2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЎЗБЕКНИНГ БОТИР ЎҒЛОНИ

Хотира ва Қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 74 йиллиги муносабати билан «Бизнинг Қаҳрамонлар» рукнида фашизмни Ер юзидан супуриб ташлашда чексиз мардлик, матонат намуналарини кўрсатиб, Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган боболаримиз ҳақида сўз юритамиз.

Ботир Бобоев 1914 йилнинг 15 майида Тошкент вилояти, Қўйлиқ қишлоғида туғилган. 1942 йилнинг августида фронтга отланади. 118-гвардиячи артиллериячи полкининг батарея командири. «Хотира» китобида шундай сатрлар битилган: «Ботир Ватан тақдири ҳал бўлаётган фронт чизиғига ошиқарди. Буни қарангки, айни долзарб кунларда уни артиллериячилар мактабига йўллашди. «Ҳали вақт бор, – деди суҳбатларнинг бирида кўпни кўрган сиёсий раҳбар, – душманни биргина нафрат ёки ғазаб билан йўқ қилиб бўлмайди. Ҳарбий маҳоратинг­ни оширишинг керак. Шунинг учун ҳам ўқишни хоҳламайман, деган фикрни хаёлингдан чиқариб ташла». Кейинчалик Ботир сиёсий раҳбарнинг оддий, аммо тўғри сўзларини миннатдорлик билан эслаб юрди. Айни кунда эса бутун диққат-эътиборини жанговар машқларни пухта эгаллашга қаратди».

Ниҳоят артиллериячилар тайёрлаш мактабини битириб, фронтга йўл олди. Ёш офицер Сталинград фронти участкаларидан бирида илк жангга кирди. Ушбу муҳорабанинг ўзидаёқ қанчалар моҳир, жасур тўпчи эканлигини, аждодларига хос мардлик, жасоратини кўрсатди. Сталинград, Орёл, Курскдаги жангларда фашистларга олов ёғдириб, улкан талафот ет­казди.

1945 йилнинг январи. Польша ҳудудида жанглар кетмоқда. Қақшатқич жанглар натижасида фашистлар ғарбга чекиняпти. Аммо душман ҳам анойи эмас. Ҳар бир қарич ер учун жон-жаҳди билан қаршилик кўрсатмоқда.

Унча катта бўлмаган Оборники шаҳри. Бу ерни фашистлар мустаҳкам истеҳкомга айлантирган. Гитлерчилар шаҳардан олисда ҳимоя жанглари олиб бораётган пайтда бу ердаги резерв қисмлар мудофаани мустаҳкамлашга, янги дот ва дзотлар қуришга, уларни ниқоблашга улгурган. Танклар ва ўзиюрар тўпларни жамлаган. Шу сабабли шаҳарни эгаллашнинг иложи бўлмаяпти.

Жангчиларимизга асосий кучлар етиб келишини кутиб туришдан бошқа йўл қолмади. Душман артиллериясидан ҳимояланиш учун хандақларда ниқобланиб ётишга мажбур бўлишди.

Фашистлар жангчиларимиз қўлга киритган позицияни ишғол қилиш учун ҳозирлик кўраётгани ҳақида разведка хабар берди.

Чеккароқдаги уйлар ортидан ўнга яқин танк ўрмалаб чиқди. Танклар ортидан эса душман пиёдалари автоматдан ўқ ёғдириб, ҳужумга ўтди.

Жангчиларимиз қулай позицияларни эгаллаган. Командирнинг буйруғини кутишмоқда. Ниҳоят «Ўт оч!» буйруғи янгради. Еру кўк ларзага келди. Олдинда келаётган танк ёна бошлади.

– Мўлжалга аниқ тегди, – деди севиниб Бобоевнинг ёнидаги аскар.

Командир мамнун жилмайди ва жангчиларга қарата қичқирди:

– Йигитлар, бирорта ҳам снаряд бекор кетмасин, танклар ёриб ўтмаслиги керак.

Жангда офицер Бобоев батареяси душманнинг 5 та танки, икки ўзиюрар тўпини яксон қилди. Фашистлар ёриб ўтишига йўл қўйилмади.

Мазкур жангда кўрсатган мислсиз қаҳрамонлиги учун катта лейтенант Ботир Бобоев 1945 йилнинг 31 майида Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони билан тақдирланади. Шунингдек, «Қизил юлдуз» ордени, II даражали Ватан уруши ордени ва медаллар билан мукофотланган.

Қаҳрамон ўзбек жангчиси ҳақида Адҳам Раҳмат шундай ёзади: «Ҳақиқий қирғин бошланиб кетди. Қирғоқни ишғол қилган тўпчиларимиз сафи сийраклаша бошлади. Ана, сержант Миронов юзтубан йиқилди. Сержант Сомовнинг тўпи ишдан чиқди. Наводкачи Арибовский йиқилганича қайта турмади. Фақат Бобоевгина омон қолган. У ўз жангчиларига «Сўнгги ўқ қолгунча отаверинг!» деб буйруқ берди. Тўсатдан унинг юзи қувончдан ёришиб кетди. Снаряд ва миналардан қайнаб ётган дарёда шарпалар, соялар катталашиб, яқинлаша бошлади. Бу ёрдамга келаётган қисмларимиз эди. Одернинг ғарбий қирғоғида плацдарм сақлаб қолинди. Энди Берлинга йўл очиқ».

И. ҚУРБОНОВ тайёрлади.

 

Информеры