2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

АМИР ТЕМУР НОТИҚ БЎЛГАНМИ?

Жанг кўрган, тажрибали сардор улким, у урушнинг барча жумбоқларидан хабардор, қайси сипоҳ фавжини жангга ташлаб, қайси чигални қандай чора-тадбир билан тузатиш ва қай усулда жанг қилиш кераклигини билиши лозим.

«Темур тузуклари»дан

Нотиқ учун вазминлик ва тингловчиларга етиб борадиган овоз жуда муҳим. Амир Темур бобомизда нотиқ учун зарур бўлган барча сифатлар жамулжам эди. Ул зотнинг нотиқлигини исботловчи мисоллар Низомиддин Шомийнинг «Зафарнома» асарида кўплаб учрайди. Агар Амир Темур гапга уста бўлмаганда, нотиқлик санъатини эгалламаганда қандай қилиб халқни ўз ортидан эргаштирар, улкан давлатни бошқарар эди!

Шомий «Зафарнома»сининг Соҳибқирон ҳаёти билан боғлиқ бошқа асарлардан фарқли томони, унда Амир Темурнинг нотиқлик санъати яққол кўзга ташланади. Иккинчидан, бу асар Соҳибқирон ҳақидаги ёзма ёдгорликларнинг энг дастлабкиси бўлиб, Амир Темурнинг топшириғи билан ёзилган.

Муаллиф Мавлоно Низомиддин 1393 йил август ойида Амир Темур аскарлари Бағдод шаҳрини забт этганлиги ҳақидаги воқеаларни қаламга олар экан, унинг ўзи биринчи бўлиб шаҳардан чиққанлиги, ҳазрат Соҳибқирон билан учрашиб, суҳбатда бўлганлигини эслайди. Демак, у 1393 йили Бағдодда яшаган ва унинг Амир Темур билан биринчи учрашуви ана шу йили содир бўлган.

«Зафарнома» асарининг ёзилиши Шомийнинг ўзи берган маълумотларга кўра, 804 ҳижрий йили (милодий 1401 йил 11 августдан 1402 йил 10 август оралиғи) Амир Темур уни ҳузурига чорлаб, ўз юришлари битилган йирик бир асар ёзишга ундаган. Кўринадики, Соҳибқирон билан биринчи учрашув 1393 йилда содир бўлган эди, орадан саккиз йил ўтгач, Шомийга топшириқ бериляпти. Бу йиллар оралиғида ўткир зеҳнли Соҳибқирон Шомийнинг кимлигини англаб етган. Унинг зукко олим ва тарихнавислигини билган. Шу боис ҳам ўзи ҳақида йирик асар ёзишни Шомийга ишониб топширган. Бу учрашувда Соҳибқирон ўша даврга қадар мунший ва котиблари тарафидан ёзилган битиклар уни қониқтирмаганини айтади. Шомийга асар ёзиш ҳақида йўл-йўриқ ва маслаҳатлар беради. Асар авом халққа тушунарли, содда, равон тилда ва айни пайтда маърифатли кишилар эътиборига ҳам лойиқ тарзда ёзилиши лозимлигини уқтирган. Мавлоно Низомиддин асарни унинг кўнглидагидек услубда ёзишни ўз зиммасига олган.

Низомиддин Шомий ёзади: «Соҳибқирон ҳазрат менга: «Шу услубда ёзилган ташбеҳ ва муболағалар билан оро берилган китоб­ларда кўзланган мақсадлар ўртада йўқолиб кетади, агар сўз қоида-қонунидан насибадор бўлганлардан биронтаси маънисини фаҳмлаб қолса қолар, аммо қолган ўнтаси, балки юзтаси унинг мазмунини билишдан мақсадга етишдан ожиз. Шу сабабли унинг фойдаси барчага баробар бўлмайди», дегач, банда (Низомиддин) ер ўпиб, арз шарафига шундай етказдим: «Ҳарчанд сўз мартабалари кўп ва манзиллари саноқсиздир, аммо абадиятга пайванд ушбу давлат соясида бу фақирнинг сўз санъатида бақадри имкон қудрати ва унинг услублар борасида бу фан арбоблари наздида шуҳрати бордир. Олимлар мақбул сўз ҳақида шундай деганлар: «Яхши ва равон сўз улдирким, авом халқ унинг маънисини англагай, хос кишилар эса унга айб қўймагай».

Амир Соҳибқирон ҳазрат: «Мен ўшандоқ сўзни хоҳлайман», деди.

