2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҒАФЛАТДА ҚОЛМАЙЛИК ДЕСАК…

Мен ҳамиша ҳаётда ва телеэкранда кўрганларимдан таъсирланиб ёзаман. Мавзу ва жанр танламайман. Хоҳ ижобий, хоҳ салбий бўлсин, инсон руҳиятидаги ҳолатлар менга илҳом бағишлайди.

Бугунги кунда телеэкранда жаҳондаги мудҳиш ҳаётнинг фожиаларини кўриш ва кузатиш учун инсонда қўшюрак ва қўшқалб бўлса ҳам камлик қилади. Зўравонларнинг бомбалари остида қолиб ўлаётган гўдакларни ёки очликдан мадори қуриб жон таслим қилаётган норасидаларни, болаларини етаклаб қаёққа қочишни билмай гангиб қолган оналар фарёдини, қийноқ ва оғриқ азобида чинқираётган қариялар ҳамда ногиронлар ноласини кўрганда ва эшитганда ҳар қандай тошюрак одам ҳам эс-ҳушини йўқотади. Шундай пайтда мактабда ўқийдиган бир неварам юракда оғриқ пайдо қиладиган саволлар бера бошлайди:

– Бобо, дунёда бойлар кўп, очларга шулар ёрдам берса бўлмайдими?

– Бобо, ёш болаларни бомбалаб ўлдираётганларни суд қилишса бўлмайдими?

Афсуски, бу саволларга жавоб беролмайман. Жавоб излаб бош қотираётганимда теле­экранда яна Яманда очликдан тарашадек қотиб қолган ёш болаларнинг жасадлари, Сурияда «гуманист» қотиллар билан «демократ» жаллодлар оч болаларга бир чўмичдан атала тарқатаётган манзаралар пайдо бўлади. Дунёда энг кўп очдан ўлаётганлар араб болалари, жаҳондаги энг кўп бойлар ҳам араблар.

Айтгандай, бир неча ўн миллионлаб араб халқини шу аҳволга солганларнинг энг яқин стратегик ҳамкорлари ҳам араб давлатлари. Бундай мураккаб ва сирли жумбоқни ёш бола тугул, ҳатто катта ёшли одамларга ҳам тушунтира олмайсиз. Аслида битта миллат ва битта дин вакиллари орасида кенг тарқалган фитна санъати бошқаларнинг манфаатига хизмат қиладиган ярамас иллатдир.

Албатта, биз туркий халқлар ягона мусулмон оламида араблар билан биргамиз. Шунинг учун бугунги кунда Яман, Фаластин, Ливия, Ироқ, Сурия каби давлатларда юзага келган аянчли аҳвол бизни ҳам ташвишлантиради. Бироқ очлик ва очарчиликни енгишда, уй-жойсиз қочоқларга меҳр-мурувват кўрсатишда, ташқи кучлар тазйиқини енгишда, мунофиқлик ва оғмачиликка барҳам беришга Аллоҳдан Қуръон тушган ва Муҳаммад Унинг пайғамбари этиб танланган миллат сифатида араблар жаҳонда ўз номларига муносиб бўлишлари учун қатъият, уюшқоқлик, бирлик ва аҳиллик кўрсатишлари зарур. Зиммасига шундай масъулият юкланган миллат вакиллари жаҳон сиёсат оламидаги «ўйин»ларда иштирок этмасликлари керак.

Хабарингиз бор, шу йил март ойида салкам беш миллион аҳоли яшайдиган Янги Зеландия давлатида қуролланган бир террорчи жума намози пайтида масжидга кириб, 50 кишини отиб ташлади. Албатта, бошқа мусулмонлар қатори мен ҳам бунинг оқибатини нафратланиб кузатар эканман, тўғриси, мамлакат Бош вазирининг қайғули хатти-ҳаракатларини кўриб, қалбимда унга нисбатан самимият пайдо бўлди. У аёл боши билан деярли бир ҳафта мобайнида мусулмонларнинг мотам маросимларида қатнашди. Ҳар сафар бошига мусибат тушган эркак ва аёлни бағрига босиб, сел-сел бўлиб йиғлар, Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадисларини эслатиб, мусулмонларнинг кўнглига таскин берарди. Протестант аёл бир ҳафта бошидан рўмолни ташламади. Ана шу кунларда 230 нафар бошқа диндаги одамлар исломни қабул қилишди. Бош вазирнинг ўзи Европада дайдиб юрган қочоқларга мурожаат қилиб, уларни Янги Зеландияга келишга даъват этди. Энг ҳайратланарлиси шундаки, бу протестант аёл Бош вазир бўла туриб, бир ҳафтадан кейин мусулмон аёллар ва эркаклар билан бирга жума намозида қатнашиб, пайғамбаримизнинг ҳадисларини араб тилида ўқиб берди ва бошини саждага қўйиб, сўнг дуога қўл очиб, ислом динини улуғлади ва Аллоҳдан нажот тилади.

