараси ҳам юқори бўлади. Бундан 5-6 йил муқаддам ўқувчиларимдан бири, ҳозирда масъул лавозимда хизмат ўтаётган офицер укамиз билан бўлган суҳбатда гап айланиб маош масаласига бориб тақалди. Шунда ҳамсуҳбатим «Устоз, анчадан буён маошимни олиш учун касса олдига боришга ийманаман, унинг миқдори бажараётган юмушларим олдида кўпдек туюлаверади», деб қолди. Шу ўринда жамиятшунос мутахассис сифатида ўз бурчига содиқ ва фаолиятига виждонан ёндашадиган кишилардагина шу сингари ҳис-туйғулар бўлишини таъкидлашни истардим. Албатта, мен унга бундай хижолатпазликни бартараф этиш йўли борлигини, бунинг учун ўз вазифаларини янаям яхшироқ бажариши зарурлигини таъкидладим. Мана шундай юксак инсоний сифатларга эга сафдош, жамоадош биродарларинг ҳақида ўйлаганингда беихтиёр фахрланасан, киши.

 Аммо дилни хира қиладиган воқеалар ҳам бўладики, энди бунга биргина мисол келтириш билан чекланаман. Анча йиллар бурун сафдошларимиздан бири давлатимизнинг юксак фахрий унвонига сазовор бўлди. Газетада шу ҳақда чиққан хабарни ўқиб, ҳайрон бўлиб турганимда, телефон жиринглаб, хаёлим бўлинди. Гўшакни кўтаргач эса ҳайратим янада ошди. Қўнғироқ қилаётган ўша биродаримиз экан. У мендан: «Ака, ҳозир олдимда журналистлар ўтиришибди. Улар буни қайси ютуқларим учун олганим билан қизиқишяпти... Ўзи бу қанақа совға?..» деб сўраб қолди. Кулишниям, куйишниям билмайсан, киши. Бу эса адолат мезони бузилган жойда шунақа ҳангомалар ҳам бўлиб туришидан далолат беради.

Гарчи гап катта бир таълим муассасаси тўғрисида борар экан, бир нарсани таъкидлашни истардим: жамоа фаолияти ҳар жиҳатдан самарали бўлиши учун унинг ҳаёти қувончларга тўлиқ бўлиши зарур! Бу қувонч шунчаки қисқа кўнгилхушлик эмас, балки меҳнат, ҳамкорликдаги меҳнат берадиган, ҳозирги ва келажакдаги муваффақиятлар замиридаги қувонч бўлиши керак. Менимча, фаолиятимизда бунга тўсиқ бўлаётган омиллардан бири кафедралараро алоқа – муносабатларнинг заифлиги билан боғлиқ. Агар барчамизнинг саъй-ҳаракатларимиз бир нарса – етук офицерларни тайёрлаш ишига қаратилганлигини эътиборга оладиган бўлсак, бу алоқаларнинг мустаҳкам бўлиши зарурлиги ойдинлашади. Ўз тажрибамга таянадиган бўлсам, бундай муносабатлар расмий чора-тадбирларсиз, яъни шахсий алоқалар асосига қурилгандагина самара беради. Энди бу сингари ҳамкорлик алоқалари «Устоз – шогирд» ёки қизиқиш ва манфаатлар бирлиги каби тамойилларга қурилса, айни муддао бўлар эди. Курсантлар бўлинмалари командирлари ҳам бундан четда қолишмаса яхши бўлар эди. Афсуски, илмий-ижодий ва педагогик фаолият учун сув ва ҳаводек зарур бўлган бу муносабатлар бугунги кунда камёблашиб, сийраклашиб қолди. Инсоният тарихидаги энг улкан кашфиётлардан тортиб ижтимоий-маиший ҳаётимиздаги кичкина ютуқларгача, барчаси бир неча ҳамфикрлар ўртасидаги ҳамкорлик маҳсули эканлигини унутмаслигимиз керак. Унга қайта ҳаёт бағишлаш эса ҳар биримиздаги саъй-ҳаракатимизга боғлиқ.

Чори НАСРИДДИНОВ, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик

 билим юрти гуманитар фанлар кафедраси доценти

Информеры