2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ҲАРБИЙЛАРНИНГ АЁЛЛАРИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАНМОҚДА

Сирдарё шаҳрида ҳарбий хизматчилар оила аъзоларини тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида «Тадбиркорлик давлат равнақи ва миллат бойлигининг асоси» шиори остида савдо ва меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Д. Ўролова, Республика Ҳарбий прокурори ёрдамчиси, адлия капитани Г. Турсуфнова, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича бош мутахассиси Д. Ҳусанова иштирок этган тадбирда 30 дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассаса ҳарбий хизматчиларининг оила аъзоларига мавжуд бўш иш ўринлари таклиф қилинди.

Президентимизнинг жорий йил 19 март кунги видеоселектор йиғилишидаги аёллар бандлигини таъминлаш, уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини оилавий ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича топшириқлари ижроси доирасида вилоятдаги аёл тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ва савдоси ҳам ўтказилди.

– Президентимиз вилоятимизга ташрифи давомида, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш хусусида алоҳида вазифалар юклаганди, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўролова. – Ана шу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, айнан бугун ҳам, тадбиркорликни бошламоқчи бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига хотин-қизлар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш фонди томонидан ажратилган кредит ҳисобидан «Халқ банки» туман филиалининг сертификатлари топширилди. 

Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида 10 нафарга яқин ҳарбийнинг оила аъзоларига ишга кириш учун йўлланма тақдим этилган бўлса, 25 нафардан ортиқ фуқарога меҳнат қонунчилигида белгиланган кафолат ва имтиёзлар юзасидан тушунча ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Абдужалол ҚАЮМОВ,​ Сирдарё

Информеры