2019/2020 ўқув йили шиори: «ЖАНГОВАР РУҲНИ МУСТАҲКАМЛАШ ҲАМДА ЖАНГОВАР ВА КАСБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИ ОШИРИШ – ҲАР БИР ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИНИНГ ВАЗИФАСИДИР!»

ЖАНГГОҲДА КЕЧГАН ЖАНГЛАР...

Жанг. Унинг фожиалари эсингга тушса, бехос сесканиб кетасан. Ўлимку муқаррар, аммо қурбонлар ортидаги минглаб инсонлар ҳаётининг барбод бўлиши... Энг даҳшатлиси шу эмасми?

Амир Темур ва амир Ҳусайннинг бирлашган қўшини мўғул хони Илёсхўжага қарши юриш қилар экан, бир ғаройиб ҳол юз беради. Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, Илёсхўжа ҳалол жангда ғолиб келолмаслигини пайқаб, бир ҳийла ишлатади: ядачи яда тоши ёрдамида кучли жала ёғдиради. Натижада жанг майдони лойланиб, Амир Темур ва амир Ҳусайн қўшини мушкул аҳволда қолади, кийим-кечак, қурол-яроғлар шу даражада намиқиб кетадики, отлиқнинг ҳам, пиёданинг ҳам қимирлашга мажоли етмайди. Буюк саркарданинг омадсиз юришларидан бири бўлган бу уруш тарихда «Лой жанги» номи билан машҳур.

Ёки 1242 йилдаги дунё нигоҳидаги муҳорабани эслайлик. Ўшанда Александр Невский бошчилигидаги қўшин душманга қарши қалин муз билан қопланган Чуд кўли устида жанг қилади ва ғалаба қозонади. Бу тарихга «Муз устидаги жанг» номи билан кирган.

Муддаойим аслида бу эмас. Юртимизда ҳам ўтмиш билан юзма-юз яшаб келаётган шундай жойлар борки, кўплар уларнинг тарихини эшитмаган чиқар. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида қадимий маҳалла ва гузарлар ҳамон яшаб келаётир.

Жанггоҳ маҳалласи ҳақида эшитганмисиз?

Жуғрофий ёндашсак, Шайхонтоҳур туманида жойлашган бу маҳалла Эскижува, Ғиштмасжид, Ҳадра, Чуқурқишлоқ маҳаллалари билан чегарадош.

«Жанггоҳ» икки ўзакли қўшма сўз бўлиб, «жанг» ва «гоҳ» сўзларидан ташкил топган. «Жанг – уруш», «гоҳ» – форсча «жой», «ер» маъносини билдиради.

Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида жанггоҳ сўзига шундай таъриф берилади:

жанггоҳ – жанг майдони. Бу маъно ўтмишда маъракагоҳ, дорулҳарб каби истилоҳлар билан ҳам ифодаланган. Бўлажак жангдан олдин ҳар бир саркарда жанггоҳни бевосита ўзи танлаган, кўздан кечирган. Жанггоҳнинг текис, кенг ва қўшин қисмларини жойлаштиришга қулай бўлиши талаб қилинган. Айниқса, жанггоҳнинг ичимлик сув манбаига яқин бўлиши ҳамда жанг пайтида қуёш нурининг аскарлар кўзига тушмаслиги мақсадга мувофиқ ҳисобланган. Жанггоҳ танлаш — товочи зиммасида бўлган...

Жанг майдонининг ноқулайлиги баъзан мағлубиятга ҳам сабаб бўлгани рост. Анқара жангида Соҳибқироннинг қулай жанггоҳни танлай олгани ва бу билан рақиби турк султони Боязидни ўзи учун ноқулай ерда жанг қилишга мажбур қилиши туркларнинг мағлубиятидаги асосий сабабларидан бири бўлган.

Энди ушбу маҳалланинг қисқача тарихига мурожаат этсак.

Тарих фанлари номзоди, доцент Хайрия Бўриева муаллифлигидаги «Тошкент шаҳрининг тарихий топонимияси» китобида ёзилишича, XVIII асрда Тошкентнинг тўрт даҳаси ўртасида («Чор ҳокимлик» даври) уруш-талаш бўлиб турган. Бу даврда шаҳар ҳокимининг ўзаро низолари кучайиб, шаҳар гоҳ у, гоҳ бу ҳоким қўлига ўтган. Кўпинча Себзор даҳаси билан Кўкча даҳаси одамлари қўшилиб, Шайхонтоҳур даҳасига қарши урушган. Баъзида Шайхонтоҳур даҳаси билан Бешоғоч даҳаси бирлашган. Шаҳар марказидан оқиб ўтадиган Лабзак сувининг бўйи уларнинг жанг майдонига айланган. Бу сўз тарихий маъно касб этиб, ҳар икки рақиб томон учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлган.

Хуллас, тўрт даҳа ўртасидаги даҳанаки жанглар шу ҳудудда содир бўлган. Бу ер қанчадан- қанча хон ва саркардаларнинг ғолиблигу мағлублик нашидасига гувоҳ бўлган.

Бобур ЭЛМУРОДОВ

 

Информеры