Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

ЙИГИТ ОМОН БЎЛСА, ҚЎРҒОН САЛОМАТ

Бухоро вилоятида жойлашган, ўзига хос дизайн ва услубда қурилган мазкур ҳарбий қисм кишини бир қарашдаёқ ўзига мафтун этади.

Ҳарбий қисмда отиш ва жанговар тайёргарликни янада шакллантириш мақсадида компьютерлаштирилган ўқув тренажёр заллари ташкил қилинган. Жисмоний тайёргарлик учун спорт шаҳарчаси мавжуд.

Бизга мотоўқчилар батальони командири майор Ойбек СИДДИҚОВ ҳамроҳлик қилар экан, жараёнлар билан бевосита таништириб борди.

– 18 йилдан буён Қуролли Кучлар сафида турли лавозимларда хизмат қилиб келмоқдаман, – дейди майор Ойбек СИДДИҚОВ. – Ўзимча ўтган кунларни бугунгиси билан қиёс қиламан. Аввал хизмат хоналари етарлича бўлмасди, шахсий таркибни ётоқхоналарга жойлаштириш бўйича муаммолар бор эди, ювиниш хоналари талаб даражасида эмас, ҳатто спорт майдончалари, ўқув синфлари етишмовчилиги мавжуд эди.

Ушбу ҳарбий қисм эса ҳар томонлама намуна бўла олади. Дарсларнинг малакали ўқитувчилар томонидан ўтилиши эса ҳарбий хизматчиларнинг билими ва дунёқарашини янада мус­таҳкамлайди.

Тан олиш керак, ҳарбий хизматчи психологиясини ўрганиш муҳим янгилик бўлди. Чунки Амир Темур замонасидаёқ жангчиларнинг руҳиятини кўтариш ғалабанинг асосий омили ҳисобланган...

Компьютерлаштирилган ўқув хоналарида қизғин дарс жараёни. Бу ерда синов тариқасида муддатли ҳарбий хизматчилар курсантларга тенглаштирилиб, жисмоний ва маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотларига кўпроқ вақт ажратилган.

Шундай дарслардан бири батальон командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлари бўйича ўринбосари майор Умид Файзираҳмонов бошчилигида ўтилаётган экан. Мавзу «Ўзбекистон Республикаси бизнинг Ватан, уни асраб-авайлаш ҳар бир ҳарбий хизматчининг муқаддас бурчи». Эндигина хизмат вазифасини бажаришга киришган курсантлар фаол, фикрлари эса хилма хил эди.

Аввал назарий, сўнгра амалий

Мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган ҳар қандай инновацион янгилик шубҳасиз ўз самарасини беради. Ҳарбий қисмнинг янги барпо этилган ўқув биносига кирган киши ўзини бошқа оламга тушиб қолгандай ҳис қилади. Бу ерда ҳарбий хизматчилар учун турли йўналишлар бўйича бошланғич билим берувчи тренажёр хоналари жойлашган. Зирхли транспортёр, кўчма ракета тренажёр синфи, пиёдалар жанговар машиналари, артиллерия тайёргарлиги, панорамали компьютердан отиш, алоқа тайёргарлиги каби тренажёр синфлари реал шароитларга тўла мослаштирилган. Ривожланган мамлакатлар армияларининг аксарияти ушбу дастурлар орқали машғулотлар ўтказади.

– Ўқув тренажёр хоналари эндигина армия сафларига келган муддатли ҳарбий хизматчилар учун жуда зарур, – дейди ўқув-тренажёр бўлими бошлиғи кичик сержант Тимур САФАРОВ. – Бунда дала-ўқув майдонларига чиқмасдан, ҳеч қандай ўқ-дори сарфламасдан отиш сирларидан дастлабки кўникмаларни эгаллаш мумкин. Тренажёр залимиз энг сўнгги моделдаги дастурлар асосида ишлайди, бунда ҳарбий хизматчилар чўл, тоғ, ўрмонларда, ҳар бир фаслга мослаштирилган шароитларда машғулотлар олиб боришади.

Шу билан бирга, қурол билан танишув, ички қўрқувни енгиш, қулай позицияни эгаллаш, нишонга олиш, мўлжалга аниқ уриш кўникмалари ўргатилади. Бунда ўқ овози, қуролнинг отиш жараёнида силкиниши, турли портлашлар аслидек таассурот уйғотади. Ҳарбий хизматчи ушбу жараёнда ўзини эркин тута олса, барча қоидаларга амал қилса ҳақиқий дала шароитидаги отиш машғулотларида ўқ-дорини ортиқча исроф қилмайди, баланд товушлардан ўзини йўқотиб қўймайди. Ушбу амалиётлардан муваффақиятли ўтган ҳарбий хизматчиларимиз дала-ўқув машғулотларига йўл олади.

Руҳий енгиллик хонаси

Бу ҳам янгилик. Ушбу шинам хонанинг деворларига «3 D» форматдаги тасвирлар туширилган бўлиб, катта монитор орқали инсон психологиясига ижобий таъсир қилувчи манзаралар сокин куй орқали намойиш этилади. Ўзингизни денгиз ёки табиат қўйнида ҳис қила бошлайсиз. Бўртма тасвирлар кўз ўнгингизда ҳақиқий жониворлар қиёфасини намоён қилади.

