Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги Қарори билан муддатли ҳарбий хизматга чақирув муддати ўзгарди

«МЕН ОМАДЛИ АСКАР БЎЛГАНМАН!»

ҲАЁТ ЙЎЛИ

Театр ва кино актёри Ёдгор Сагдиев 1946 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У 1971 йилда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг «Театр ва кино актёри» факультетини тугатиб, шу йили Ҳамза номидаги академик драма театри (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри)да фаолиятини бошлайди. Отахон театрда актёр бирин-кетин турли образлар яратади. Карл Моор (Шиллер, «Қароқчилар»), Кочкарёв (Гоголь, «Уйланиш»), Ғафур (Ҳамза, «Бой ила хизматчи»), эртакчи («Қор маликаси»), Бадиуззамон (Уйғун ва И. Султон, «Алишер Навоий»), Бобур (П. Қодиров, «Юлдузли тунлар»), Маъмур (С. Аҳмад, «Келинлар қўзғолони») каби 60 дан ортиқ ролни ижро этди.

Шунингдек, бир қатор кинофильмлар, «Дилбарим»да Абдусалом, «Енгилмас»да Шайх Жаъфар, «Минархарлик Жўра овчи»да Тагай, «Армон»да Дада бўри, «Манжур варианти»да («Қозоқфильм») Майор Мицуми, «Ўн уч терак кўчаси»да Олимжон, «Қизил қумлар», «Гирдоб» ва «Ичкуёв» телевизион театридаги Йўлдош ва Ўринбой каби образларни ижро этиб, халқимизнинг меҳрини қозонди. «Шайтанат» видеофильми эса актёрнинг ижодида том маънода улкан муваффақият қозонди.

Ёдгор Сагдиев 1989 йилда Республика Давлат мукофотига, 1998 йилда «Ўзбекистон халқ артисти», 2016 йилда эса «Қорақалпоғистон халқ артисти» фахрий унвонига сазовор бўлди.

Ўзбек Миллий академик драма театри. Бу санъат кошонаси не-не улуғларга, санъат дарғаларига маскан, саҳнани ҳаётининг мазмуни ҳисоблаган инсонларга қисматдир. Ҳар гал спектакль олдидан қувонч ва ҳаяжондан ҳаприқиб, томошабинни ҳаёт манзараларига ошуфта этган актёрлар ҳам юрт ҳимоячилари янглиғ кўнгилларни муҳофаза этувчи, ёмонликлардан огоҳ қилувчи дилпосбонларидир, аслида. Биз бугун ана шундай улкан қалб соҳиби,  халқимизнинг севимли санъаткори, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Сагдиевнинг кўнгил кечинмаларига, ўз ҳақиқатларига қулоқ тутдик.

– Аввало, менга газетангизнинг номи ёқади, – дейди Ёдгор ака. – «Ватанпарвар», бу номнинг масъулияти, юки жуда катта. Ҳарбий хизматчиларни Ватанни севишга чорлаб турадиган яхши ном. Аслида нафақат ҳарбий хизматчилар, балки ҳар биримиз ватанпарвар бўлишимиз керак. Барчамиз юрт учун қайғурсак, халқимизни ўйласак, ҳаётимиз бундан-да гўзал бўлади. Бундай фидойиликни ҳозир муҳтарам Президентимиз ҳар бир қадамларида бизга кўрсатиб турибди. Туну кун эл учун, унинг фаровонлиги учун жон куйдираётган Юртбошимизга камарбаста бўлсак, дейман.