Амир Соҳибқироннинг амакиси Амир Ҳожи Барлос Хуросонга жўнашга қарор қилди. Соҳибқирон унга шундай деди: «Сиз Хуросон томонга боришга азм қилибсиз! Вилоят ва мамлакат ҳокимсиз ва бошлиқсиз қолиб, унга фитна-ю футур йўл топгай ва зарар етгай. Агар маслаҳат кўрсангиз, мен ўз вилоятимга бориб, бу жойдан подшоҳ хизматига юзланай, унинг амирлари ва вазирларини кўрай, токи вилоят ҳароб бўлмасин». Соҳибқироннинг бу сўзлари Ҳожи Барлосга таъсир этиб, маслаҳатга мувофиқлигини билди ва унинг гапларини тўғри деб топди.

Эътибор берилса, Амир Темур нутқида бирорта ортиқча сўз учрамайди. Улар барчаси ақл оловида тобланиб, пишиб, етилиб, нутқ орқали намоён бўлмоқда. Фикр аниқ, тушунарли, лўнда ва таъсирчан.

Амир Темурнинг халқпарвар, юртпарвар эканлигини унинг мана бу сўзлари ҳам тасдиқлайди. Мағлубиятга учраган Амир Ҳусайн Амир Соҳибқиронга: «Ўз хонадонинг ва элингни сувдан ўтказ!» – деб буюрди. Амир Соҳибқирон жавоб берди: «Эл-юрт, яқин кишилар сувдан кечиш мақсадида жўнаб кетдилар. Аммо мундин нима фойда? Ахир вилоят вайрон бўлди-ку, яшашу тирикчилик одамлар учун аччиқ келмоқда, шаҳарлар ҳаробага айланади. Маслаҳат шулки, сиз саломат жўнайберинг! Мен яна бир неча кун туриб, лашкар тўплайман ва бу душманлар билан яна бир бор жанг қиламан», деди. Унинг бу нутқидан ботирлик ва довюраклик балқиб турибди.

У зот Тифлис мавзеига борганида амирларини ва аркони давлатни йиғиб, шундай нутқ сўзлайди: «Мен шу замонда воқеъ бўлган ҳодиса-ю харобликлар, фитна-ю фасод боисидан вужудга келган ажойиб ҳолатлар ва ғаройиб ишларни кўрмоқдаман; қонун-қоидалар издан чиққан, подшоҳлик расм-русуми йўқолган. Албатта, қудратли подшоҳлар бўлмаганидан кейин мамлакат аҳволига ташвиш ва паришонлик йўл топиши таажжубланарли эмасдир. Аммо менинг таажжубим ўтмиш подшоҳлар ва собиқ маликаларнинг тутган сиёсати ва ҳокимияти устидадир. Уларнинг шунчалик улуғворлиги, комронлиги ва жаҳондорлиги бўла туриб… гуржий жамоалари қандай қилиб шу дамгача сақланиб, мамлакат ва салтанатни бошқарганлар».

Бундай нутқни тинглаган амиру уламолар аркони давлат Амир Соҳибқирон мақсаду муродини чуқур англаб, унга ишониши, эргашиши турган гап.

Амир Соҳибқироннинг мана бу нутқида хайрли ишларга даъваткорлик ётади: «Номдор подшоҳлар қудратининг фойдаси, адолатшиор маликлар ғамхўрлигининг манфаати, хайрли ишларни шойиъ қилиш ва яхшиликларни ёйишдир. Ҳозир биз ўтмиш подшоҳларидан қолган асарларни назорат қиляпмиз. Бироқ албатта, биздан ҳам бирор ёдгорлик қолиши лозимки, замон ўтиши билан бизнинг номимиз ўша ёдгорлик­ларда сақланиб қолсин. Ва унинг ажру савоби беандоза бўлсин».

Умуман, нотиқлик санъатини мукаммал эгаллаган Амир Темурнинг шахсий ҳаётида бадиий адабиёт қандай ўрин тутган, у шоирликка ҳам қизиққанми, бадиий адабиётдан завқланиш даражаси қандай бўлган? Бу саволларга мақбул жавобларни Алишер Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис» тазкирасидан излаймиз. Навоийнинг ёзишича, Соҳибқирон ҳаётида адабиёт жуда катта аҳамият касб этган. У гарчи  шеър ёзмаган бўлса-да, лекин мавжуд шеърий ва насрий асарлардан кўплаб ёд олган ва уларни ўз вақтида, ўз ўрнида шундай яхши ўқир эканки, бунга ҳамма қойил қолган. Навоий ёзади: «Мулук шажараларининг бўстони ва салотун гавҳарларининг уммони хоқони жаҳонгири Соҳибқирон, яъни Темур Кўрагон… – агарчи назм айтмоққа илтифот қилмайдурлар, аммо назм ва насрни андоғ хўб маҳал ва мавқеда ўқубдурларким, анингдек бир байт ўқуғони минг яхши байт айтқонча бор».

Норқул БЕКМИРЗАЕВ, Ўзбекистон Ёзувчилар ​уюшмаси аъзоси

Информеры