2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАСАН, ҲУСАН ВА ЗАҲРО

ДАВРАДА БЎЛДИ ТАНҲО

2006 йилнинг охирлари. Қарши гарнизонига қилган ижодий сафар чоғида ҳарбий учувчи, капитан (айни дамда подполковник) Аъзамжон Имомов оиласида бўлиб, мақола тайёрладим. Беш йил фарзанд кўришга интиқ бўлган икки ёш уч эгизак – икки ўғил ва бир қизнинг ота-онаси бўлишганди. Эндигина эмаклай бошлаган, бир-биридан ширин болажонларнинг онаси дилбар ва ширинсўз Ферузахон билан бўлган суҳбат, она бўлишидаги синовли онлар, эр-хотин ўртасидаги меҳру муҳаббат, эгизакларнинг дунёга келиши билан боғлиқ ҳаяжонли воқеалар мақоладан ўрин топди. Кейинчалик эса қизиқарли ҳикоя тарзида мухлисларга тақдим этилди. Йиллар ўтди, Қаршида яна кўп бора ижодий сафарда бўлдим. Аммо бу оиладагилар билан қайта кўриша олмадим.

Янги йил арафасида ёнимга бир даста шеър билан Феруза исмли хушрўйгина жувон келди. Мақсади шеърларини кўрсатиб, маслаҳат олиш экан. Кўзимга иссиқ кўринди, бироқ эслай олмадим. Табиийки, у ҳам мени танимади. Суҳбат орасида:

– Менинг Ҳасан, Ҳусан, Заҳро исмли эгизак фарзандларим қўшиқ куйлашга жуда қизиқишади. Турли тадбирларда қўшиқлари билан қатнашиб туришади. Мана бу шеъримга ўзим куй басталадим. Болаларим уни танловда ижро этишмоқчи, – деди.

– Болалар ўртасида ўтказиладиган қўшиқ танловидами? – қизиқдим мен.

– Йў-ўқ, ҳарбий хизматчилар ўртасида…

Маълум бўлишича, ўсмир ёшга қадам қўйган йигитчалар Ҳасан ва Ҳусан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган «Мардлар қўриқлайди Ватанни!» қўшиқлар танловида иштирок этмоқчи экан. Тўғрироғи, бу танловда фақат катталар ўз санъатини намойиш этганига гувоҳ бўлганман. Ҳарбий хизматчи фарзандларининг иштирок этиши қанчалар ёқимли, натижаси қандай бўларкин? Жуда қизиқдим.

Катта даврадаги катталар эътирофи

Ўғил-қизлар камолида оила катталарининг, айниқса онанинг ўрни беқиёс. Зийрак она боласи юзага чиқармаган тақдирда ҳам фарзандининг дилида кечаётган орзу-армонларини ўқий олади, ҳатто яширин қобилиятини-да англай билади. Унга ҳамнафас, ҳамфикр бўлишга ҳаракат қилади, орзу рўёби сари интилишида руҳан таянч бўлади.

Шеърият ва санъатга бўлган Ферузахондаги қизиқиш болаларида жуда эрта бўй кўрсатди. Болакайлар боғча давридаёқ оналарининг ёрдами билан шеърларни ифодали ўқий бошлади. Мактаб даврига келиб қўшиқ куйлаш, мусиқа асбобларини чалишни ўрганишди. Турли тадбирлар ва танловларнинг фаол иштирокчиларига айланишди.

Шу билан бирга, физика-математикага ихтисослашган мактабда таҳсил олаётган Ҳасан, Ҳусан ва Заҳро аниқ фанлардан аълочи бўлиб, фан олимпиадаларига ҳам қатнашади.

Мана, улар иштирок этиши лозим бўлган «Мардлар қўриқлайди Ватанни!» қўшиқлар танловининг республика босқичи. Катталар қаторида ака-укалар ҳам саҳнага чиқишди. Бу танловда ўсмир ёшидаги болаларнинг биринчи бор иштирок этиши. Ҳаяжонли ва унутилмас дамлар. Тиниқ, жарангдор овозлар, юракларни титратувчи Ватан мадҳи… Зални гулдурос қарсаклар эгаллади. Уларнинг ижроси қўшиқ ихлосмандлари томонидан олқишлар ила қарши олинди.

Танлов якунида Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Давлат мукофоти совриндори, профессор Рустам Абдуллаев ака-укалар ижросига алоҳида тўхталиб, юқори баҳо берди. Бир сўз билан айтганда, ушбу танловнинг «Лирик қўшиқлар» йўналишида Ҳусаинов Ҳасан ва Ҳусан Аъзам ўғиллари 1-ўринни эгаллади.

Бу эътироф матбуотда, телерадио компаниясининг бир қатор каналларида ҳам талқин этилди. Улар суҳбатлар ва қўшиқлари билан эътиборда бўлди. Янги овозлар кенг оммага тақдим этилди.

Эгизакларнинг феъл-атвори турлича, аммо…

– Ота-онага фарзандининг эришган кичик бир муваффақияти ҳам улкан шодлик олиб келади, – болалари ҳақида тўлқинланиб гапиради Ферузахон. – Уларнинг туғилиши, катта бўлиши осон кечмаган. Бир хил меҳр, бир хил тарбия бердик. Бироқ учаласининг ҳам феъл-атвор ва қизиқишлари турлича.