Мен Москвада ҳарбий хизматда бўлганман. У пайтлари ўзбек йигитларининг аксарияти қурилиш батальонларида хизмат қилишарди. Хизмат пайтим санъаткорлигимдан воқиф бўлганларидан кейин мени ҳарбий қисм клуби бошлиғи қилиб қўйишган. У ерда турли маданий тадбирларни уюштириб, мусофирликда юрган ўзбек аскарларнинг руҳини кўтаришга ҳаракат қилганман. У вақтда «Ялла» ансамбли энг машҳур, ўн бешта мамлакат бўйича гастроллардан бўшамас эди. Фаррух Зокиров дўстим бўлганлиги учун икки марта ҳарбий қисмимизга келган. Юртини, ота-онасини соғиниб юрган аскарлар учун бу катта совға бўлган эди. Мен омадли аскар бўлганман. Яъни яхши хизматим туфайли 9 ой хизматдан кейин жавоб беришган. Театрда ижро этадиган ролим бор эди, шошилинч ортга қайтганман. Мустақил Ўзбекистон армиясига, албатта, ҳавас билан қараймиз. Ўз юртида, ўз ҳудудини ҳимоя қилаётган йигитларга ҳозир ҳарбий қисмларда жуда яхши шароитлар яратилган. Ҳеч ким камситмайди, бир йилда ҳарбий соҳа бўйича етарлича билимга эга бўлиб қайтишади. Бизга у пайтларда ҳарбий билимлар берилмасди. Ёшлар бугунги куннинг қадрига етиши керак.

Саҳнада, кинода жуда кўп образлар яратдим. Биринчи театр саҳнасида Мақсуд Шайхзоданинг «Мирзо Улуғбек» асарида Фарангистон элчиси ролини ижро этган бўлсам, Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар»ида Бобур Мирзо образини яратиш насиб этди. Бу мен учун бахт эди, албатта. Бобурнинг ўрта ёш даврини, шу билан бирга ҳаётининг энг мураккаб палласини ижро этиш осон эмасди. Умри жангу жадаллар, сарсонгарчиликлар ичра кечган шоҳнинг орзу-армонларини, мақсад ва пушаймонларини очиб бериш катта куч талаб қиларди. Ҳозир ҳам халқимиз шу ролни яхши эслайди, демак, мен Бобур бўла олибман. Айни пайтда режиссёрларимиз томонидан тарихий асарлар суратга олинмоқда, саҳналаштирилмоқда. Таклифлар кўп, бироқ ролни танлашга жуда талабчанман, айниқса, тарихий сиймолар образини яратишда. Шу билан бирга, айни пайтда олинаётган тарихий ва ҳужжатли фильмларга ўта синчковлик, чуқур билим ва малака билан ёндашув тарафдориман.

Халқимиз билан учрашувларда бўламиз. Улар Асадбек образи ҳақида кўп саволлар беришади. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг «Шайтанат» асаридаги бош қаҳрамон Асадбек роли гарчи салбий образ бўлса-да, халқимиз уни ёмон кўрмайди. Чунки бу инсонда мардлик, ожизларни ўйлаш, уларга ғамхўрлик қилиш, эл-улусни қўллаш хислатлари бор. Қолаверса, машъум қатағон йилларида айбсиз қамалган отаси, ночорликдан вафот этган онаси ва укасининг алами ёш Асадбек қалбида мушт бўлиб тугилиб, замонга нисбатан ўч аҳд-паймонга айланади ва бу мушт то юрт мустақил бўлиб, ўз эркига эга бўлгунича ёзилмайди. Асадбек ёшларимизни жиноят кўчасининг охири нима билан тугашидан, дунёда разил кимсаларнинг тузоғи кўплигидан огоҳ этади. Худо хоҳласа, яқинда сериалнинг яна бир янги қисмини тайёрладик. Насиб этса, уни киносарой ва телеэкранларда намойиш этиш ниятимиз бор.

Президентимиз санъат ва маданият ходимлари билан  учрашувида биз, ижодкорлар олдига катта мақсад ва вазифаларни қўйди. Демак, ҳали қиладиган ишларимиз мўл. Ниятим «Қалқон» студиясини тиклаш. Миллатимиз тарихини кўрсатиб берадиган, ёшларимизнинг руҳини ўстирувчи киноасарлар яратиш орзусидаман.

«Ватанпарвар» газетаси ўқувчиларига, мамлакатимиз тинчлигини муҳофаза қилаётган ҳарбий хизматчиларга масъулиятли ишларида омад, соғлик, куч-қувват тилайман.

Суҳбатдош Наргиза АСАДОВА

 

Информеры