Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

ҲАРБИЙЛАР 15 ЁШЛИ ҚИЗНИНГ ҲАЁТИНИ САҚЛАБ ҚОЛДИ

Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида жойлашган ҳарбий қисм аскарлари каналда оқиб кетаётган қизнинг ҳаётини сақлаб қолди.

– 18 март куни кечқурун сафдошим Дилмурод билан ҳарбий қисм кириш дарвозаси олдида нав­батчилик қилаётган эдик, – дейди оддий аскар Музаффар Эргашев. – Бир пайт яқинимиздаги канал томондан «Ёрдам беринглар, қутқаринглар!», деган овоз қулоғимга чалинди. Навбатчилик постини шеригимга топшириб, қўлимда фонарь билан канал томонга югурдим. Каналга фонарь ёруғида қарасам, сувда кимдир бир кўриниб, бир кўринмай оқаяпти. Рация орқали дарҳол ҳарбий қисмга хабар бердим. Тезликда ёрдамчи кучлар келди. Ноқулай об-ҳаво шароитига қарамасдан, эни 110 метрни ташкил этадиган Жанубий Мирзачўл каналида жонли нарвон ҳосил қилиб, шиддатли сув тўлқинида оқиб келаётган қизни соғ-саломат қутқариб олдик.

Халоскор ҳарбий хизматчилар Музаффар Эргашев, Дилмурод Якубов, Акрамжон Ўктамов ва Ҳабибулло Абдукаримов Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони полковник Зокиржон Сайфуддинов томонидан фахрий ёрлиқ ва командирлик соатлари, Ширин шаҳар ҳокими Илҳомжон Бегалиев томонидан ташаккурнома ва китоблар жамланмаси билан тақдирланди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

 

Информеры