Масалан, Ҳасан физика-математика, яъни аниқ фанларга қизиқади. Спортга меҳри баланд, футбол, бокс мусобақаларида иштирок этади. Инглиз, рус тилини яхши билади. Фикри теран, хотираси ўткир. Доимо ҳар ишда биринчи, ғолиб бўлишни истайди, ҳаракат қилади. Шунга яраша инжиқлиги ҳам бор. Ҳамма фанлардан аълочи. Бир ишга жазм этдими, албатта бажаради. Масъулиятни чуқур ҳис қилади. Уй ишларида ҳам қанча вазифа юкламайлик, барчасини бажаради. Феъли дадасига жуда ўхшайди. Мақсади – келажакда отаси каби учувчи бўлиш.

Ҳусан бобосига, яъни менинг дадамга ҳар томонлама ўхшаш. Чеҳраси ҳам, феъли ҳам. Босиқ, ҳаммага меҳрибон. Бир оз тортинчоқлиги бор. У техникага, авиацияга, табиатга қизиқади. Ишонасизми, беш ёшлигида «Туғилган кунингда нима совға қилайлик?» десак, «Менга кў-ўп темирлар совға қилинглар, ундан машина ясайман», деб ясайдиган машинасининг расмини ички қисмларига қадар чизиб берган. Шу ёшида легодан ясаган ҳарбий самолётини кўриб, ҳайратда қолганмиз. Самолёт ичидан танклар, парашют, ҳатто қуроллар ҳам жой олганди. Фанлардан эса гео­графия, ботаника, зоологияга, яъни табиат, ҳайвонотга қизиқади. Дарахтлар, гуллар экишни, парваришлашни ёқтиради.

Заҳро эса мусиқа, шеърият, расм чизишга қизиқади. Ҳар ишни дилдан бажаради. Ўта зийрак ва ҳушёр. Табиатнинг ҳар бир ҳодисаси унинг учун қизиқ. Буни чизган расмларидан ҳам кўрсангиз бўлади. Ўқиши яхши, аълочилар сафида. Тадбирларда, давраларда ўзини йўқотиб қўймайди.

Учаласи ҳам турлича феъл-атворга эга. Аммо барчасини бирлаштириб турган сеҳрли куч борки, бу – шеъриятга, санъатга, қўшиққа бўлган қизиқишлари. Шу сабаб ҳам учаласи бирлашиб, саҳнада бир қатор муваффақиятларга эришди. Улар ҳақидаги мақтовлар, табрик ва эътирофлар бизни руҳлантириб юборди. Оиламизга қувонч, менга, дадасига раҳматлар олиб келди.

Албатта, фарзандларнинг қизиқиши оилада шаклланиб боради. Оиламизда ўзбек шоирларининг шеърларини ифодали ўқиб туриш одат тусига кирган. Болаларим учун бунга алоҳида вақт ажратамиз. Уларнинг қизиқишини ҳурмат қиламиз, интилишига таянч бўламиз.

Оиладаги армия тартиби

Ҳарбий соҳанинг барча йўналиши ўзига хос заҳматли ва масъулиятли. Бироқ мен учун ҳарбий учувчилик – Ватан тинчлигини кўкда туриб ҳимоя қилиш бир қадар залворли туюлади. Ҳарбий учувчиларнинг дунёқараши, феъл-атвори, муомаласи ҳам шунга хос бўлса керак. Бригада командири подполковник Аъзамжон Имомовнинг оиладаги, фарзандлар тарбиясидаги ўрни қандай? Бунинг жавобини билиш учун яна Ферузахонга мурожаат қилдик.

– Фарзанд тарбиясида, айниқса ўғил болалар ҳаётида отанинг ўрни беқиёс. Улар ота ўгитига доимо эҳтиёж сезишади. Аммо хизматга эрта кетиб, кеч қайтадиган ҳарбий хизматчиларнинг ўғил-қизлари билан шуғулланишга алоҳида вақт ажратишлари қийин. Бу борада Аъзамжон қандай йўл тутади?

– Турмуш ўртоғим фарзанд тарбиясига ҳам эътиборли. Оиламизда армия тартиби бор, десам, хато қилмайман. Чунки болаларимиз учун белгиланган кун тартиби музлаткич эшигида доимий равишда осилган туради. Унда эрталаб белгиланган вақтда туриш, спорт билан шуғулланиш, мактабга ўз вақтида бориш, овқатланиш, дарс қилиш, вақтида ухлаш каби бир қатор кунлик режа белгилаб қўйилган.

Шунингдек, дастурхон атрофида имкон қадар болаларимиз билан бирга ўтиришга ҳаракат қиламиз. Қайнонам таъкидлаб турганларидек, болалар билан дастурхон устида қилинган суҳбат, насиҳатнинг ўрни катта. Бундай суҳбатларда бир-бирларига ва яқинларга меҳрли бўлиш, ҳурмат қилиш талаб этилади.

Болаларимиз рус тилига ихтисослашган мактабларда таҳсил олаётгани учун оилада ўзбек тилига катта аҳамият берилади. Соф ўзбек тилида гапириш, бошқа тилларни аралаштирмаслик уқтирилади ва талаб қилинади. Телевидение ва радиода фақат ўзбек тилидаги болаларга мос кўрсатув ва эшиттиришларни кўриб, тинглашларига рухсат берамиз.

Шунингдек, Аъзам ака болаларнинг тарбияси ва хулқига, спорт билан шуғулланишига жуда эътиборли. Тўғрироғи, аскарларга қўйилган талаб билан бир хил. Ҳатто Заҳрони қиз бола бўлса-да, ортиқча эркалатмайди. Оиламизнинг шиори ҳам шунга мос: «Ўзбекистонимизнинг буюк келажагига муносиб ворисларни тарбиялаш». Бу кимларгадир баландпарвоз туюлар, лекин биз учун олдимизга қўйилган мақсад, ота-оналик мажбурияти.

Зулфия ЮНУСОВА

 

Информеры