2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЧЕМПИОНЛАР, ҒОЛИБЛАР – БОЛАЖОНЛАР ДАВРАСИДА

Мудофаа вазирлиги спорт клубининг нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб келаётган ҳарбий хизматчилар пойтахтимизнинг Яшнобод туманида жойлашган 30-меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳолидан хабар олиб, уларга китоблар жамланмаси, спорт анжомлари, ширинликлар ва ўйинчоқлар совға қилди.

– Учрашувимиз болажонларда катта таассурот қолдирганидан мамнун бўлдик, – дейди Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпиа ўйинлари рекордчиси лейтенант Руслан Нуриддинов. – Уларда китоб мутолаасига, спортга келгусида ҳарбий хизматчи бўлишга қизиқишни кўриб, икки ҳисса шодландик.

Болажонларнинг Ватан мадҳи, ота-она, дўстлик ва севги-садоқат ҳақида ўқиган шеърлари чемпионлар олқишига сазовор бўлди.

– Бу спортчиларни аввал телевизорда, байроғимизни юк­сакларда ҳилпиратган ғалабалари жараёнида ҳавас билан кўрганман, – дейди тарбияланувчи Хайрулла Маҳкамов. – Бугун бизни кўришга келиб, совғалар бергани, келажакда юртимиз корига ярайдиган инсон бўлиш учун нималарга эътибор қаратишимиз ҳақида берган маслаҳатлари, ҳеч қачон эсимиздан чиқмайди. Мен ҳам келгусида худди Руслан ака каби Ватан ҳимоячиси, ҳам спортчи бўлмоқчиман.

А. ОМОНТУРДИЕВ

 

Информеры