Китоблар ва электрон кутубхона

Замонавий кутубхона – ҳарбий қисмнинг юраги десак тўғри бўлади. Аслида мутолаа жиддий жараён. Шунинг учун ўқув хоналарининг ҳарорати, шовқиндан холи экани алоҳида ҳисобга олинган. Ҳарбий қисм кутубхона мудираси Хушнида ТОҲИРОВА билан суҳбатлашганимизда, офицерлар ва муддатли ҳарбий хизматчилар билан китоб мутолааси самарали йўлга қўйилгани, ҳатто китобларни 10 кунга уйларига ҳам бериб юборилишини таъкидлади.

– Кутубхонамизда 4 мингга яқин китоб мавжуд бўлиб, шундан 3 мингга яқини бадиий асарлар, – дейди Хушнида опа. – Соҳага оид турли ўқув қўлланмалари, ҳуқуқий ва тарихий китоблар, даврий матбуот нашрлари ҳам ҳарбийларимиз эътиборида. Бу ерда ҳар куни, ҳатто якшанба куни ҳам китоб мутолаа қилиш мумкин.

Кутубхонамизда электрон китоблар базаси мавжуд бўлиб, зарур қўлланмаларни электрон тарзда олиш ва фойдаланиш амалиёти ҳам жорий қилинган.

Хонанинг бир бурчида мутолаа қилаётган оддий аскар Жавоҳир БАХТИЁРОВ китобсевар ўқувчилардан экан.

– Мен Тошкент вилояти Бекобод шаҳридан муддатли ҳарбий хизматга чақирилдим, – дейди у. – Очиғи, ҳарбий қисмдаги шароитларни кўриб кўзларимга ишонмадим. Ўқув хоналари, ётоқхона, ошхона, спорт майдончаларидаги шарт-шароитлар ўзига хос дизайн ва чиройга эга. Бу ерда маънавий-маърифий тайёргарликларга алоҳида эътибор қаратилади. Келганимга саноқли кунлар бўлишига қарамай, кутубхона энг севимли масканимга айланди. Қўлимдаги «Темур тузуклари»ни аввал тўлиқ ўқимаганимга афсусландим. Китоб ҳар қандай замон саркардаларига, аскарларига мос келувчи қимматли фикрларга жуда бой. Саид Аҳмад, Ўткир Ҳошимов ва бошқа ёзувчиларнинг асарлари билан ҳам шу ерда тўлароқ танишдим.

Мақсадим ҳарбий хизматни аъло даражада ўтаб, олий ўқув юртига ўқишга кириш ва ўз соҳамда катта натижаларга эришиш.

***

Айни тушлик вақти ошхонада қўли-қўлига тегмаётган ошпазлар фаолиятини ҳам бирров кузатдик. Салкам 20 йиллик тажрибага эга малакали ошпаз Фахриддин РАЗЗОҚОВ аскарларга эрта-кеч овқат тайёрлашдан мамнун. – Юрт ҳимоячиларига хизмат қилиш Ватанга хизмат қилишдир, – дейди Фахриддин ака ўз ишидан ғурурланиб.

Ошхонадан сал юқорида спорт зали бўлиб, у ерда волейбол, баскетбол, кураш ва бошқа спорт турлари билан шуғулланишади. Нарироқда эса кўркам поликлиника қад ростлаган.

– Бадантарбия билан машғул бўлинса, ҳеч қандай дори-дармонга зарурат қолмайди, деган эди Абу Али Ибн Сино, – дейди ҳарбий қисм тиббиёт пункти бошлиғи тиббий хизмат катта лейтенанти Мансур Йўлдошев. – Тиббиёт пунктимиз янгитдан қурилиб, замонавий ускуналар билан жиҳозланганига гувоҳ бўлиб турибсиз. 20 ўринга мўлжалланган хонада беморларга малакали шифокорлар томонидан тиббий ёрдам кўрсатилади. Жисмоний бақувват тана ҳар қандай касалликни енга олади. Биз буни бемор аскарларимизга кўп уқтирамиз. Бу ҳам аслида тузатишнинг бир йўлидир.

...Ҳарбий қисмда ҳар куни ҳаёт қайнайди. Ҳар бир аскар эрта тонгданоқ илк кўникмаларни пухта эгаллаш учун астойдил ҳаракат қилади. Тез кунларда улар юрт учун қасамёд қиладилар. Олдинда эса машаққатли ва мароқли хизмат жараёни. Тарихий обидаларга бой ва муқаддас бу ўлкада қанчадан қанча аллома, аҳли донишлар яшамаган дейсиз. Аслида шарт-шароитлар қандай бўлишидан қатъий назар ҳар кимнинг зиммасида Ватанга хизмат қилишдек буюк вазифа борлиги катта бахт. Ким билан суҳбат қурмайлик, уларнинг кўзларида ана шу бахт порлаб турганини ҳис қилдик.

Бобур ЭЛМУРОДОВ

Информеры