Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

БУЮК БРИТАНИЯ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ

Миллий жиҳатдан тўрт маъмурий-сиёсий ҳудуд – Англия, Уэльс, Шотландия ва Шимолий Ирландиядан таркиб топган Буюк Британия Қироллиги шимоли-ғарбий Европада жойлашган конституцион монархия давлати ҳисобланади. Атом қуролига эга бўлган давлатлар қаторига кирувчи ва БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси ҳисобланувчи Буюк Британия дунёдаги энг кучли, технологик жиҳатдан ривожланган замонавий Қуролли Кучларга эга мамлакатлардан бири бўлиб келган. Бироқ сўнгги йилларда, айниқса, «совуқ уруш» давридан кейин мамлакатнинг сиёсий мавқеи ва ҳарбий имкониятлари сезиларли тарзда пасая бошлади ва бу жараён ҳозирда ҳам давом этмоқда. Ўтган асрнинг 90-йилларида мамлакат армияси ихтиёрида 1,2 мингта танк, 3,2 мингдан ортиқ жанговар машина ва зирҳли транспортёр, 700 га яқин артиллерия тизими, деярли 850 та жанговар самолёт бўлган. 2010 йилда бошланган Қуролли Кучларни «оптималлаштириш» жараёни бу рақамларнинг кескин қисқаришига олиб келди. Шунга қарамасдан, фақат ихтиёрий асосда шакллантириладиган шахсий таркибнинг жанговар шайлик даражаси бошқа Европа давлатлари армияларига нисбатан анча юқори ва айнан ана шу жиҳат Буюк Британия Қуролли Кучларининг энг кучли томони ҳисобланади. Маълумотларга кўра, Буюк Британия армиянинг умумий сони бўйича (турли манбаларда 180 мингдан 225 минг кишигача) жаҳон рейтингида 28-ўринда қайд этилган бўлса-да, ҳарбий харажатлар миқдори бўйича (51 млрд доллар) АҚШ, Хитой ва Россиядан кейин тўртинчи ўринда туради. Сўнгги йилларда ҳарбий бюджетнинг асосий қисми Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш, замонавий жанговар техника ва қуроллар билан таъминлаш, муҳандислик иши ва технологиялар соҳасидаги илмий изланишларга сарфланмоқда.

Қуруқликдаги қўшинлар, Ҳарбий ҳаво ва Ҳарбий денгиз кучлари ҳамда ҳудудий мудофаа қўшинларидан ташкил топган мамлакат Қуролли Кучларининг асосий вазифаси Қироллик ва унга қарашли денгизорти ҳудудларини ҳимоя қилиш, мамлакат хавфсизлиги ва манфаатларини таъминлаш, БМТ ва НАТОнинг халқаро тинчликпарварлик операцияларида иштирок этишдан иборат.

Қуруқликдаги қўшинлар

Умумий сони 112 минг кишини ташкил этувчи бу турдаги қўшинлар таркибига иккита дивизия, 8 та бригада ва махсус операцияларни бажарувчи кучлар киради. Бошқарув штаби Йорк шаҳрида жойлашган 1-дивизия таркибида 7 та пиёдалар ҳамда битта транспорт бригадаси, 3-дивизия ихтиёрида эса 3 та мотопиёдалар ва битта транспорт бригадаси бор. Бундан ташқари, алоҳида бригадалар ҳам ташкил этилган бўлиб, улар қаторидан ҳаво-штурмчи, разведка, муҳандислик, алоқа ва транспорт бригадалари жой олган. Қироллик артиллерияси Қуруқликдаги қўшинларнинг кўп сонли турларидан бири бўлиб, мунтазам ва резерв артиллерия полклари, шунингдек, расмий тантаналар ўтказишга мўлжалланган бўлинмалардан ташкил топган.

