2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ШИЖОАТ ВА МАРДЛИК САБОҒИ

«Шижоат ва мардлик сабоғи». Яна бир янги китоб дунё юзини кўрди. Қадим-қадимда ҳам саркардаларнинг жанговар ва руҳий тайёргарлиги, уларнинг қийин вазиятларда ҳам юксак маҳорат ва сабот  кўрсата олиши, бой таж­рибаси санъат даражасида ўрганилган. Бу анъана бугунги кунгача давом этаётир.

Қуролли Кучлар академиясида тақдимоти ўтказилган ушбу китоб Бухоро вилояти ҳарбий-маъмурий сектори раҳбарлигида тайёрланган бўлиб, жамланма офицерлар, курсантлар, аскарлар ҳамда кенг омма учун мўлжалланган. Унда дунё файласуф олимлари, давлат арбоблари,  буюк саркардалар ва мутафаккирлар, шунингдек, машҳур адибларнинг мардлик, дов­юраклик, ватанпарварлик, одоб-ахлоқ, таълим-тарбияга оид доно фикр-мулоҳазалари баён қилинган. Қўлланмадан ҳарбий таълим ва тарбия фаолиятида ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларида фойдаланиш мумкин. Ҳикматлар ўзбек ва рус тилларида берилган.

Тақдимот давомида сўзга чиққан Мудофаа вазирлиги тарбиявий ва мафкурафий ишлар бош бошқармаси бошлиғи полковник Акмал Ортиқов илм йўлида жонбозлик кўрсатган масъулларга миннатдорлик билдирди. Ўз ўрнида Бухоро давлат университети профессори, тарих фанлари доктори Шодмон Ҳайитов ҳамда ушбу университет доценти психология фанлари номзоди Улуғбек Жумаевга Мудофаа вазирининг фахрий ёрлиғини топширди.

Тузувчи ва нашрга тайёрловчи  Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг жанговар тайёргарлик бўйича ўринбосари полковник Жамшид Каримов эса қимматбаҳо совға ARTEL U3 русумли уяли алоқа воситаси билан тақдирланди.

Биз ушбу тўпламнинг яратилишига бош қўшганлардан бири, психология фанлари номзоди, доцент Улуғбек Жумаевнинг фикрлари билан қизиқдик.

– Аввало ушбу китоб табиий эҳтиёж, чуқур зарурат туфайли яралди, десак тўғри бўлади. Шу билан бирга Президентимизнинг 2018 йил 4 августдаги қарори ижроси ҳам бизни ушбу хайрли ишга ундади.

Асосий мақсадимиз қўшинларимизнинг жанговар шайлиги ва тайёргарлигини ошириш, кучли, билимли, ҳалол, ватанпарвар, мард ва жасур ҳарбий хизматчиларни тайёрлашга кўмак беришдан иборат. 

Китобни варақлар экансиз, бир-биридан теран фикрларга дуч келасиз. Темур бобомиз «Барча нарсани билиб билмасликка, кўриб кўрмасликка олиб иш юрит», десалар, қадимги Хитой файласуфи Лао-Цзи «Жангчининг мукаммаллиги – огоҳлиги, доимий жанговар шайлиги, қатъияти, самимийлиги ва ўта босиқлигидадир», дейди. Умар аз-Замахшарий «Ўткир қиличнинг бошга тушадиган зарбаси, баъзи нодонларнинг ҳукми остида итоатда бўлиб юришдан афзалдир, деб ёзса, Жорж Байрон «Ўз Ватанини севмайдиган киши ҳеч нимани сева олмайди», дея таъкидлайди.

Ушбу тўплам нафақат ўқувчи дунёқарашини теранлаштира олиши, балки жаҳон саркардалари ва ижодкорларининг руҳиятига олиб кириши билан ҳам қимматлидир.

Бобур ЭЛМУРОДОВ

 

Информеры