Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

АЙСБЕРГНИНГ МАХРАЖИДА...

(Портрет ва йўл очерки)

Сарвари олам суҳбатларнинг бирида саҳобаларидан жаннати одамни кўрсатайми, деб сўрайдилар. Саҳобалар унинг ким эканига қизиқадилар. Шунда охир замон пайғамбари (с.а.в.) ҳозир у инсоннинг эшикдан кириб келишини айтадилар. Кўп ўтмай, эшик очилади. Саҳобалар қарашсаки, ўзларининг сафдоши, ҳаммаслаги бўсағадан ҳатлаб ўтади. Ҳамма ҳайрон бўлади. Издиҳомдан сўнг, бу инсоннинг не каромат кўрсатганини-ю, унинг нега жаннати эканига боши қотган саҳобалардан бири унинг уйига меҳмонга боради. Уч кечаю, уч кундуз унинг хатти-ҳаракатларини кузатади, бирга ибодат, тановул ва суҳбатлар чоғида ҳам, ҳаммадан яққол ажралиб турувчи фазилатини кўрмайди... Сўнг Сарвари оламнинг ҳузурига бориб, бўлган воқеани сўзлаб, ҳаммаслагининг ўзгалардан заррача фарқли жиҳатини тополмаганини ва не сабабдан унинг жаннати эканлигини сўрайдилар. Шунда пайғамбаримиз (с.а.в): «У ҳасад қилишни билмайди, унинг нияти эзгу», – деб жавоб берган эканлар... Бу ҳадис неча асрки, дилнинг ёруғлигини, ниятнинг поклигини улуғлаб келади.

Спектаклнинг муваффақиятли чиқиши учун яхши-ёмон ролни ижро этган актёрлар – айсберг­нинг бешдан бир қисмини ташкил этувчи сурати! Томошабин олқишини олиш учун тўкиладиган пешона тернинг асосий қисми муз тоғ махражида – саҳна ортида кечади. Сценарий муаллифидан тортиб, пардозчию рассомлар, суфлёру дублёрлар, декарациячию чироқ устасигача ўнлаб инсонлар меҳнати биз, қулай ўрнашадиган ўриндиқдан қаралганда саҳнада умумлашиб, кўз ўнгимизда санъат асарини намоён этади...

Худди шундай Қуролли Кучларимиз тизимида хизмат бурчини ҳар қандай шахсий манфаатларидан устун қўйиб, юрак амри ила бажараётган ҳарбий хизматчиларнинг кўплиги – бугун миллий армиямизнинг жаҳон рейтингларида юқори поғоналарга кўтарилаётганини таъминламоқда.

Муддатли ҳарбий хизматдан сўнг шартнома бўйича ҳарбий хизмат орқали ҳарбийлик шаънидан ғурур туйган ўн тўққиз-йигирма яшар ўғлоннинг кўчадаги тенгқурлари етти ухлаб тушига кирмайдиган масъулиятли жанговар вазифани сабот билан бажараётганини, ёшликнинг барча жимжималари, ўйин-кулгиларини ўз идроки ва юрагидан отилиб чиққан мақсади йўлида четга суриб қўйганини кўриб, беихтиёр қалбингизни ватанпарварлик ҳисси чулғайди.

«Ватанпарвар» газетаси юртимизнинг қай ҳудудида бўлмасин, қасамёдига садоқат билан хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ҳақида «портрет очерк»ларини эълон қилиш орқали уларнинг ибратли хизмат йўлини эндигина ҳарбий хизматни бошлаган ўғлонларга кўзгу қилишда давом этади.

Марказий ҳарбий округга хизмат сафари чоғида бир неча кун мобайнида Жиззах шаҳридан Фориш тоғ дала-ўқув майдонига автоуловда қатнайдиган бўлдик. Қизиғи шундаки, автоуловни кичик сержант Толибжон Назаров бошқариб кетяпти!

Дастлабки кун

Вокзалдан шаҳарга бир қўна-сола Форишга жўнадик. Йўлни туман босган. Секин кетяпмиз. Йўл четида мактаб ўқувчилари қўл силкитди. Тўхтадик. Бошланғич таълимда ўқийдиган болачалар экан. Машинанинг орқа ўриндиғига ёпирилишди. Салом-алик бўлди.

Болалар чиққан жойдан мактабнинг ораси узоқ бўлмаса-да, ҳавонинг совуқлиги ва туман туфайли йўлни фаралар билан пайпаслаб юрдик. Шу вақт ичида Толиб ака митти йўловчиларни саволга тутар, кимнинг ўғли эканлигидан кундалигидаги баҳоларгача сўради. Ҳатто, карра жадвалидан ҳам айримларини сўрашни унутмади... болачалар 22-мактаб олдига тушишдан аввал кафтларида қатланган пулни узатишган бўлди. Толиб ака худди қаттиққўл ўқитувчилардай уларни ёлғондан койиди. Болачалар қиқирлашиб, пулларини чўнтагига солиб, эшикни ёпишди... Бу беғубор жараённи кузатиш нақадар завқли.