Энг муҳими, бу мўъжизавий манзарани уч кун, яъни жума, шанба ва якшанба кунлари «Евроньюс» телеканали қайта-қайта такрорлаб кўрсатиб, мусулмонларнинг ишончи ва ҳурматига сазовор бўлди. «Евроньюс» телеканали бу билан ўзининг холислигини яна бир бор исботлади. Кабель тармоғига уланган ва биз ҳар куни кўрадиган бошқа хорижий телеканаллар эса ўша кунлари бошқа бир ҳолатга урғу беришди. Яъни улар Сребреницада мусулмонларнинг бир неча юз мингдан ортиқ гўдагини отиб ўлдиришга буйруқ берган серб­ларнинг собиқ раҳбари Караджич қайта халқаро судга тортилиб, олдинги 40 йиллик қамоқ жазоси умрбод қамоқ жазосига алмаштирилганини қоралашга зўр беришди. Бир неча телеканал Караджич ва унинг қотил генералларини ҳимоя қилиб, дод-вой солди. Бирон марта ҳам отилган гўдак болалар тилга олинмади. Менимча, бу телеканаллардаги буюртма бўйича ишлайдиган айрим журналистлар ва уларнинг ҳомийлари «Евроньюс» телеканали кўрсатган Янги Зеландия Бош вазирининг инсонпарварлик хатти-ҳаракатларидан «кома»га тушган бўлишлари керак. Ана шундай пайтда дўст билан душманни фарқламасак ғафлатда қоламиз.

Аслида халқаро ҳаётда ғафлатда қоладиган ҳолатлар кўп. Бир замонлар давлатлар ва халқларнинг тақдирини подшолар, қироллар, султонлар, амирлар, хонлар ҳал қиларди. Бугун эса дунёни ўзларини демократлар ва гуманистлар деб атайдиган зўравонлар бошқаряпти. Ҳозирги зўравон бир давлат раҳбарини қулатмоқчи бўлса, олдингидай халқ нима дер экан, деб ўйлаб ўтирмайди, балки шартта бировни президент ёки бош вазир деб эълон қилиб қўя қолади. Бугунги дунёнинг устуни олдингидай бировнинг хазинасига эгаликдан ҳазар қилмайди, шартта Эшматнинг банкдаги пулини Тошматнинг номига ўтказиб қўя қолади. Замонавий гуманистларнинг олдинги хайр-эҳсон қилувчилардан фарқи шундаки, бугунги «инсонпарварлар» ўзлари учун душман деб ҳисоблайдиган миллат ёки дин вакилларининг эркакларини ўлдириб, уларнинг аёлларига бир халтадан ун ва болаларига бир ҳовучдан конфет тарқатишади.

Юқоридаги манзаралар, эҳтимол, мен кузатганларнинг юздан ёки мингдан биридир. Лекин шу нарса аниқки, жуда кўплаб давлатлар ҳамда халқлар демократия ва гуманизмни ниқоб қилиб олганларнинг бу ҳийлаларидан ғафлатда қолиб ва алданиб, кутилмаган мушкулотлар гирдобига тушиб қолмоқдалар.

Кейинги пайтда Ўзбекистон телеканалларидаги Туркия сериаллари эътиборимни торта бошлади. Профессионаллик, табиийлик, ҳаёт ҳақиқати, эзгулик билан ёвузлик ўртасидаги кураш, фитнанинг мағлубияти ва эзгуликнинг ғалабаси уларнинг аксарида шундайлигича акс этиб турибди. Биз бўлса, театр ва кино санъатида қайнона-келин машмашасидан ортмаяпмиз.

Туркия сериалларида эса ҳаётнинг ҳамма жабҳаларидаги, шу жумладан, оиладаги, ёшлар турмушидаги, иш жойларидаги, раҳбарлар ўртасидаги, ҳуқуқ-тартибот идораларидаги барча фитналар, қонунбузарликлар, жамиятга ва инсон деган номга ёт бўлган ярамас иллатлар фош этилади ва охир-оқибат эзгу ишлар ғалаба қилади.

Аслида биз турклар билан битта миллатмиз. Нафақат тилимиз ва динимиз, балки урф-одатларимиз, турмуш тарзимиз ҳам бир. Улар ҳаётидаги фитна қўзғаш, сотқинлик, оғмачилик, маддоҳлик, мунофиқлик, дўстга хиёнат, туҳмат, ноҳақликка қарши кураш, тўғриликдан қайтмаслик, қийналганга меҳр-мурувват кўрсатиш каби ҳолатлар бизда ҳам бор. Хўш, нега биз, 34 миллионли халқ буларни Туркияга ўхшаб телеэкранда, кинода ва театрда кўрсата олмаймиз. Тўғриси, бу борада ҳам биз ғафлатда қолганга ўхшаймиз.

Яқинда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан «ЗўрТВ» каналида уюштирилган учрашувда иштирок этиб, агар журналистикада, хусусан, босма нашрларда, телевидение ҳамда кинода муҳаррирлар, режиссёрлар, бошқа ижодий ходимлар ўртасида профессионаллик таъминланмаса ва тажриба-ю маҳоратга таянилмаса, ижодда ҳеч нарсага эришиб бўлмайди, дедим.

Бундай аҳволда биз сохта демократлар билан турли шовинистик ва миллатчи кучларнинг ҳийла-найрангларига маҳлиё бўлиб, уларнинг ёлғонларига ишониб, юз миллионлаб мусулмон биродарларнинг жабр-ситамларига лоқайд муносабатда бўлиб, тобора кучайиб бораётган тўфон тўлқини бизни четлаб ўтишига ишониб, ғафлатда яшайверамиз.

Иброҳим НОРМАТОВ, сиёсий шарҳловчи

 

Информеры