Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

ЖАСОРАТНИНГ УМРИ БОҚИЙ

Каттақўрғонлик Суннат Насриддинов 34-танкчилар дивизиясининг ҳаво ҳужумидан ҳимоя қилувчи алоҳида зенитли полк таркибида хизмат қилиб, Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабага ўз ҳиссасини қўшган. Ҳамюртимиз командирлик қилган тўп стволига туширилган юлдузчалар расми сони 17 та. Унинг кўксига «Қизил юлдуз» ордени, икки бор «Жасорати учун» медали тақилган.

…1945 йил 30 апрель соат 2:00 да Берлин томонга юриш бошланиб, ҳарбий қисм жангчилари қатори Суннат Насриддинов бошлиқ зенитчилар ҳам Берлинга кириб боришди. Май ойининг аввалида қўшинларнинг шиддатли ҳужумлари натижасида Берлин ишғол қилинди. А. Васовский раҳбарлик қилган зенит полки ҳамда 34-гвардиячи танк дивизияси жангчиларига Чехословакияга бориш топшириғи берилди. Улар йўлда катта кўприкка дуч келдилар. Бироқ кўприкни душман жон-жаҳди билан қўриқлаб турган эди. Шунда зенитчилар душманнинг ортидан ҳужум қилиб, кўприкни эгаллашга қарор қилдилар. Ушбу жангда матонат, мардлик ва жасорат кўрсатган Суннат Насриддинов «Қизил юлдуз» ордени билан тақдирланди.

Иккинчи жаҳон урушидан ғолиб бўлиб қайтган ватандошимиз Каттақўрғон сув омбори қурилишида фаолият кўрсатди. Объект фойдаланишга топширилгач, шаҳар савдоси директорининг кадрлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлади. Асосий ишидан ташқари жамоатчи мухбир сифатида маҳаллий босма нашрларда шеър, лавҳа, мақолалари билан қатнашди. Фаол ҳаёт тарзига ўрганган отахон нафақага чиқса-да, тиним билгани йўқ. Ҳар йили 1500 тагача пайванди ўрик, шафтоли, гилос, бодом ва шотут ниҳоллари, турли анвойи гуллар етиштирди. У кишининг вафотларидан кейин кўчат етиштиришдек эзгу ишларини фарзандлари давом эттирмоқда.

Суннат ота Насриддиновнинг порлоқ хотираси қалбларимизда абадул-абад сақланади.

Ғайрат ШУКУРОВ, фахрий журналист

 

Информеры