 Қуруқликдаги қўшинлар тасарруфида 300 дан ортиқ «Челленжер-2» русумли асосий жанговар танк, 102 та «Скорпион» ва 118 та «Сейбр» русумли енгил танк, «Симитэр», «Арес» ва «Аякс» типидаги жанговар разведка машинаси (315 та), «Уорриор» русумли зирҳли пиёдалар машинаси (800 га яқин), AFV430 «Бульдог», FV-432, «Спартан», BvS-10 «Викинг», «Кугар» ва бошқа типдаги 3000 дан зиёд зирҳли транспортёр ва зирҳли машина, турли модификация ва типдаги бараварига ўт очувчи реактив тизимлар, ўзиюрар ва шатакка олинувчи гаубицалар, зенит-ракета комплекслари, миномётлар, радиолокация станциялари ва бошқа қуроллар бор. Қўшинга қарашли авиация паркидан BN-2 (16 та) ва «Тьютор» Т1 русумли самолёт (5 та), «Апач», «Газель», «Белл 212» ва бошқа русумдаги 200 дан ортиқ вертолёт, шунингдек, 600 дан зиёд турли типдаги учувчисиз учиш аппаратлари жой олган.

Ҳарбий ҳаво кучлари

Ташкилий жиҳатдан 1-жанговар, 2-жанговар таъминот, 22-ўқув, 38-техник таъминот ва 83-экспедицион гуруҳлардан иборат (умумий сони 45200 киши). Қўшин ихтиёридаги асосий жанговар самолёт – «Тайфун» Германия, Италия ва Испания билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилади. Ҳозирда жанговар сафда бундай самолётлардан 125 та бор (шу жумладан, 9 таси ўқув-жанговар). Шунингдек, жанговар техника таркибида F-35В (АҚШ) русумли 5-авлод қирувчи самолётлари (17 та), «Торнадо» GR4 типидаги қирувчи-бомбардимончи (57 та), «Ягуар» русумли штурмчи (68 та) самолёт, турли модификациядаги радиолокацион аниқлаш (5), радиоэлектрон разведка (3), разведка ва кузатиш (12), 80 дан ортиқ транспорт ва ёнилғи қуйиш, 300 га яқин ўқув самолёти, «Чинук», «Пума» НС2, Белл-412, «Гриффин» HAR2 ва бошқа русумдаги 100 дан ортиқ вертолёт ва турли типдаги учувчисиз учиш аппарати (600 дан зиёд) бор.

Ҳарбий денгиз кучлари

Буюк Британия армиясининг бу турдаги қўшинлари кўпдан буён денгизларда ҳукмронлик қилмаса-да, мамлакатнинг бутун ядровий қудрати айнан Ҳарбий денгиз кучларида жамланган. Бу – «Трайдент-2» русумли баллистик ракеталар билан қуролланган «Вэнгард» типидаги 4 та атом сувости кемаси (ҳар бирига 16 тадан ракета ўрнатилган).  Ҳозирда ҳарбий флот таркибига «Эстьют» типидаги атом сувости кемалари қўшилмоқда. Улардан 3 таси фойдаланишга топширилган, 3 таси қурилмоқда ва яна битта кемага буюртма берилган. Шунингдек, таркибда «Трафальгар» типидаги 3 та атом сувости кемаси ҳам бор. «Куин Элизабет» авианосеци Буюк Британия Ҳарбий денгиз кучлари тарихидаги энг катта кема ҳисобланади. Ҳозирда бу типдаги кеманинг иккинчиси қурилмоқда. Шунингдек, жанговар флот тасарруфида «Дэринг» типидаги 6 та замонавий эсминец, «Норфолк» типидаги 13 та фрегат, турли русумдаги патруль (6 та) ва тралчи (13), десант-вертолёт ташувчи (2), десант-транспорт (3) ва танк-десант (1) кемалари бор. Денгиз авиацияси турли типдаги 21 та ўқув самолёти ва 115 та вертолёт билан таъминланган. 

П. САЙДИВАЛИЕВ тайёрлади.

 

Информеры