Полигонга етгач, Толиб ака бизни кечки пайт кутишини айтиб, ўз ишига шўнғиди. Унинг ёнилғи-мойлаш омбори бошлиғи лавозимида эканлигини ҳали билмас эдим. Кун бўйи тасвирга олдик. Муддатли ҳарбий хизматчилар ўртасида илк бор ўтказилаётган «Илғор мутахассис» кўрик-танлови жадал суръатда ўтарди... Кечки пайт айтган вақтида Толиб ака бизни автотураргоҳда кутаётган экан. Икки кўрган билиш, деганларидек, қайтишда гурунгларимиз ортиқча мулозамату сунъий масофаларсиз кечди.

Кичик сержант Толиб Назаров ҳарбий хизматда анча-мунча кителни йиртган, машаққатларда суяги қотган, соҳасининг билимдон кишиси экан. Асли Бухорои Шарифнинг Жондор туманидан бўлган бу инсон Тошкент ҳарбий округида оддий аскарлик давридаёқ ҳарбийликни давом эттириш истаги қалбида ниш урганини сўзларкан, манзилга қандай етганимизни сезмай қолдим.

Эртасига

Тонг. Шароф Рашидов ҳайкали кўриниб турадиган қўналға рўпарасида Толиб ака кўриниш берди. Яна йўлга тушдик. Яна туман. Яна секин кетяпмиз. Яна... суҳбат. Ҳайдовчи машинани бир зумга тўхтатди. Ўзи тарафдаги эшикни очиб, орқа шинанинг ҳаво босимини кўздан кечирди. Эшикни ёпиб, «Ҳаммаси жойида экан», – деди. Сўнг эсига тушган бир воқеани сўзлай кетди:

– У пайтлар Ангорда хизмат қилардим, ука. Ёз эди. Хизмат таътили пайтида Тошкентга оилавий кетаётган эдик. Китоб довонидан тушиб, Самарқандга ўтувдик. Қарасам, йўл четида бир машинанинг баллони ёрилган экан. Боши қотган ҳайдовчи ўтган-кетаётган машиналарни тўхтатолмай ҳалак эди. Уловимни секинлатдим. Ҳайдовчи мендан захира баллонимни сўради. Бердим. Пул узатди, олмадим. Қандай оламан, ахир ўзим ҳам йўлда юраман-ку?! Телефон рақам алмашдик. Боргач, ўз шинасини таъмирлатиб, меникини қайтариб беришини айтиб, баллон алмаштиришга киришди. Биз, оилавий – ўрта тезликда тоғу даштларни томоша қилиб, гоҳида тўхтаб, суратга тушиб, шу алфоз Тошкент вилоятининг Янгийўл туманига кирдик. Бир вақт ҳалиги одам қарама-қарши йўлдан фара билан ишора қилиб турибди-ку... Кейин билсам, у Термиз – Тошкент қатнайдиган учқур таксичилардан экан. «Собир Раҳимов»га одам тушириб, устахонага бориб, баллонини ямаб, яна йўловчи олиб изига қайтаётган экан... Қойил-е, дедим. Раҳмат айтиб, баллонимни қайтарди у. Яна пул чўзди. Қўлини қайтардим. Хурсанд бўлиб кетди... – Толиб ака завқ билан гапирар, гапирганда ҳам кўз олдингизда воқеани гавдалантирадиган мисоллар келтирарди. – Ишонсангиз, ука, шундан сўнг, мана йўлда кетяпмиз, беш километр ҳам юрганим йўқ, баллоним ёрилиб қолса, денг... Тавба! Захира баллонимни олгач, бу воқеанинг рўй бергани ҳеч эсимдан чиқмайди. Бунга кўп йил бўлди...

Воқеани эшитиб, ўшал доно изоҳни ичимда пичирлаб айтдим: «Яхшига камол!».

...Шаҳарга қайтяпмиз. Толиб ака билан азбаройи яқин суҳбатдош бўлганимиз ва кўп соҳада фикрларимиз бир ёқадан бош чиқараётгани учун бўлса керак, худди бир неча йиллик қадрдонлардек бўлиб қолдик. Унинг Сариосиёда қишда, ижара уйларида, шароитдан бошқа ҳамма нарса бўлган кезларини эртак эшитгандай тингладим:

– Ишонсангиз, ижара уйимда заҳарли ҳашаротлар урчиди. Шундай захга ўрнашадиган хили экан, не қилманг йўқотиб бўлмади. Хотиним, болаларимнинг уйқуси беҳаловат эди. Ўша пайтлари отамдан қолган «Жигули»ни ҳайдардим. Суткалик наряддан келганман, ярим кечаси қўшним эшигимни тақиллатиб, оғироёқ хотинини зудлик билан касалхонага элтиш кераклигини айтиб ёзғирар, мен ҳам отилиб турар, тизза бўйи қорда йўл очар, бир бало қилиб антифризи йўқ машинани ўт олдирар, шундай қилиб олис қишлоқдан туман марказига жўнардик. Наҳорда уйга қайтардим... Бу ҳол бир неча марта давом этди. Хизматимга йигирма йилдан ошди. Биласизми, Мудофаа вазирлиги томонидан имтиёзли кредит асосида Бухородан менга берилган уйнинг калитини ушлаб, кўзимдан ёш чиқиб кетган. Касбим туфайли мактабинигина эмас, синфдош дўстларини, болалигининг муқаррар завқу шавқини алмаштиришга мажбур фарзандларимнинг: «Дадажон, қачон бизнинг ҳам ўз уйимиз бўлади?» – деган саволига доим ҳазил аралаш жавоб қайтарардим. Жавобим ҳазил бўларди-ю, ичимни тирнаган ҳислар чин эди. Эҳ, укажон... инсон бари бир бардошли келаркан. Худога минг марта шукур. Давлатимизга, Президентимизга минг бора раҳмат! – Гурунг чоғида Толиб аканинг ёш аскарларнинг холис маслаҳатгўйи эканлигини билиш қийин эмас. Унинг куйинишларида заррача зўрма-зўракилик йўқ. Аксинча, акаларга хос хайрихоҳлик зуҳур. – Ҳозир эндигина шартнома бўйича ҳарбий хизматда қолган укаларга кўп таъкидлайман. Маошингни йиғ, йиғолмасанг, ота-онангга юбор! Даврабозлик, маишатбозликка пулингни харжлама! Ўз вақтида уйлан! Баъзиларига ҳеч гап уқмайди, катта фоизли кредитга машина олишга муккасидан кетган, кўпи қарзга ботиб, базўр қутулди. Ҳали ҳам ўзини ўнглолмай юрганлари қанча?

Ўша пайт менда шу инсон ҳақида ёзиш истаги пайдо бўлди. Қўналғага етдик...

Индинига

– Хизмат жойим Сариосиёдан Ангор туманига кўчди. Ангорда икки қаватли эски уйларда яшаймиз. Бутун шаҳарчада сув танқислиги. Елим идишларда бир неча чақирим наридан сув олиб келардим. Қўшниларимиз ҳам идишларини олиб, сув келтиришимни илтимос қилишарди. Шундай қилиб сувчи ҳам бўлганман. Баъзан, қўшнилар адашиб ўзимнинг идишларимни ҳам кўтариб кетишарди. Янгангиз койирди, – кулади Толиб ака. Мен эса Қаҳрамон шоир Абдулла Ориповнинг ушбу сатрларини ўқиб юбордим:

Дили пок инсонлар рашкдан йироқдир,

Биров ўсар, биров мудом тупроқдир,

Сувни келтирганлар ўзи чанқоқдир,

Боқиб бу савдога, ҳайрон ўтдик биз...

– Қойил, – деди танишганимга бир неча кун бўлса-да, аллақачон қадрдонга айланган Толиб ака. – Шундан сўнг қизи Умида Назарова ҳам шеърлар машқ қилишини, битикларини вилоят нашрлари негадир чоп этмаётганини айтиб қолди. Қизининг шеърини кўрсатди. Мана ўша шеър!

Жиззах мадҳи

Гулшандан-да, гўзалдир,

Бу ўлканинг жамоли.

Такрорланмас ҳеч ерда,

Жиззахимнинг шамоли.

 

Осмон билан тенглашар,

Бағридаги тоғлари.

Жаннатларни эслатар,

Жаннатмакон боғлари.

 

Тоғларидан баланддир,

Ўғлонларининг ори.

Етолмагай уларга,

Навоийнинг Фарҳоди!

 

Табиати сир-асрор,

Асло ечиб бўлмайди.

Ўзга эллар не даркор,

Ундан кечиб бўлмайди!

Шом оралади. Фориш полигонида қўйилган вазифаларни адо этдик. Кўрик-танлов зўр ўтди. Толиб ака бизни вокзалга кузатиб қўйди. Хайрлашгинг келмайдиган одаминг билан бир неча дақиқадан сўнг хайрлашишингни билиб турсанг, доим тушкун аҳволда қоларкансан. Толиб ака билан шундай бўлди. Лекин у каби инсонлар армиямизнинг ҳар бурчида учрайди... Аниқ биламан, Толиб ака айтилган жойга беш-ўн дақиқа олдинроқ келади. Йўлда шерикларига қизиқ воқеаларни сўзлаб беради. Митти йўловчиларни олишни ҳам унутмайди. Туманми, қор-ёмғирми барибир... бировга сув, бировга баллон улашади. Қўлидан келганча халқимиз хизматида бўлади...

Алибек ОМОНТУРДИЕВ

Информеры